№25, 07.06.2012 ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ
КАСАЛЛИК КЕЛИБ ЧИҚИШИНИНГ ОЛДИНИ ОЛАЙЛИК
Айни кунларда далаларда етиштирилган ғаллани ўриб-йиғиб олиш ишлари кетмоқда. Ғаллани йиғиш даврида донга заҳарли ёввойи ўсимликлар, уларнинг мева ёки уруғлари аралашиб қолиши мумкин. Уни яхши сараламай, эламай, ишлов берилмаган унни истеъмол қилиш оқибатида заҳарланиш рўй бериши мумкинлигини асло унутмаслик керак.
Марказий Осиёда кўпроқ тарқалган "Кампирчопон" ана шундай заҳарланишга олиб келадиган ўсимликлардан биридир. Ёввойи ҳолда ўсадиган "Кампирчопон" (илмий ботаник номи - триходесма)нинг бўйи 1 мерт гача келади, ўқ илдизли кўп йиллик ўтсимон ўсимлик. Пояси унча шоҳламайдиган, ҳамма жойи қалин оқ тукчалар билан қопланган, май ойидан бошлаб гуллайди ва уруғлайди. Уруғлари тўкилмайди. Уруғининг меваси тўртта ёнғоқни ёпиштирган ҳолни эслатади ва бир тупида 1500-2000 гача уруғ қилади.
"Кампирчопон" таркибида, хусусан, уруғида заҳарли алколоидлар: инканин, триходесмин моддалари мавжуд. Бу моддалардан тозаланмасдан ун қилинганда, ўша ундан тайёрланган таомлар орқали одам организмига тушса заҳарланишга олиб келади. Марказий нерв системаси зарарланиб, менингит, энцефалит аломатларини беради. Шунингдек, илик, жигар, талоқ ва бошқа органларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Қон ишлаб чиқариш меъёри бузилади, қон суюлади. Дармон қурийди, арзимаган ҳаракат туфайли киши чарчайди. Қон кундан-кунга камаяди. Бош оғриши, айланиши, бурундан қон кетиши, қорин соҳасида оғриқлар пайдо бўлиши кузатилади. Бундай заҳарланиш асаб тизимини ишдан чиқаради ва фалажлик туфайли ўлим билан тугаши мумкин.
Азиз опа-сингиллар! Сараланиб, қайта ишланмаган дондан чиқарилган ундан фойдаланганда эҳтиёт бўлинг. Агар оила аъзоларингизда юқоридагидек касаллик аломатлари кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг.
Савдо шохобчалари ва бозорларда сотилаётган ун маҳсулотларининг кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаса харид қилмаслик керак. Хусусий, қўл бола тегирмонларда чиқарилган ундан фойдаланмаслик зарур. Ўзимизнинг, оила аъзоларимизнинг соғлигимизни асрайлик. Келиб чиқиши мумкин бўлган заҳарланишнинг олдини олайлик.
Баҳромжон ҚОРАЕВ,
Андижон вилоят ДСЭНМ бош шифокори.
|