Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№25, 07.06.2012

БИЗНИНГ СУҲБАТ

"ДУНЁДАГИ ЭНГ ЯХШИ ҚАЙНОНА БЎЛАМАН"

"Бўрилар", "Апрель-май", "Бахт излаб" "Йигитлар", "Онаизор" каби кўплаб фильмлари билан халқимиз юрагига кириб борган истеъдодли актриса ва режиссёр Зебо Наврўзова билан суҳбатлашдик. Уларнинг ижоди, ҳаёти ва келгусидаги режалари билан ўртоқлашдик.

- Бугунги кун ўзбек киносаноатида институтни кеча тамомлаган ёш режиссёрлар ҳам фильмлари билан ўзларини намоён этишга уринишяпти. Сиз эса бу соҳага нисбатан кеч кириб келгансиз. Бунинг сабаби нимада?

- Режиссурага эрта кириб келиш жуда ҳам мушкул иш деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам барча буюк режиссёрлар профессионал фаолиятини нисбатан кечроқ бошлаганлар. Бунда нафақат билим ёки бошқа нималарнидир ўрганиш, шу билан бирга жуда катта ҳаёт тажрибаси ҳам керак бўлади. Инсонлар тақдири, уларнинг ҳаётини билмай туриб, одамлар тўғрисида фильм ишлаб, ҳакамлик қилиб бўлмайди. Режиссёрлик учун махсус ўқув юртларида назарий билимлар берилади, аммо бу касбни эгаллаш учун ҳаётни тушуна билиш керак. Мана шу сабаблар туфайли мен ҳам фаолиятимни кеч бошлаганман ва бундан ҳеч қачон афсусланмаганман. Лекин мен бугунги ёш режиссёрларни танқид қилмоқчи эмасман. Омадини берсин.

- Режиссёрлик аёл киши учун ғоят қийин касб-ку. Нима учун енгилроқ касбни танламагансиз?

- Дарҳақиқат, ижодкорлик осон эмас. Ўзингиз таъкидлаганингиздек, режиссура уларнинг ичида энг қийини ҳисобланади. Демак, Худо менга шу касбга лойиқ куч, ақл ва муҳаббат берган эканки, мен уни танладим. Лекин мустақил ва профессионал режиссёр бўлгунимга қадар жуда кўп меҳнат қилганман. Бутун дунёни айландим. Устоз режиссёрлардан назарий ва амалий сабоқлар олдим. Миллат-лараро ижод қозонида қайнадим. Барча билим ва кўникмаларим йиғилиб яхлит ҳолга келганидан сўнггина енг шимариб ишга киришдим.

- Асосан ёшлар, аниқроқ айтсак, йигитлар мавзусида фильмлар ишлайсиз. Аёллар ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмлар олиш ниятингиз ҳам борми?

- Тўғри, айтганингиздек, фильмларимнинг асосини ёшлар ва йигитлар мавзуси ташкил этади. Аммо уларнинг ҳар бирида аёлларнинг дарди, аёлларнинг қувончи ва ҳаётини ҳам акс эттириб кетганмиз. Лекин яқинда суратга олиниб, катта экранларга чиққан фильмимиз "Онаи-зор"ни мен аёллар мавзусидаги фильм деб айта оламан. Яқинда тақдимоти кутилаётган янги фильмимиз "Меҳрибоним"да ҳам аёллар мавзусига алоҳида ёндашганмиз. Буни, Худо хоҳласа, ўзингиз ҳам кўриб, гувоҳ бўлишингиз мумкин. Лекин бир ҳақиқатни ҳам айтиб ўтишим жоизки, кино қайси жанр, қайси ғоя ва мавзуда бўлмасин, барибир аёллар ҳаёти акс этади.

- Аёлларнинг қандай хусусиятлари олдида бош эггингиз келади?

- Уйни ҳам, ишни ҳам мукаммал даражада уддалаб, юқори чўққиларни забт этаётган аёлларга, энг ақлли, энг доно, энг кучли ва энг меҳнаткаш аёлларга ҳавас қиламан. Шундай аёллар қошида бош эгишга тайёрман. Ва ҳар бир аёлни ана шундай чўққаларда кўргим келади.

- Ўзингизни ҳам шундай аёллар сирасига кирита оласизми?

- Йўқ. Менда, барибир қандайдир чегара бор. Ҳамма нарсани уддалаш учун жуда катта куч ва ақл керак. Ақлдан ҳам кўра қалб кучи ва улкан ирода даркор. Чунки баъзи ақлли инсонлар ҳам кучсизлиги, иродасизлиги туфайли кўп нарсага эриша олмай қолади.

- Демак, сизда қалб кучи ва ирода камроқ экан-да?

