№23, 24.05.2012 ТЎЙХАТ ЎРНИДА
БИЗНИНГ РАЪНО ОПА
Бугун Хоразмнинг асл қизи, Андижоннинг ардоқли келини, серқирра ижодкор, ажойиб нотиқ, маҳоратли маънавият тарғиботчиси, маҳалланинг тиниб-тинчимас жонкуяри, дилкаш аёл Раънохон опа Жуманиёзова ўзининг қутлуғ ёшини нишонламоқда.
Биз опани ана шундай қутлуғ сана билан барча газетхонлар, мухлислари номидан қизғин муборакбод этамиз.
Раънохон Жуманиёзова нафақат вилоятимизга, балки республикамизга танилган ижодкор-журналистлардан. У кўп йиллардан буён ижод майдонида ўз овози, ўз қалами ва иқтидори билан фаолият кўрсатиб, эл назарига тушган.
Раънохон опа 1942 йил 20 майда Хоразм вилояти, Қўшкўприк туманида зиёли оилада таваллуд топган. Отаси Жуманиёз Ибрагимов ўқитувчи бўлиб, кўп йиллар тумандаги таянч мактабда директор вазифасида ишлаган. Онаси Ҳожарбиби Аҳмедова эса узоқ йиллар кутубхона мудири бўлиб меҳнат қилган.
Бизнинг Раънохон опа 1964 йили Хоразм давлат педагогика институтини тугатиб, меҳнат фаолиятини ўзи ўқиган 3-мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. Ёшларга ўзбек тили ва адабиёти фанидан, мусиқадан сабоқ берган.
Ёш ижодкорга мактабда ўқиган пайтларида таниқли ижодкор Эркин Самандар адабиётдан билим берган, устозлик қилган. Адабиёт тўгарагига қатнашиб, шеърлар машқ қилган. Ижодкорнинг илк шеъри "Онажонимга" деб номланиб, 1959 йили "Туркистон" (собиқ "Ёш ленинчи") газетасида чоп этилган.
1967 йили Андижоннинг Хўжаобод туманига келин бўлиб тушган. Раъно опа иш фаолиятини Булоқбоши қишлоғидаги 6-мактабда ўқитувчи сифатида давом эттирди. 1973 йилга қадар шу ерда меҳнат қилиб, ўзидаги ташкилотчилик, ишчанлик ва ижодкорлик қобилиятини намоён этгач, Хўжаобод туман партия қўмитасига ишга таклиф қилинган. Мазкур жойга ишга ўтгач, бўлим мудири, мафкура ишлари котибаси бўлиб, оила, хотин-қизлар масалалари ва матбуот иши билан шуғулланган.
Раънохон опа мана шундай масъулиятли вазифада ишлаган вақтларда ҳам ижоддан четлашмади. Шеърлар, хабарлар, янгиликлар ёзиб, эл-юртга танилиб, халқ ичига кириб борди. Опа нафақат раҳбар аёл, балки ижодкор сифатида эътироф этилди. Ўзининг серқирра ижоди билан туман, вилоят ва республика газеталари саҳифаларида фаол иштирок этди. Истеъдодли адиб Рустам Раҳмон назарига тушгач, унга "оқ йўл" берган.
Кейинчалик опа "Шонли меҳнат" газетасига муҳаррир этиб тайинланди ва кўп йиллар шу лавозимда фаолият кўрсатди. Шу давр мобайнида туман хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини ҳам бажарди. 1993 йил нафақага чиққан. Кейинчалик Булоқбоши туман хотин-қизлар қўмитасида мутахассис вазифасида ишлади.
Ҳамкасбимиз гарчи нафақага чиққан бўлса-да, ижод ва меҳнат қучоғида баҳоли қудрат қалам тебратиб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. У бугунги кунда Маънавият тарғибот маркази туман бўлими раҳбари, шунингдек, туман "Ижодкор аёл" уюшмаси, "Нуроний" жамғармаси қошидаги "Фахрий аёллар" билан ишлаш гуруҳи етакчиси сифатида ҳам фаолият юритмоқда.
Р.Жуманиёзованинг "Соғинч парвози", "Хоразм соғинчи", "Булоқбоши илҳомлари", "Онажоним қалбимдасиз", "Кўнгил баёни", "Армон", "Умр зарварақлари" номли шеърий тўпламлари чоп этилган. Опанинг ижод намуналарини мухлислар севиб ўқишмоқда. У Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзосидир.
Раънохон опа турмуш ўртоғи, шифокор-травматолог Мухторжон ака Сотволдиев билан ибратли оила қуриб, салкам ярим аср қўшқанот бўлиб умргузаронлик қилиб келмоқда. Бу ҳавас қилса арзигулик оилада беш нафар фарзанд улғайиб, уларнинг барчаси ҳаётда ўз ўрнини топиб, эл-юрт хизматидадирлар.
Тўнғич ўғли Улуғбек - санъаткор, Отабек - шифокор, Иродахон - ўқитувчи, Умидахон ва Наргизахонлар ҳам оталари изидан бориб, малакали шифокор бўлиб етишдилар. Раънохон опа етти нафар набиранинг севимли бувисидир. Биз бахти бекам Раънохон опага узоқ умр, улкан ижодий парвозлар тилаб қоламиз.
Раъно ҲАЙИТБОЕВА.
|