Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№23, 24.05.2012

МУЛОҲАЗА

"ФАСТ ФУД" ФОЙДАЛИМИ ЁКИ ЗАРАРЛИ?

Гамбургер, хот-дог, сэндвич, пицца... Қорин очлигида уларни тасаввур қилишнинг ўзиёқ одамнинг иштаҳасини "қитиқлаши" шубҳасиз. Муҳими, тез тайёрланади, ҳам арзон. Бундан ҳам қулайроқ таклиф бўлиши мумкинми!

Айниқса, дарслардан қорни очиқиб чиққан ўқувчи ёшларга таълим муассасалари олдидаги хот-дог ёки гамбургер ўтдай кўриниши табиий. Хўш, "фаст фуд" дея номланувчи, харидоргирлиги ортиб бораётган бу таом инсон саломатлиги учун қанчалик фойдали ёки аксинча зарарли?

Келинг, суҳбатимизни "Фаст фуд"ларнинг келиб чиқиш тарихи билан бошлайлик. Улар қадимги Рим давридаёқ пайдо бўлган экан. Америкача fast food тарихи эса 1912 йилга бориб тақалади. Horn & Hardart компанияси илк "Автомат" номи билан аталувчи тамаддихона очган. Кейинчалик 1921 йилда "фаст фуд"лар Американинг Канзас штатида пайдо бўлиб, ака-ука Макдоналдслар орқали янада шуҳрат топган. Ҳозирда (McDonald's) Макдоналдс ресторанлари тармоғи дунёнинг 120 та мамлакатида ўз бизнесини йўлга қўйган.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам айни пайтда кўпчиликнинг кўча-кўйда юриб кетатуриб овқатланиши тобора урфга кириб бормоқда. Тиббиёт ходимлари бундай таомланишнинг соғлиққа катта зарари борлиги ҳақида кўпдан буён айтиб келишади. Чунки овқатланаётганда таом ҳазм бўлиш ва модда алмашинуви жараёнлари бош мия ор-қали бошқарилади, ҳамма ички аъзолар унинг "буйруғи" билан ишга тушади. Юриб кетаётганда эса миянинг "эътибори" асосан йўлда бехатар ва адашмай юришга, тўқнашув объектларига "қаратилган" бўлади ва бу муҳим иш билан машғуллиги сабабли унинг овқат ҳазм қилиш жараёнига аралашуви кечикади. Бунинг натижасида ейилган таомнинг танага фойдадан кўра зарари кўпроқ тегади. Таом устида бирор нарса ўқиш, телевизор кўриш ҳам ана шундай салбий асоратлар қолдириши мумкин.

Буюк Британия пойтахтидаги "Руҳий саломатлик жамғармаси" мутахассислари ўтказган тадқиқотларга кўра, фаст фуд (шошилинч овқатланиш)га мўлжалланган гамбургер, чипса, хот-дог кабилар билан нотўғри овқатланиш оқибатида кишиларнинг тушкунлик (депрессия), семириб кетиш, ақлдан озиш, алтсгеймер хасталиги каби руҳий касалликларга чалиниши, болалардаги гиперфаоллик синдроми эҳтимоли кескин кучаяр экан. Алтсгеймер ва ақлдан озиш хасталикларига эса кўп жиҳатдан ҳайвонларнинг зарарли ёғи ва шакарни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳам сабаб бўлади. "Тезкор овқатланиш" маҳсулотларида эса бу нарсалар етарлича бор.

Яқинда россиялик мутахассислар ўтказган тажрибалар шуни кўрсатдики, ейилган битта гамбургерда киши кунлик истеъмол қиладиган тузнинг 46 фоизи, зарарли (тўйдиринган) ёғнинг 45 фоизи мавжуд экан. Бундан ташқари, унда киши бир кунда оладиган холестериннинг 25 фоизи, ёғнинг 37 фоизи, ўта зарарли трансмойларнинг бир ярим грамми борлиги аниқланган. Шифокорлар умуман ғарбча таомланиш услубининг одамлар саломатлигига катта зарари борлиги ҳақида ташвишланиб ёзишяпти. Чунки бундай таомларда тайёр ёки ярим фабрикат маҳсулотлар кўпу, аммо янги сабзавот ва мевалар кам бўлади.

Янаям оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, фаст фуд егуликларидаги керагидан ортиқ калория, ёғ ва тузнинг кўп миқдорда ишлатилиши ҳамда витаминларнинг йўқлиги киши организмида турли кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу турдаги маҳсулотларни тайёр-лашда асосан гидрогенлашган, яъни таркибига маргарин қўшилиб, қаттиқ ва қуюқ ҳолатга келтирилган сифатсиз ёғлардан фойдаланиш урф бўлмоқда. Чунки улар соф ўсимлик мойига нисбатан бир неча баробар арзон ва қайта-қайта ишлатиш имконини беради. Ёмон томони, маргаринлар таркибидаги ёғ кислотларининг транс-изомерлари жигарга, қон томирларига салбий таъсир кўрсатади, моддалар алмашинувининг бузилиши ва иммунитент пасайиши кабби жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Айниқса, ёзнинг жазирама ҳавоси "хот-дог", "гамбургер", "чизбургер" сингари таомларга солинадиган салатларга ҳам бир мунча таъсир кўрсатади. Куннинг қизиши натижасида салатлар бузилади. Айрим сотувчилар салатнинг айниган-айнимаганига эътибор ҳам беришмайди. Натижада бу қон айланиши, юрак, ошқозон ва жигар билан боғлиқ кўплаб хасталикларни, гастрит, холецистит, тромбоз сингари касалликларнинг юзага келишига сабаб бўлади.

Маълумотларга қараганда, Британиянинг соғлиқни муҳофаза қилиш институти тадқиқотчилари ҳар йили махсус рейд ўтказиб, носоғлом озиқ-овқатлар тайёрлаш оқибатида қирқ минг нафардан зиёд киши вафот этаётганлигини аниқлаганлар. Шунингдек, ёмон овқатланиш мамлакат иқтисодиётига катта талофат етказаётганлигини таъкидлаганлар. Тадқиқотчилар ана шундай носоғлом озиқ-овқатларга иқтисодий чегара татбиқ қилишни тавсия этадилар. Айни пайтга қадар беш миллионга яқин британияликлар "фаст фуд"лар орқали юрак-қон томир касалликлари билан оғришганлиги интернет орқали маълум қилинди. Соғлиқни муҳофаза қилиш институти тад-қиқотчилари ҳукуматга мамлакат миқёсида туз ва ёғ билан бойитилган маҳсулотларни сезиларли даражада камайтириш ҳамда иқтисодий соғлом турмуш тарзини ташкил этиш ташаббуси билан чиқдилар.

Тўғри, шиддат билан одимлаётган ҳозирги ҳаётимиз ҳар бир кишидан тезкорликни талаб этади. Кун давомида барча юмушларга улгуришимиз зарур. Замонавийлашган сари эҳтиёжларимиз ҳам шунга яраша ортиб боради. Баъзан овқат ейишга ҳам вақт ажрата олмаган пайтларимиз бўлган. Лекин бу ғарбликлардан ўрнак олиб, тез тайёрланувчи овқатларни истеъмол қилиш дегани эмас-ку.

Ошхона таомларининг ранг-баранглигини таъминлаш албатта, яхши анъана. Лекин бу бизнинг саломатлигимизга ўз таъсирини ўтказмаслиги лозим. Энг ёмони, таомлар орқали ҳам оммавий маданиятимизга секингина кириб келаётган ғарб маданиятининг, айниқса, ёш авлод тарбиясига раҳна солаётганига ҳаммамиз оддий томошабин бўлиб қолмаяпмизмикин...

Зеро, тик туриб, тезкор (фаст фуд) овқатланишнинг одобимизга ва менталитетимизга мутлақо тўғри келмаслиги оддий ҳақиқат.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди