Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№23, 24.05.2012

ҲАЁ - ИМОНДАНДИР

Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири ҳаёдир. Ҳаё инсонни имон-эътиқоди, одоб-ахлоқининг қай даражада эканлигини кўрсатади.

Кимнингдир бемаъни ишлардан ўзини тортаётганини ёки бирор номақбул ишни қилиб қўйиб, хижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билингки, у - ҳаёли инсондир. Бунинг акси, яъни, қилаётган ишларига бепарво, яхши-ёмонлигига эътибор бермаган, тили билан беҳаё сўзларни гапириб, бировларга озор етказган кишидан яхшилик чиқмайди ва халқимиз ундай инсонининг ҳаёси йўқ, деб баҳо беради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) сиз-у биз умматларининг қалбида барча фазилатларни ўз ичига олган ҳаё сифатининг барқ уришини хоҳлардилар. Аввало, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзлари бу хулқ билан энг мукаммал даражада сифатланган эдилар. Бунга барча саҳобалар гувоҳлик берганлар.

Ислом дини мусулмонларни ҳаёли бўлишга буюради ҳамда мана шу улуғ хулқ Исломнинг ўзига хос аломати сифатида белгилаб қўйилган: "Албатта, ҳар бир диннинг (ўзига хос) хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса ҳаёдир", дедилар Пайғамбаримиз (с.а.в.). Маълумки, имон банда билан Аллоҳ ўртасидаги воситадир. Ушбу воситанинг натижаси ва меваси - нафс тарбияси, ахлоқнинг тўғриланиши ва амалларнинг яхшиланишидир. Нафсда ҳаё ўрнашсагина инсон хатолардан сақланади, беҳуда, бемаъни ишлардан кўзини юмади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, баъзи ота-оналар фарзандларининг юриш-туришига ва кийинишига бепарво бўлганликлари сабабидан ёшларимиз ҳар хил видеодиск ва кассеталарда, қўл телефонларида ёзилган беҳаё, бемаъни фильмларни, видеоклипларни кўриб, юзларидан Аллоҳ берган улуғ неъмат - ҳаёни ўчириб ташламоқдалар.

Дарҳақиқат, истиқлол бизга ўзлигимиз, қадриятларимиз, қадим анъаналаримиз қайтишига йўл очди. Айни кунда Ватанимизга, келажагимизга муносиб баркамол авлод вакиллари вояга етмоқда. Уларнинг одоб-ахлоқ, илму тафаккур бобидаги муваффақиятлари жуда кўп. Бу билан қувонамиз, фахрланамиз, албатта. Шу билан бирга, кўча-кўйда, жамоат жойларида анъаналаримизга номуносиб кийиниб олган ёшларни кўриб, кўнглимиз оғриб қолаётгани ҳам бор гап.

Дарвоқе, биз дунёвий давлат фуқароларимиз, қандай кийиниш, шубҳасиз, ҳар бир инсоннинг шахсий иши. Лекин ҳар бир ишда меъёрни сақлаш керак бўлади ва бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу гўзал хулқ, ўзбекона одоб-у андишага нисбатан эҳтиром ва ҳурматдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ҳаё ва имон бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бири кўтарилса (йўқолса), иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади", деб марҳамат қилганлар.

Демак, ҳаёнинг йўқолиши имоннинг йўқолишига олиб келади.

Бу хусусда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.): "Ҳаё имондандир, имоннинг жойи эса жаннатдадир. Беҳаёлик эса жафодандир, жафонинг жойи эса дўзахдадир", дедилар. Ҳаё - яхшиликларнинг онаси ва барча нарсани гўзаллаштирувчи зийнатдир. Бу борада Расули Акрам (с.а.в.) : "Фаҳш қайси бир нарсада бўлса, уни хунуклаштиради. Ҳаё қайси бир нарсада бўлса, уни зийнатлайди",-дедилар.

Фикримизни мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, барчаларимиз келажак авлодларимизнинг юриш-туриши, кийиниши ва бошқа одоб-ахлоқ масалаларида эътиборли бўлиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказишига, айниқса, бошланаётган ёзги таътил давомида касб-ҳунар ёки бирор соҳани пухта ўрганиб олишларига, ўқиш билан машғул бўлишига имконият яратиб, шуни назорат қилсак, келажакда фарзандларимиз ватанпарвар, миллатпарвар, энг асосийси, ҳаёли ва иболи бўлиб камол топадилар. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, ҳаётимизни фаровон айлаб, барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлида, ҳидоятга собит-қадам қилган ҳолда ахлоқимизни ҳақиқий ҳаё билан зийнатласин.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

Андижон шаҳридаги

"Абу-Ҳурайра" жомеъ масжиди имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди