№26, 14.06.2012 ҚАТРА
ЯХШИЛИК...
Ана, рўпарамда бекатда бир киши машина кутиб турибди. У киши менга кўз таниш, унинг исми... Исми ким, қаерда яшайди, асли ким, билмайман. Бироқ, унинг истарали чеҳраси хотирамга муҳрланиб қолган. Боиси, бундан ўн йил муқаддам ҳужжатларим йўқолиб қолганида, уларни тиклашга ёрдам берган. Ўшанда мен жуда оғир ҳолатда эдим. У менинг тушкун ҳолатимни кўриб, ана шу танг ҳолатдан чиқишимга кўп ёрдам берган. Эвазига мендан ҳеч нарса талаб қилмаган. Шу боис, ногаҳон ўша кишини учратиб қолсам, "Умридан барака топсин, яхши одамлар ҳамиша бор бўлсин", деб қўяман ичимда. Гарчи у кишини яхши билмасам-да, менга қилган яхшилиги туфайли ёдимда қолган.
Ҳа, умр - ўткинчи, аммо яхшилик - умрбоқий, савобли, хайрли ишлар абадийдир. Ҳаёт яхши инсонларнинг холис ва эзгу амаллари туфайли мангу янграйдиган қўшиқдир.
Абдулла ШУҲРАТОВ.
|