№23, 24.05.2012 ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ
ХАЙР МАКТАБИМ
Чалиняпти сўнгги қўнғироқ,
Қалбимда туяман ички бир титроқ.
Тўққиз йил улғайдим бағрингда,
Илм зиёсидан бўлиб баҳраманд.
Устозлар ўгити юракка жойлаб,
Кетяпмиз сендан йироқлаб.
Хайр мактаб, хайр синфдош,
Бундай айрилиққа бериб бўлмас дош.
Юксак орзулар-ла қанот қоқамиз,
Нурли келажакка умид-ла боқамиз.
Бугун афсуслар-ла энтикар кўнглим,
Хайр энди устоз, хайр мактабим!
Умидахон МАМАДАЛИЕВА,
Андижон уй-жой ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.
ВАТАН
О, гўзал ошёним - Ўзбекистоним,
Сенга фидо бўлсин тандаги жоним.
Асли сен эрурсан шуҳратим-шоним,
Баҳор айёмингни кутиб, севаман.
Тонг чоғи эсганда майин шаббода,
Қалбимда бир илиқ ҳисни сезаман.
Дарахтлар ҳам аста силкитар новда,
Шу кўклам-наҳорни кутиб, севаман.
Ўтсам, мажнунтолинг қилади таъзим,
Гўзал чорбоғларинг аста кезаман.
Беором тунинг-у, чароғон кунинг,
Ватаним, мен сени дилдан севаман.
Моҳидил АБДУЛЛАЕВА,
Булоқбоши туманидаги 21-умумтаълим
мактаби ўқувчиси.
ЎЗБЕК
Кексаси йўқ юзга тўлмаган,
Остона йўқ меҳмон келмаган.
Ўзбек эмас ошни билмаган,
Худди катта тўйхонасидек,
Қалби уммон, меҳмондўст ўзбек.
Кулиб туриб меҳмон кузатган,
Бир жуфт нонни "ризқ" деб узатган.
Нонуштасин қаймоқ безатган,
Тандирдаги иссиқ нонидек -
Меҳри қайнаб туради ўзбек.
Доим кетмон бўлган ҳамроҳи,
Гуллаб турсин абадий боғи.
Сўнмасин ҳеч меҳнат чироғи,
Феъли сахий ширин каломдек,
Танти деҳқон аслида ўзбек.
Инсонларнинг нурли иймони,
Қўлда тутиб турар самони.
Қадрлаб шу гулгун замонни,
Кўкси кўкка етган тоғлардек,
Умрбоқий яшнасин ўзбек.
Розия ТЎЛҚИНБОЙ қизи,
"Бобур издошлари" тўгараги аъзоси.
ХАЁЛИМДА БАХТНИ
ИЗЛАДИМ
Бахт ҳақида бўлдиму огоҳ,
Орзуларга кўмилдим ногоҳ.
Гоҳ ишондим, ишонмадим гоҳ,
Хаёлимда бахтни изладим.
Бахтсизлигим олармикин у,
Менга назар солармикин у.
Содиқ бўлиб қолармикин у,
Хаёлимда бахтни изладим.
Қай маконда яшар у асли,
Менга насиб қиларми васли.
Ё қуларми муҳаббат қасри,
Хаёлимда бахтни изладим.
Қайларда у бўлади пайдо,
Бахт барчани қиларми шайдо.
Ундан кутиб яшайман садо,
Хаёлимда бахтни изладим.
Фароғат АБДУРАИМОВА,
Марҳамат Агросаноат коллежи
3-босқич ўқувчиси.
БОЛАЛИГИМ
Олисларда қолди интизор,
Қум устига қурилган уйчам.
Атрофида ғингшиб беозор,
Жажжигина, оппоқ кучукчам.
Олисларда қолди интизор,
Уй тўрига безалган арчам.
Ҳатто ажиб эртаклари бор,
Онам совға қилган китобчам.
Олисларда қолди интизор,
Ниначи-ю капалак тутиш.
Ака-ука айрилмай зинҳор,
Юлдузларга термулиб ётиш.
Олисларда қолди интизор,
Болалигим чизган чизгилар.
Айрилиқни айлади шиор,
Мени чиндан суйган суйгилар.
Олисларда қолди интизор,
Осмонларни қучган орзулар.
Улғайганим таъкидлар такрор,
Пошшоликдан кечган туйғулар.
Жавлонбек ҚАҲҲОРОВ.
ФАРЗАНДИМ -
ДИЛБАНДИМ
Юрак-бағрим парчаси,
Ҳаётим гул баргчаси.
Аллоҳ ато этганим -
Фарзандим бу - дилбандим.
Сенга умр бахш этди,
Менга-чи, оналикни.
Ҳар аёлга тилайман,
Шундай бахтиёрликни.
Юртимиз - мустақил юрт,
Будир сенинг Ватанинг.
Аъло ўқиб, Ватанга
Садқа бўлсин жон-танинг.
Биз орзу қилган каби,
Фарзанд бўл, келажакда.
Интилсанг юрт ҳам сени,
Эъзозлагай, албатта.
Барчиной ЭШОНХЎЖАЕВА,
Андижон шаҳридаги 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.
СЕН КЕТГАЧ
Бу кун туни каби қоронғу кўнгил,
Булутлар қаърига сингиб кетгандай.
Олисда нур сочган юлдузлар жимдир,
Юрак азобидан тўйиб кетгандай.
Бугунги кунимдан орланиб юлдуз,
Учқунсиз кўнгилни этди-ку у тарк.
Кеча сен бор эдинг, яшнарди ҳануз,
Дунёдан умидин узиб бўлган барг.
Сен кетдинг, шамолинг ғувиллаб аста,
Ой, юлдуз, қуёшим учириб ўтди.
Келмасанг хаста бу юракка қайта,
Менинг кўнглим - билки оламдан ўтди.
Саида МАМАСИДДИҚОВА.
|