№25, 07.06.2012 ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР
ОНИЙ ЛАҲЗА ҚУВОНЧИ - ЙИЛЛАРГА ТАТИГУЛИК
Ойшахон опа Тилаволдиева Жалақудуқ тумани марказий шифохонасига ишга келганида эндигина Андижон давлат тиббиёт олийгоҳини тамомлаган ёш мутахассис эди.
1967-1968 йилларида вилоят туманларидаги туғруқхоналар, асосан, мослаштирилмаган биноларда фаолият кўрсатарди.
Шундай оғир шароитларда иш бошлаган Ойшахон опа ўз касбининг фидойилари бўлган тажрибали шифокорлар мададига таянди. Саодат опа Раҳмонова, Тўхтабой Абдураҳмонов сингари устозларидан сабоқ олди.
1973 йилда Жалақудуқда марказий шифохона ташкил этилиб, унда туғруқ бўлими очилди. Ўз вақтида ускуналар билан таъминланиб, малакали кадрлар ишга жалб этилди.
Акушер-гинеколог Ойшахон опа Тилаволдиева ҳам мазкур бўлимда фаолият юрита бошлади. Аста-секин касб маҳоратини ошириб борди. Ширинсуханлиги, ҳақгўйлиги, ишига фидойилиги билан жамоада ҳурмат қозонди. Йиллар ўтиб, тажрибаси ортди. Кўплаб шогирдлар тайёрлади.
Унинг қўлида маҳорати ошган доялар ҳозирда туғруқхонанинг таянчига айланишган. Гуласалхон Сомсоқова, Муқаддасхон Мажидова, Дилоромхон Сиддиқова, Юлдузхон Раҳмонова каби шогирдлари бугун туғруқхонанинг фахри. Уларга касб сирларини ўргатганидан яхши-ёмон кунларда бирга бўлиб, зиммасига юкланган она-бола соғлигини муҳофаза қилишда фаол қатнашганидан опа дилида шукроналик туяди.
Ойшахон опа етук тиббиёт ходими сифатида оғир операциялар ўтказган. Кўплаб оналарни даволаб, фарзандли бўлишдек бахтга муясар қилган. Уларнинг оилаларига шодлик ҳадя этган.
- Ҳеч ёдимдан чиқмайди, - дейди опа. - Ўшанда эндигина навбатчиликдан чиққандим. Мени бир аёл йўқлаётганини айтиб қолишди. Хонамга кираверишда йўлакда кўзлари қизарган, кўҳликкина келинчак турарди.
Мени кўриб, кўзлари яшнаб кетгандай бўлди. "Сизнинг олдингизга маслаҳатга келдим. Бор умидим сиздан", деди-ю кўзлари ёшланди. Уни елкасидан олиб, тасалли бердим-да, хонамга бошладим. Бафуржа суҳбатлашдик.
- Турмуш қурганингизга неча йил бўлди? - сўрадим астагина.
- Бу йил учинчи йил.
Аёлни текширувлардан ўтказдим, натижаларини икковимиз ҳам интиқлик билан кутдик. Ниҳоят билдимки, аёлда жиддий хасталик йўқ.
- Сиз албатта, фарзандли бўласиз, фақат даволанишингизга тўғри келади. Ўзим муолажа қиламан, - дедим.
Аёл хурсанд бўлганидан мени қучоқлаб, йиғлаб юборди. - Раҳмат, - деди у севинчдан.
Аёл муолажалардан сўнг фарзандли бўлди, паҳлавондек ўғил кўрди.
Ҳалимахон Бурхонова эса 13 йил фарзанд кўрмаган. У ҳам олдимга умид билан кириб келди. Даволадим, ҳозир беш нафар фарзанди бор.
Бугун Ойшахон опани кўча-кўйда кўрганлар "Салом, дўхтир опа", дея қўлларини кўксига қўйиб қарши олишади. Опа уларни танимаслиги мумкин. Лекин улар шу дўхтир опанинг қўлида дунёга келишганини билиб, ҳурмат кўрсатишади. Шундай кезларда Ойшахон опанинг хаёлидан "Қилган ҳалол меҳнатим бесамар кетмаганига Аллоҳга шукр", деган ўй ўтади.
- Шифокорлик қийин касб. Бироқ ҳар куни, ҳар соат ўзингнинг одамларга кераклигингни ҳис этиш елкангдаги юкни шунчалар енгиллаштирадики, беихтиёр ўзингда битмас-туганмас ғайрат - шижоат пайдо бўлганлигини ҳис этасан, - дейди қаҳрамонимиз. - Кўзи ёриган аёлнинг кўзлари нурга тўлиб, "Раҳмат дўхтир" деган сўзларини эшитибоқ чарчоқларим чиқиб кетади. Ана шу лаҳзалар оний бўлса-да, менинг бахтли онларим.
Албатта, шу ўринда турмуш ўртоғим, шифокор Комилжон ака Норбоевнинг менга ҳамиша елкадош бўлганликларини айтишим жоиз. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари, касбимнинг нозик томонларини тушуниб, баъзан кечаю-кундуз бўшамаган кезларимда ҳам далда бўлганлари, менинг маънан қаддимни тик тутган. Севимли касбимга рағбатлантирган. Фарзандларимизни ҳавас қилгудек тарбияли бўлиб камол топишларида, уларни уйли - жойли қилиб, невараларимнинг суюкли бувижониси бўлишимга, хуллас, оиламдан тиниб, ҳам севимли касбимни эъзозлаб ишлашимда уларнинг хизматлари катта.
Дарҳақиқат, опанинг фар- зандлари Зафаржон, Яҳёжон, қизи Наргизахон, келини Зилолахонлар ҳам шифокор. Бу йил эса набиралари Шаҳноза, Рустамжонлар Андижон тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга кирдилар. Бу дегани шифокорлар сулоласи яна ҳам кенгаймоқда. Гулнозахон, Қобилжон, келинлари Гулжаҳон ва Юлдузхонлар эса турли соҳа вакиллари. 10 нафар набиралари эса бувижониси атрофида парвона.
Бутун умр касбу корини улуғлаган, яқинларининг меҳр-муҳаббатини қозониб келган Ойшахон опа Тилаволдиева бугун эл - юрт эъзозида.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|