№26, 14.06.2012 ГИЁҲВАНДЛИК БАЛОСИДАН САҚЛАНАЙЛИК
Ислом дини аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Шариатимизда барча маст қилувчи моддалар, жумладан, гиёҳвандлик ҳам ҳаром қилинган. Зеро, гиёҳвандлик инсонни хорликка етакловчи офатдир.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-оятида: "У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади", дея марҳамат қилади.
Ҳадиси шарифда "Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром", де-йилган (имом Муслим ривояти).
Имом Термизий ривоят қилган Ҳадисда: "Ҳар ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса Қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади", дейилади.
Ҳозирги кунда дунёда 500 млн. нафардан ортиқ инсон гиёҳвандлик дардига мубтало бўлиб, уларнинг 70 фоизини ҳали ёшликнинг навқирон вақтини яшаб улгурмаган, яъни 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилар экан. Фарзандимиз бу иллатга чалиниб қолса, бунга фақат ўзимиз айбдормиз. Шунинг учун уларга ибрат бўлайлик Фарзанд-ларимиз олдида, уйимизда, ҳатто сигарет чекмайлик. Худо ҳаром қилган нарсаларнинг ҳиди биздан анқиб турмасин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни инсон қилиб яратди. Инсонлар орасида мусулмон қилди ва пайғамбарлар бамисли узук бўлсалар унинг порлаб турган кўзи ҳотамун анбиё Муҳаммад (с.а.в.)га уммат қилди ҳамда Ўзбекистондек жаннатмонанд юртда яшаш бахтини насиб этди, барча нозу-неъматларни зиёда қилиб берди. Бугун истиқлол шарофати билан юртимизда қисқа давр ичида асрга татигулик хайрли ишлар амалга оширилади. Бугун ривожланган давлатлар ҳам Ўзбекистонимизга ҳавас билан боқмоқда. Лекин шундай бўлса-да, орамизда гиёҳвандлик иллатига мубтало бўлган айрим кимсаларнинг учраб тургани ачинарли ҳол.
Аср вабоси деб ном олган гиёҳвандлик балоси ҳозирги кунда дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Аввало, шуни айтиб ўтиш керакки, муқаддас динимиз таълимотларида, Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло инсониятга фойдали бўлган барча яхшиликларни ҳалол қилди. Инсонни ақлига, соғлиғига ва мол-мулкига зарар қиладиган барча нарсаларни ҳаром деб айтди.
Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар ҳаром", деб айтиб ўтганлар.
Дарҳақиқат, гиёҳвандлик инсон ҳаётининг барча соҳаларига, соғлиғига, оиласига, иқтисодига, одоб-ахлоқига таҳдид солиб, уни икки дунёда хору зор қилади. Бу иллатга мубтало бўлган инсонларнинг орзулари армонга, ҳаётлари зимистонга, гулдек умрлари эса хазонга айланади.
Шайх Санъонийнинг маш-ҳур "Субулус-Салом" номли китобларида: "Нима бўлса ҳам, маст қилувчи нарса ҳаромдир. Агар нашага ўхшаш ичилмайдиган нарса бўлса ҳам", деганлар. Шундай экан, гиёҳванд-ликка аралашиб қолишдан, уни истеъмол қилиб, икки дунёда хор бўлишдан сақланайлик.
Инсоннинг ўз жонига қасд қилмоғи бир ҳалокат бўлса, гиёҳвандлик ҳам худди шундай ҳалокатга инсониятни жар ёқасига олиб келадиган иллатдир. Охири фожиа билан якун топадиган гиёҳвандлик балосидан бугун дунё миқёсида жуда кўп одам жабр чекмоқда. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳар бир ота-она фарзанди тарбиясига масъулдир. Улар фарзандларини қаерда юрганини, дўстлари кимлигини, қандай юриб, кимлар билан мулоқот қилаётганлигини назорат қилишлари керак. Қолаверса, гиёҳвандлик деган бало домига тушиб қолмасликлари учун доимо ҳушёр бўлишлари лозим.
Ёши улуғлар, маҳалла фаоллари, ички ишлар, тиббиёт ходимлари, педагоглар, уламолар ёшлар орасида гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари ҳақида тушунтириш, тарғибот ишларини мунтазам олиб боришлари зарур. Бу масалада асло эътиборсизлик қилиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Турли офату балолар гирдобига тушиб қолишдан асрасин.
Ҳожиакбар ЯҲЁЕВ,
Андижон шаҳридаги "Зубайр ибн Аввом" жомеъ масжиди имом-хатиби.
Наврўзбек САМАДОВ,
"Холиқбердибой" жомеъ масжиди имом-хатиби.
|