№26, 14.06.2012 ЖАРАЁН
ОРОМГОҲЛАР ФАОЛИЯТИ БОШЛАНДИ
Болалар - юртимиз келажаги. Уларни соғлом, баркамол бўлиб вояга етишлари учун зарур барча шароитлар яратиб берилмоқда. Айни кунларда ўқув йили якунланиб, ўғил-қизларимизнинг ёзги таътил кунлари бошланди.
Шу муносабат билан вилоятимизнинг хушманзара ҳамда соя-салқин жойлардаги болалар оромгоҳлари ўз фаолиятини бошлади. Болаларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун вилоятимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хўш, бу муҳим ишга қандай тайёргарлик билан киришилди? Умуман, болалар оромгоҳлари мавсумга шайми? Шу ва бошқа қатор саволлар доирасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг ўринбосари Гулнорахон Абдуллаева билан суҳбатда бўлдик.
- Бу йилги ёз мавсумида нечта оромгоҳ фаолият кўрсатади? Кундузги оромгоҳларда иш қандай ташкил этилди?
- Шу кунларда вилоятимизнинг энг хушҳаво, соя-салқин масканларида ҳамда умумтаълим мактаблари қошида жойлашган 60 та соғломлаштириш оромгоҳи фаолият кўрсата бошлади. Шундан 19 таси шаҳар четида жойлашган, 41 таси эса вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳлардир. Уларда меҳнаткашларнинг 19 минг 100 нафар фарзандлари дам оладилар. Шундан 9 минг 930 нафар бола шаҳар четидаги, 9 минг 170 нафар болажонлар эса кундузги оромгоҳларда дам олишлари режалаштирилган.
Дам олиш оромгоҳларида болалар учун моддий ва маънавий шарт-шароитлар етарли бўлишига алоҳида эътибор берилди.
Кундузги оромгоҳларда болалар эрталаб 8.00 дан 18.00 га қадар тарбиячи ва мураббийлар қарамоғида бўладилар. Болаларнинг кундузги вақтларини сермазмун ўтиши учун турли-туман мусобақалар, тўгараклар ташкил этилади. Уларга уч маҳал иссиқ овқат берилади.
- Ўқувчиларнинг яхши дам олишлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун оромгоҳларда қандай тайёргарлик ишлари олиб борилди?
- Оромгоҳларнинг ўз вақтида сифатли таъмирланиши, зарур жиҳозлар билан таъминланиши борасида доимий назорат ишлари олиб борилди. Айниқса, ҳар бир оромгоҳга вилоятимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари, фермер ва хусусий фирмаларнинг ҳомийликларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Жумладан, "Боғишамол", "Энергетик", "Шифокор", "Сў-лим", "Қуёшча" каби болалар оромгоҳларида хўжалик ташкилотлари, яъни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси, "Андижон ҳудудий электр корхонаси" ОАЖ, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Марказий кенгаши, "Ўзметмашсаноат" ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши, Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан қатор қурилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, оромгоҳлар санитария-гигиена талабларига мос ҳолатга келтирилди. Оромгоҳлар режа асосида самарали фаолият кўрсатиши учун етарли барча зарур анжомлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, Шаҳрихон, Пахтаобод, Балиқчи, Олтинкўл, Булоқбоши, Хўжаобод, Асака, Бўз, Жалақудуқ, Улуғнор ва Избоскан туманларидаги "Бешариқ", "Уч кўза", "Уч соҳил", "Дилором", "Оромгоҳ", "Навбаҳор", Ғафур Ғулом номли, "Боғбон" сингари барча оромгоҳлар туман ҳокимликлари ҳамда ҳомий ташкилотлар саъй-ҳаракати билан мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Ушбу оромгоҳларда жорий таъмирлаш ишлари бажарилиб, зарур инвентарлар, ошхона анжомлари, маданий ва спорт жиҳозлари, тиббий ва бошқа буюмлар билан таъминланди. Айни кунларда оромгоҳларда дам олишнинг биринчи давраси бошланди.
- Болаларнинг кўнгилли дам олишлари учун қандай маънавий-маърифий тадбирлар белгиланган?
- Болалар оромгоҳларида маънавий-маърифий, оммавий-маданий ҳамда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказиш кунлик режа ва дастурлари асосида болаларнинг мазмунли дам олишлари тўла таъминланади.
Оромгоҳларнинг ҳар бирига ўз ишига сидқидилдан ёндошадиган педагог-тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбарлари, ички ишлар ходими жалб этилган. Тиббий ходимлар болаларнинг сиҳат-саломатликларини назорат қилиб борадилар. Етакчилар болажонларни турли-туман қизиқарли ўйин-мусобақаларга жалб этишса, ошпазлар уч маҳал мазали таомлар тайёрлашади. Энг асосийси, болаларнинг мириқиб дам олишлари, кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шароитлар яратилган. Бундан ташқари, улар дам олиш билан биргаликда янги дўстлар орттирадилар, қалблари бир олам завққа тўлиб, янги ўқув йилига катта таассуротлар билан қайтадилар.
Суҳбатдош:
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|