№26, 14.06.2012 ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРИМИЗ
МАҚСАД САРИ ИНТИЛИБ...
Жалақудуқ туманидаги Бештол қишлоғида жойлашган 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хуршида Аъзамжонова мактабнинг энг фаол, ташкилотчи ва аълочи ўқувчиларидан бири саналади. Шу боис, тенгдошлари унга жуда ҳавас билан қарашади.
Хуршидабону Аъзамжонова 1997 йилда туғилган. 2004 йили мактабнинг 1-синфига қабул қилинган. Бу йил 8-синфида таҳсил олмоқда. Хуршидабону Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловида қатнашиб, Зулфияхоним қизлари сафидан ўрин олиш орзусида. Бу иқтидорли қиз тарих, инглиз тили, она тили ва адабиёти, ҳуқуқ, миллий ғоя ва маънавият асослари, рус тили фанларига қизиқади. 2010 йили "Аждодлар мероси - келажак пойдевори" шиори остидаги "Сиз тарихингизни биласизми?" кўрик-танловининг республика босқичида фахрли 3-ўринни олиб, устозлар ишончини оқлади.
Хуршидабонунинг отаси - Эркинжон ака Фарғона политехника институтини тамомлаган, онаси - Мўътабархон опа эса педагог. Акаси - Аҳрорбек академик лицей, синглиси - Фарангиз эса мактаб ўқувчиларидир.
Хуршидабону бадиий ижод билан шуғулланиб, шеърлар ёзади. Шунингдек, спортнинг волейбол тури билан ҳам шуғулланиб туради. Мактаб, маҳалладаги жамоат ишларида фаол, ўқиш ва хулқи намунали бўлган Хуршидабону дутор чалиш сирларидан яхшигина хабардор.
Биз катта мақсад сари интилиб, изланаётган Х.Аъзамжонованинг келгусидаги ўқиш ва ишларида омад тилаб қоламиз.
Ё. АСРАНОВА.
|