- Мен ўзимга ўзим баҳо беришим нотўғри бўлса керак. Лекин бир гапни айтишим мумкин: "Мен ўзимни яхши кўраман". Демак, кучлиман. Чунки, ўзини ўзи яхши кўрган ва ҳурмат қилган одам керакли кучни топа билади. Нокамтарликка йўйманг-у, мени ўзимга ҳавасим келади. Чунки, озми кўпми халқ танийди, экранларда меҳнатим маҳсулини кўриб тураман, кўплаб шогирдларим, олтиндан ҳам қиммат уч фарзандим бор. Демак, менинг таянчларим ва катта кучларим ҳам бор. Лекин ҳали амалга ошмаган орзуларим саноқсиз. Мен шуларга интиляпман.

- Сизнинг назарингизда бахт нима?

- Тириклигимиз, соғ-саломат эканлигимиз, бирин-кетин орзуларимизнинг амалга ошаётгани бахт. Мен ҳар бир кунимни бахт деб биламан. Лекин аёл киши учун бирибир оила ва фарзанддан буюк бахт йўқ! Бугун нафас олиб турганимизнинг ўзи бахт. Кимгадир керак эканлигингиз улкан бахт.

- Бундан 10-20 йил кейин сиз ўзингизни қандай тасаввур қиласиз?

- Мен ўша пайтда ҳам бугунгидек бўлиб юришни хоҳлайман. Шунинг учун ҳам ўзимни 10-20 йиллардан кейин ҳам худди бугунгидек тасаввур қиламан. Биласизми, қаришни умуман хоҳламайман. Бу балки, кулгилидир.

Мен фарзандларимни жуда қийинчилик билан, лекин тўғри тарбия қила оляпман, деб бемалол айта оламан. Ҳар бир ота-она Яратгандан ақлли, меҳрибон фарзанд беришини сўрайди. Менга ҳам Эгам бир эмас, уч нафар солиҳ фарзанд ато этди. Бунинг учун куну-тун тилимда шукрона. Бу менга берилган энг катта мукофот, энг катта давлатдир.

- Сиз шундай гапиряпсизки, менинг ҳавасим келяпти. Бахтингизга кўз тегишидан қўрқмайсизми?

- Тўғриси, бунақанги кўз тегиш деган гапларга мутлақо ишонмайман. Аммо, барибир қўрқаман. Бахтимга кўз тегишидан қўрқаман. Бироқ яқинларимнинг муҳаббати мен учун ҳамма нарсадан азиз. Мухлисларим муҳаббати менга куч беради. Уларнинг севгига, ҳавасга тўла кўзларидан қўрқмайман. Аммо ҳасадчининг кўзидан Худо асрасин.

- Нимадан азобланасиз?

- Туҳматдан.

- Ҳеч туҳмат қилишганми?

- Бўлиб туради. Бундай вақтларда ҳар бир инсон сиқилади, тушкунликка тушади. Мен ана шундай ғамгин ҳолатимда ҳам ўзимни қўлга ола биламан. Чунки менинг ягона қуролим бор. Қалам. Мен ёзишни биламан. Бундай пайтларда туну кун ёзишим мумкин. Ёзавераман, ёзавераман. Ўша мени изтиробга солган воқеаларни эсламаслик учун ҳам ёзаман. Қарабсизки, битта фильм тайёр. Кейин уни суратга олишга киришаман. Кўриб турганингиздек, ташвишларим ўз-ўзидан унутилиб кетади. Мен айтмоқчиманки, ҳар бир нарсани ҳам яхши томонга хизмат қилдира олиш керак.

- Бугунги кун қизларига қараганда кўнглингиздан нималар ўтади?

- Бугунги қизларни мен севаман. Улар жуда ҳам ақлли, билимли. Кўча-кўйда гул-гул очилиб юрган қизларни кўрсам кўзим яйрайди. Биласиз, ҳозир менинг ҳам олдимда катта имтиҳон турибди. Ўзимга келин танлашим керак. Севимли ўғилларимга ўзларига ўхшаган чиройли, доно, ақлли келин топишим лозим. Ўша келинларим ҳам шу қизларнинг орасида-ку. Уларни севмай бўладими? Барча-барча қизларга мустаҳкам бахт тилайман ва сиздан қизлар учун менинг алоҳида муҳаббатимни ёзиб қўйишингизни илтимос қиламан.

- Ўзингизни қандай қайнона сифатида тасаввур қиласиз?

- Мен одил қайнона бўлишни хоҳлайман. Олдиндан бир гап айтиш қийин, албатта. Лекин, Худо хоҳласа, дунёдаги энг яхши қайнона бўламан. Агар уйимга келган келин биринчи навбатда ўғлимни бахтли эта олса, бу менинг ҳам бахтим.

- Келин танлашда ихтиёр кимда, сиздами ёки ўғилларингиздами?

- Бу масалада мен ўғилларимнинг ортидан эргашишни маъқул кўраман. Менимча, ўз фарзандини чиндан севган инсон шундай қилиши керак. Агар инсон боласининг ақлли ва тўғри эканлигига ишонса, бу масалада ихтиёрни унга қўйиб бериш керак, деб ўйлайман.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди