№24, 30.05.2012 (ҚАТРА)
ОНАМНИНГ КАМЗУЛИ
"Жаннат оналар оёғи остидадир". Ушбу Ҳадис дилимга нақшланган. Она - азиз! Негаки, фарзандни Она дунёга келтиради, тўққиз ой вужудида эҳтиётлаб сақлайди ва вояга етказади. Оқ сут бериб, бор меҳрини бахш этади. Боласининг камолоти йўлида вақти келса, ўт кечиб, сувни симиради, лозим бўлса, юрагини ҳадя этади. Бола тилсимотларини билишга интилади. Шунданми, Она меҳри бола қалбида қуёшдай нур сочиб, ана шу тилсимотлар сари етаклайди. Оқил фарзандлар оналари хотирасини пок сақлашга интиладилар.
Онамдан ёлғиз бир ёдгорлик бор: оддийгина қора барқутдан тикилган камзул. Бу мато мен учун дуру гавҳардек қимматли ва қадрли. Ҳар гал онамни ёдга олганимда, авайлаб-асраб, сақлаб келаётган шу камзулни олиб кўзларимга суртаман, унга боқиб, онажоним руҳи билан хаёлан суҳбатлашаман. Мана, бугун ҳам шу ҳол такрорланди. Онамнинг камзулини юзларимга суртар эканман, қалбимдан шу сўзлар тошади: Онажон! Унутганим йўқ, кечагидай эсимда. Сиз шу қора барқут, астари жудаям чиройли, момиқ пахтали камзулингизни жуда қадрлаб, эгнингиздан туширмай кийиб юрардингиз. Ҳолбуки, у сизни совуқдан сақлар, суянганингизда ёстиқ каби ором берар, баъзан тўшакча вазифасини ҳам ўтарди. Унда сизнинг нафасингиз, ҳидингиз бор. Қўлларингиз изи, нигоҳингиз тафти бор.
Онажон! Имон, эътиқод билан яхши амалларни бажо айлаб, ниҳоятда юмшоқсўзлик билан оламдан ўтдингиз. Руҳингиз олдида фарзандлик бурчимни адо этсам, сизга муносиб ўғил бўлсам, дейман. Бежирим камзулингизни кўриб, Сизнинг жонсарак, нозик, нурли қиёфангизни тасаввур этаман. Сизнинг ўгитларингиз дилимда, элу юртим корига ярай, дея яшаяпман.
Онажон! Сизни унутиб бўларми? Сиз бир умр қалбим тўридасиз!
Шамсиддин ИСМОН.
|