№26, 14.06.2012 14 ИЮНЬ - БУТУНЖАҲОН ДОНОРЛАР КУНИ
ДОНОРЛИК - САВОБЛИ ВА ХАЙРЛИ ИШ
Қон - ҳаёт демакдир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Одам организмидаги барча аъзолар қон орқали бир-бирига боғланиб туради. Қон ҳар бир ҳужайрага кислород етказиб бериб, тўқималарни озиқ моддалар, микроэлементлар билан таъминлаб туради.
Қоннинг тинимсиз ҳаракати туфайли ички секреция безларининг гормонлари тана бўйлаб тарқалади. Қон мураккаб тўқима ҳисобланиб, суюқ ва ҳужайра қисмлардан ташкил топган. Қоннинг суюқ қисми таркиби оқсил, тузлар, глюкоза, альбумин, глобулин, қон ивишида қатнашувчи ва организм иммунитети ҳосил қилувчи оқсиллардан иборат.
Қоннинг ҳужайра қисми асосан кислородни ташиш вазифасини бажаради. Қоннинг оқими етиб бормаган ҳужайра ва тўқима кислородсиз нобуд бўлади. Энг катта муаммо шундаки, қонни ва унинг таркибидаги ҳужайраларни сунъий йўл билан тайёрлаб бўлмайди. Шу сабабли касалликка чалинган минглаб кишиларни, шунингдек, турли хил шикастланишларда, жарроҳлик пайтида, туғиш жараёнида, фавқулодда ҳолатларда йўқотилган қоннинг ўрнини фақат соғлом кишилардан олинган қон воситасида тўлдириш мумкин.
Донор - бу ҳадя, инъом қилишни англатади. Демак, донор бўлиш саломатлик, жон баҳшида этиш билан баробар ҳисобланади.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти, Қизил Ярим Ой ва қизил ХОЧ ташкилоти, Халқаро қон донорлари жамияти, Қон қуйиш Халқаро жамиятининг таклифига биноан, 14 июнь - Халқаро донорлар куни деб белгиланган. Бу бежиз эмас. Айнан шу куннинг танланиши 1900 йилда қон гуруҳларини аниқлагани учун биринчи марта, 1940 йили қондаги резус-фактор тадқиқоти учун иккинчи марта Нобель мукофоти билан тақдирланган веналик бактериолог-иммунолог олим Карл Ландштейнернинг таваллуд куни билан боғлиқдир. Бу кунни махсус сана сифатида нишонланиши кишиларнинг донорларга бўлган миннатдорчилиги, ҳурмати билан белгиланади. Чунки донорлик меҳр-мурувват, саховат демакдир.
Соғлом киши учун вақти-вақти билан қон топшириб туриш соғлик учун фойдали бўлиб, бу баъзи касалликларнинг олдини олади. Шунингдек, қадимдан баъзи касалликлар маълум миқдорда қон чиқариш йўли билан даволаниб келинган. Зулуклар қўйиб ва табиблар тананинг маълум жойларини тилиб, қонни сўриб олиб ташлашган.
Соғлом одам танасида 5-5,5 литр қон бўлишини ҳисобга олсак, 200-400 мл. қон топшириш соғликка умуман безарардир. Организм йўқотган қонни бир неча соатларда тўлдиради.
Вилоятимиздаги донорларга барча шифокорлар номидан миннатдорчилик билдираман. Сизлар қилаётган савоб ишнинг салмоғи беқиёс. Ана шундай эзгу ишга камарбаста инсонлар сафи кенгаяверсин.
Неъматжон ҒОПИРХЎЖАЕВ,
Вилоят қон хизмати маркази бўлим мудири.
|