Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№23, 24.05.2012

ҲИКОЯ

УМРНИНГ КУЗИ

...Эрта тонг. Чорбоғдаги мевали дарахтларнинг шохи ерга эгилган. Боғнинг этагидаги ариқдан эса тип-тиниқ сув оқади. Холида ўғилчаси билан боғ оралаб югуриб-елади. Дарахтлар унинг йўлини тўсмоқчи бўлади, мевалар "дув" тўкилади. У эса олдинга интилади. Ана, ариқнинг нариги бетида умр йўлдоши оқ отнинг жиловидан тутиб, кулиб турибди..."Холида, тўхта, Самандар йиқилди, шошма...".

Аёл ортига ўгирилди. Ўғилчаси тўкилган олмаларни терарди, бирини терса, иккинчиси этакларидан ерга тушарди. У ўғлига интилди, ана, ўғли қўлчаларини олдинга чўзиб, ерга йиқилди, этагидаги олмалар ҳар ёнга думалаб кетди. Оқ от кишнади, она-бола ўша томонга югурди. Ота эса отнинг тизгини бўш қўйиб, боғ этагига шўнғиб бораверди..."Ота, отажон!" чинқирарди гўдак.

Шамол унинг илтижосини ортга қайтаради.

"Мардон ака!"-қичқиради аёл. - Мен бу ёқдаман!"

Шамол кучаяди. От эса улардан узоқлашаверади. Ана, от ҳам таққа тўхтади, йигит ортига ўгирилди.

"Шошманглар! Кузнинг адоғида, сўнгги япроқ тўкилганда яна келаман. Холида, сени олиб кетам-ан!" Унинг овозини шамолнинг гувиллаши-ю дарахтларнинг қарсиллаб синиши, дўпир-дўпир тўкилаётган олмаларнинг овози босиб кетди.

Аёл хазон тўзонлари ичига тобора кўмилиб кетаётган от томон югурмоқчи бўларди. Нимагадир қоқилиб, юзтубан йиқиларди. Кўзини очди, беозоргина, юмшоқ, жажжи қўлчалар унинг юзини силар, ўзи ҳам кулиб, ҳам йиғларди. Боғ тўрида нимадир қарсиллаб синди. Бола чинқирди... У чўчиб кетди..."

...Холида ая чўчиб уйғонди. Пешонасига кафтини босиб турган ҳамшира қиз:

- Бувижон, босинқираяпсизми, иситмангиз йўқми?- деди.

Ая калима келтирди:

- Оқ от...тушим...- деди бемажолгина.

Шу-шу аянинг ороми йўқолди. Ҳамхоналарининг кўнглини кўтариб, насиҳат бериб ўтирадиган ая бир зумда одомови бўлиб қолди. "Кузнинг адоғи... Сўнгги япроқ..."

Ая "ялт" этиб дераза оша ўзига таниш манзарани энди кўраётгандек тикилиб қолди. Япроқлар сийраклашиб қолибди... "Майли...шунисига ҳам шукр. Раҳматли чолим ёнига чақираяпти. У бу дунёга селдек келиб, елдек кетди-я, омонатини ҳам осонгина топширувди. Афсус, невара-чевараларимизни кўрмади. Мен эвара келинимни кўрармикинман?", - ўйларди у изтироб билан.

Шу зайл кунлар ўтаверди.

- Болам, Элдоржоннинг тўйи қачон?- сўради ая кўргани келган неварасидан. -Кўриш насиб...-гапининг охирини айтолмади, кўнгли бузилди.

- Бувижон, сиз тузалиб чиққан куни тўй-да!-Невараси Фарҳод ўғлига юзланди.

Бувиси эса эварасини қучоқлаб, дуога қўл очди:

- Умринг зиёда бўлсин, болам, ўзинг-дан кўпай...

- Бувижон, тўйда айтарсиз...- эваранинг гапидан ҳаммалари кулиб олишди.

Ая бўлса:

- Умр ғанимат...-деди болаларига термулиб.

Кузнинг яна бир сокин тонги отди. Ая одатича эрта уйғониб, кун бўйи ўзини у-бу билан андармон этди, кеч киришини кута бошлади. Дераза олдига дам-бадам бориб, кўрган туши-ю унинг таъбирини яхшиликка йўйишга ҳаракат қилар, ўз-ўзига таскин бериб, ўтган умрини гўё сарҳисоб қилаётгандек ўғлининг гўдаклиги-ю ёшлик йиллари, ҳатто умр йўлдоши Мардон ака билан тўй кунларини ёдидан ўтказарди.

Кун пешиндан оғди. Ая ўғлини неварали, ёши улуғсифат бўлиб қолган инсон эмас, гўё ёш боладек тергар, дашном берарди. Юз ёшни қоралаб қолган ая ёлғиз фарзанд бўлгани учунми ўғлини ҳамон еру кўкка ишонмасди, ували-жували инсонни ҳатто уч-тўрт кун кўролмаса, "танбеҳ" берар, "Қорангни кўрсатмай жим бўлиб кетма, болам" деб панд-насиҳат қилганини эшитган шўх эваралари "буважонимни қайта тарбиялаяптилар!" дейишарди.

Ая буларни билар, билса-да, ўғли ҳамон унинг учун ёш боладек эди.

Кечки пайт ўғли, келини ва неваралари кўргани келишди. Улар ҳадеганда палатага киришмагач, ая йўлакка пешвоз чиқди. Ўғли ва келини даволовчи врач хонасида аянинг касали ҳақида жиддий суҳбатлашишарди.

Аянинг кўнгли бузилди. "Бояқиш ўғлим, менинг касалим оғир эканлигини эшитиб, қай аҳволга тушаётганикин-а?".

- Бувижон, аҳволингиз қалай?-сўради шифокор аяни кўрикдан ўтказаркан.

- Қаричилик-да, болам. Куз ҳам охирлаб қолди. Мен ҳам...

- Ташвишланманг. Аҳволингиз яхши. Бу соғлик билан худо хоҳласа яна юз йил яшайсиз. Сизга рухсат, - шифокор ҳазил-мутойиба билан уларни ҳоли ташлаб чиқиб кетди.

Аянинг нигоҳлари беихтиёр яна дераза оша манзарага сирғалди. Дарахтлар ялонғочланиб қолган, дайди ел унинг "сўнгги япроғи"ни юлқиб олишга улгурганди.

- Кузнинг адоғи...Самандар, отанг...Оқ от... -деди ая алаҳсираб.

Бу аянинг энг сўнгги сўзлари, нидоси эди.

Саида САЙҲУН


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди