Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№26, 14.06.2012

ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР

ЮКСАК ДИД ВА НАФОСАТ ТИМСОЛИ

Аёл кишига маълум бир соҳада, жумладан, модалар оламида ўзини намоён этиш осон эмас. Айниқса, ХIХ асрнинг бошларигача аёлларнинг бизнес билан шуғулланиши ақлга сиғмас юмушлардан бири эди. Токи... Оддий бир француз аёлининг аёллар либоси яратиш бўйича улкан бир модалар империясини барпо этгунича... Бу аёлнинг номи дунёнинг энг машҳур модельери сифатида эътироф этилади. У Коко Шанель - Габриэл Бонёр Шанель эди.

Бугун эса Шанель бу - кийим-кечаклар, атир-упа, бижутерия... Шанель бу - бутун дунё шу маҳсулотлар сотиладиган дўконлар тармоғи. Шанель бу - фабрикалар, офислар… Шанель бу - саноат.

Габриэлнинг ҳаёти ширин кечмади. 1883 йилнинг 19 августида Франциянинг Сомур шаҳрида дунёга келган қизалоқ 12 ёшга кирганида онасидан айрилади. Онасиз қолган қизалоқнинг пешонасига отасидан ҳам айро яшаш битилган экан. Уни аввал меҳрибонлик уйига, кейин аёллар монастирига топширишади. Мактаб таълимини эса интернатда олади. Айни 18 ёшлик балоғат даврида Габриэл меҳнат фаолиятини кийим-кечак дўконида сотувчиликдан бошлади. Кечқурунлари эса кафеда қўшиқчи бўлиб ишлади. Габриэлнинг француз санъатига меҳри бўлакча эди. Айниқса, "Ко ко ри ко" ва "Кви ква ю Коко" номли миллий қўшиқларни маҳорат билан ижро этарди. Шу боисми, кўп ўтмай мухлислари Габриэлни қўшиғига мослаб Коко дея чақиришадиган бўлди. Шу-шу унинг бу тахаллуси умрбод қолиб кетди.

ХОНАНДАЛИКДАН

МОДЕЛЬЕРЛИККА...

Коко хонандаликда омади юришмагач, санъатни тарк этди. Бироқ ўзи танлаган тикувчилик ҳам бошида қийин кечди. 25-30 ёшга чиққан бу аёлга негадир омад ҳеч қиё боқай демасди. Аммо эркаклар борасида унга қизиқиш билдирувчи, ҳомийлик қилувчи мардлари доимо топиларди. Шулардан бири Этьен Бальсак, унинг шахсий дўкони очилишига мўмайгина пул ажратди. Кейинчалик, Шанель бой оиладан бўлган Артур Капель исмли йигитга кўнгил қўяди, бироқ йигит ўз табақасига муносиб оқсуяк қизга уйлангач, тақдирга тан беришга мажбур бўлди. Лекин, ўз иродаси билан у шахсий ҳаётидаги муваффақиятсизликлар аламини ишдан олди ва 1915 йилда шахсий фирмасини очишга муваффақ бўлди. Аста-секинлик билан рақобатчиларга ўз таъсирини ўтказа бошлаган фирма кейинчалик катта тармоққа айланиб, машҳур бўлишини ўша пайтларда рақобатчилар ҳам билишмагандир эҳтимол. Шанель ўз мижозларига таклиф қилган кийиниш услублари одамларда катта қизиқиш уйғотарди. Ўз фирмасининг юзи эса бу Коконинг ўзи эди. У тажрибаларнинг барини ўзида синаб кўрарди. Янги кийимни ўзи кийиб реклама қилар, гўзал қомати унга бу имконни ҳам туҳфа қилганди. Тез ва тўғри қарор қабул қилиши натижасида Габриэл тобора катта ютуқларни қўлга кирита бошлади. У мода бозорида якка ҳукмронлик ўрната олди. У энди катта гонарарлар ишлар, оқсуяклар учун махсус кийимлар яратарди ва Коко деярли ҳамма юлдузларнинг ҳурматини қозонганди.

1919 йилга бориб Коко либослари билан дунёни забт этиб улгурди. Ер юзининг турли минтақаларида унинг мухлислари Шанель яратган эркин бичимдаги юбка, фланелли блейзер, матроска, свитер, юбка ва жакетдан таркиб топган костюмини кийишадиган бўлди.

ШИРИН ИФОР ИЗЛАБ...

У фақатгина либослар дизайни билан чекланиб қолмади. Нозиктаъб хонимлар учун либос ва ширин ифор уйғунлиги уни изланишга чорлади. Орадан икки йил ўтиб-ўтмай Коко энди парфюмерия маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қарор қилади. 1921 йили машҳур "Chanel № 5" атири дунё юзини кўрди. Шанелга қадар атирлар мураккаб ифорли бўлмаган. "Моноаромат", яъни бир ҳидли ўрнига бир нечта гул исини ўзида мужассамлаштирган илк атирлар ҳам айнан Шанель хонимнинг ихтироси. "5" Шанель хонимнинг севимли рақами бўлган. Коконинг либослар коллек-циясини айнан ойнинг бешинчи санасида мухлислари эътиборига ҳавола этиш одати ҳам шундан. Ўша йили Шанель аёллар учун яна бир ажойиб либосни туҳфа этди. Бу "қора кўйлак" эди. Унгача қора кўйлак урфда бўлмаганди. 1926 йили Американинг "Vogue" журналининг эътирофидан кўпчилик ҳайратда қолганди. Ўшанда оммабоплик жиҳатидан донг таратишда "бежирим қора кўйлак"ни "Форд" автомобилининг шуҳратига қиёсланганди. Америкада "Форд" нималигини эса изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Энди Шанель ўта машҳур, бадавлат аёл эди. Энди у гарнизонма-гарнизон қўшиқ куйлаб юрмас, мода оламининг чинакам қироличаси эди, лекин оила масаласида омади юришмагани ҳамманинг унга ачинишига сабаб бўларди. Ўзининг ёлғизлигини Коко Худонинг унга берган юксак қобилияти натижаси, деб билди.

1939 йилга келиб, Шанель хоним ўз ижодида танаффус қилишга тўғри келади. Иккинчи жаҳон уруши туфайли Коко дўконлари ва Модалар уйи фаолиятини вақтинча тўхтатади. Аксарият европалик дизайнерлар Америка томон равона бўлдилар, лекин Шанел Парижни тарк этишни хоҳламади. Урушдан кейин эса Коко Швейцарияга кўчиб кетади.

СЎНГГИ КОЛЛЕКЦИЯ

Ўтган асрнинг 50 йиллари... Бекорчиликни ўзига эп кўрмайдиган қалби қайноқ дизайнер хоним яна иш ва ижод ҳаракати тушган. Севимли машғулотига бўлган муҳаббат ва кучли иштиёқ яна машҳур Шанелни ижод сари етаклайди. 1954 йили 71 ёшни уриб қўйган модалар оламининг маликаси янги, классик услубдаги либосларни янада мукаммаллаштирган коллекцияси билан Ватанига қайтади. Ўша куни Парижнинг киборлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Шанель хонимга умид кўзларини тиккан. Афсуски, улар кутганидек, янги либослар намойиш этилмади. Коко олдин тақдим этган либосларига бироз ўзгартириш киритганди, холос. Бундан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлгани аниқ. Наҳот бутун дунёни ўз либослари билан буркаган Шанелга янги коллекция яратиш қийин бўлган бўлса? Йўқ, бунда бошқа рамзий маъно бор эди. Шанель бу билан ўзи яратган либослар ҳеч қачон урфдан қолмаслиги, ортга қайтмас йиллар, умрлар, вақтлар ўтса-да, классик услубдаги кийимлар ҳамиша ўз тароватини йўқотмаслигини кўрсатмоқчи эди у...

Дарҳақиқат, Шанелдан қолган твидли костюмлар ҳали-ҳануз жозибасини йўқотмаган, урфдан чиқмаган. Айниқса, инглиз хонимлари ҳамда қироллик хонадони аёллари ҳозирда ҳам Шанель услубидаги классик костюмларни хуш кўриб кийишади. Тўғри бичимдаги тиззанинг пастига тушадиган тор юбка, айлана ўймали ёқасиз жакет, қоплама чўнтак ва тилларанг тугмачалар - мана шулар чинакам виқор бағишловчи Шанель либослари... Одми, лекин ғоят кўркам ва ярашимли...

Шунингдек, Коко Голливуд билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўя олди. Одри Хепберн ва Лиз Тайлор сингари юлдузларни кийинтирган ҳам Коко Шанель эди. Ўша пайтнинг ўзида Шанель хоним модалар империясининг йиллик даромад манбаи 160 миллион долларни ташкил этганди. Коко мода оламига қўшган улкан ҳиссаси туфайли "Таймс" журнали томонидан дунёнинг энг нуфузли инсонлари рўйхатига киритилган.

1971 йилнинг 10 январида Шанель хоним сайрга чиқди ва ўзини ёмон ҳис қилиб, яна уйига қайтди. У анча тетик бўлишига қарамай, 88 ёшида вафот этди. Габриэлни қироличаларга хос тарзда дафн қилишди.

1971 йилнинг 26 январида эса Коко Шанелнинг ўзи яратган энг сўнгги коллекцияси намойиш этилди.

Шанель бутун умрини аёллар либосини яратишга, модага ва ўзининг Модалар уйи равнақига бахшида қилди. Унинг шахсий ҳаётида бахт кулиб боқмади. Яратган уни аёллик бахтидан, оналик бахтидан бенасиб этган бўлса-да, юксак иқтидор ва истеъдод соҳибаси сифатида шон-шуҳрат билан сийлаб қўйганига тарихнинг ўзи гувоҳ...

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди