№26, 14.06.2012 Турсуной СОДИҚОВА
НИЯТ ХОЛИС БЎЛСА...
Яхшидан - яхши, ёмондан ёмон ният чиқади. Аввало яхшилигингизнинг иқрори учун ҳам энг гўзал ниятлар қилинг, беназир одамга айланишни ҳам ниятни поклашдан бошланг. Биринчидан, оғзингиздан чиққан гапга фаришталар "омин" дейиши рост. Иккинчидан, ҳар ниятингиздан юрак уйғонади, дил ўзига ёзиб олади, ақлга истак-буйруқ кетади, қарабсизки, феъл-атворингиз ўзгаради.
Балки, ҳамма ниятига етаверса, фоний дунёнинг ўзидаёқ жаннат бўларди-ку дерсиз. Тўғри, агар худбин бўлса, бировнинг бахтсизлиги устига тахт қурмоқчи бўлса, "Олтин балиқ" эртагидаги кампирдай "энди олтин балиғинг келиб хизматимни қилсин" дейдиган, беш бармоғини оғзига суққанлардан бўлса, ундайлар ниятига етмаслар. Улар тавбани қуюқ қилсинлар.
Фаришталар "омин" дейишининг ҳақиқатлигига мисоллар келтирай. Дорилфунунни битириб янги ишга келган пайтимиз. Муаллим қизлар тўпланиб, ўқув хоналарини жиҳозлаймиз. Орамизда шайтонларимиз кўп, ҳазил-ҳузул авжида. "Мен қиз кўрсам, мана бундоқ, ўғил кўрсам, мана бундоқ исм қўяман" деб, ҳали туғилмаган болаларга жамики ярқираган исмларни санаб чиқишади. Навбат менга келади, мен ҳам қувлик билан: "Биринчи қизим бўлади - Аширхон қўяман, иккинчиси ҳам қиз бўлади - Баширхон қўяман, учинчиси - Худоберди, тўртинчиси - Оллоберди бўлади..." - дейман. Аслида, бу гапларни уларни кулдириш учун айтаман. Аммо ният кетди-да! Аллоҳнинг қудратини қаранг, дастлаб қизларим - Ирода, Иқбол, кейин ўғилларим - Илҳом, Баҳром дунёга келишди.
Вояга ета бошлаганимдан тортиб, ниҳоятда хуфёна орзу қилардим: мен шундай одамга йўлиқсамки, мен билан унинг дунёси бутунлай ўзгарса, унга бошқаларда йўқ ҳаёт тортиқ этсам, яримта бўлса, бутун қилсам дердим. Шундай бўлди, болалар уйида тарбияланган, ота-она меҳрини кўрмаган, болаликни ўксуклик билан ўтказган, кўнгли учради. Бу одам ғоят билимли, меҳридарё, самимий инсон эди. Аммо шарқона одатларга ўргангунча, кўпчиликка аралашишга кўникккунча кўп қийинчиликлар бўлди. Онаси ўрнида камини яшириб, яхшисини ошириб, отаси ўрнида раҳнамо бўлишга чираниб, жигарлари ўрнида ёнида тиргак бўлишга уриниб яшадим ва мингдан-минг розиман. Бир одамнинг тобора яхшиланиб боришида сабаб бўлишинг савоб, ҳам ғоят мароқли. Аммо бу ярим кўнгилни бутун қиламан деб ўзим яримта бўлаёздим. Ният кетган-да!
Яна мисол. Ўша қиз ўртоқларимнинг бири тинмай ҳазиллашарди: "Шаҳарнинг тор ҳовлиларида ўлларинг сиқилиб, мен қишлоққа тушаман, кенг ҳовлида кўпчилик бўлиб яшаймиз, нон ёпиб, сигирларни соғиб, мазза қилиб юраман", дерди. Худди шундай бўлди. Қишлоққа, ўн болали, баракотли оилага келин бўлди. Қўш сигир соғиб, қўш тандир қуриб, умри тўйлар билан ўтиб боряпти.
Яна бир хомуш мисол. Бир қариндошимиз бор, ёшлигида жуда кўҳлик, аммо феъли тезгина эди. У "Мен ёш болани ёмон кўраман", деган гапни кўп қайтарар ва гўдакларни қўлига олмас, ёнига ҳеч йўлатмасди. У жуда яхши одамга тушди, бадавлат яшади, аммо... Аллоҳ унга фарзанд бермади. Ният - қалтис нарса. Уни кўнгилга тугишда бағоят эҳтиёт ва яна эҳтиёт бўлмоқ даркор!
Муҳтарам олим Ғайбулла ас-Салом айтганларидай, "Деворнинг ҳам қулоғи бор, яхши гапларни соғиниб туради". Болаларни ҳам баланд ва гўзал ниятлар билан овоз чиқариб эркаламоқ жоиз. Раҳматли дадам укаларимни "Ўғлонимнинг ўнта ўғли бўлади, ўнта ўғлининг ўнта оти бўлади", деб алқардилар. Гап уқиб қолганки бола бўлса, кўчада-ю экранда нимаики яхши нарса бўлса, ният билан қулоғига қуявериш керак: "Ўғлим, иншооллоҳ, мана шунақа полвон бўлади, мени мана бундай машиналарга солиб юради, катта бўлса, мана бундай уйлар қуриб беради, қўралар тўла қўй боқади, укаларига уни олиб беради, опаларига буни олиб беради..." каби сўзлар боланинг қулоқларига, идрокларига ёзилиб борсин. Шу ниятлар такрорланаверса, бора-бора унинг режасига, интилишларига айланиб боради.
Яратганга ёқишнинг энг яқин йўли ўзгаларга яхшилик илинаверишдир. Тонгдаёқ, уйдан ниятни поклаб чиқмоқ керак. "Худойим, мени кишиларнинг мушкулини осон қилишга яроқли қилгин, одамларнинг ризолигини олишни насиб этгин", дея ният қилсангиз, одамларга озор бермасликнинг йўлидан бораверсангиз, ўзингизнинг мушкулларингиз ечилаверади.
Кўксингизда гўзал ниятлар гулласин, биродар!
(Давоми бор).
|