№25, 07.06.2012 РОСТГЎЙЛИК - УЛУҒ ФАЗИЛАТ
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга имтиҳон учун келтирди ва мана шу имтиҳон дунёда тўғри юришга, тўғри ҳаёт кечиришга буюрди. Тўғрилик - ёлғон, хиёнат, туҳмат, вафосизлик каби қабиҳ ишлардан узоқда бўлмоқ, демакдир.
Аллоҳ таоло инсонларни имон-эътиқодли ва тўғрисўз бўлишга буюради. Жумладан, Аллоҳ таоло: "Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзланглар. (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди", деб марҳамат этади ("Ахзоб" сураси, 70-71-оятлар).
Демак, бизлар доимо тўғрисўз, ростгўй бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаб, шундай марҳамат этганлар: "Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас".
Бир киши Ҳазрати Набий (с.а.в.)дан: "Ё, Расулуллоҳ (с.а.в.) мўмин қўрқоқ бўлиши мумкинми?", деб сўради. У киши: "Ҳа", деб жавоб бердилар. "Бахил бўлиши мумкинми?", яна сўрадилар. "Ҳа", деб жавоб бердилар Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.). "Мўмин киши ёлғончи бўлиши мумкинми?", деб такрор сўрашганда: Расули Акрам (с.а.в.): "Йўқ", деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло мўминларни тўғрисўзликка чақириб: "Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва содиқ (ростгўй) кишилар билан бирга бўлингиз!", дея марҳамат қилади ("Тавба" сураси, 119-оят).
Ушбу ояти каримада Яратганган бизларни рост сўзлашга ва сўзлаган сўзлари, амалларида рост бўлган инсонлар билан бирга бўлишга буюради. Бугунги кунда инсонлар орасида ёлғончилик, ваъдага вафосизлик каби салбий ҳолатлар тобора одатий ҳолга айланиб бораётганлиги ачинарлидир. Шу боис, ҳар биримиз уйимизда, маҳалламизда, иш жойимизда оила аъзоларимиз, фарзандларимиз, ёру дўстларимизга ёлғончилик, бевафолик оғир гуноҳ эканлигини эслатиб турмоғимиз керак.
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган Ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадиларки: "Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни Жаннатга етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса Жаҳаннам сари етаклайди.
Юқоридаги Ҳадиси шариф барча эзгуликларнинг аввали ростгўйлик ва ҳар ёмонликнинг сабабчиси ёлғончилик эканлигини уқтириш билан бирга, тўғриликнинг оқибати Жаннат, ёлғончиликнинг оқибати Жаҳаннам бўлишлигини кўрсатади.
Ҳар бир ота-она фарзандини ростгўй қилиб тарбиялашлиги учун аввало ўзи ростгўй бўлиши керак. Уйда бўлиб турган ҳолда фарзандига "Мени йўқ деб қўй", деса ёки фарзандига бир нарсани ваъда қилиб, ваъдасининг устидан чиқмаса, бу нарса бола тарбиясига ёмон таъсир қилади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадиларки: "Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса - ёлғон гапиради, ваъда берса - хилоф қилади, омонат берилса - хиёнат қилади".
Ўтган улуғ авлиёлар-у алломаларнинг ҳаётларига назар солинса, ҳар бирлари ҳам тўғри-сўзлик, ваъдага хилоф қилмаслик, омонатни вақтида адо қилишлик билан улуғ мақомларга етишганлар. Ҳазрати Луқмони Ҳакимдан сўралди: "Сизни шу даражага нима етказди?" Айтди: "Тўғрисўзлик, омонатни адо қилишлик ва кераксиз бўлган нарсаларни тарк қилиш".
Аллоҳ таоло қилаётган ишларимизда барчамизга тўғрилик ва ростгўйликни ҳамроҳ қилсин. Ёмонликлардан узоқ бўлишлигимизга Ўзи ёрдам берсин.
Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,
Андижон шаҳридаги "Хонақо" масжидининг
имом-хатиби.
|