№26, 14.06.2012 ҲИКОЯ
АСИЛА
Файзулло самолётга чиқиб жойлашгач, чуқур тин олди. Ҳайрият, иш битди. Кўнгил ўрнига тушди, шартномалар тузилди. Ҳисоб рақамига пул ўтказилди. Демак, ўн кундан бери бу шаҳарда ўтказган кунлари бефойда кетмади.
"Уф, бир ишни охирига етказиш ҳам қийин бўлиб кетяпти".
У ростмона жойлашиб олгач, салон ичига аланглаб назар ташлади. Ана шу лаҳзада ёнгинасида ўтирган аёлни қаердадир кўргандек туюлиб, қайта қаради. Қорачадан келган, гавдали, думалоқ юзли бу "қўшни" қора кўзойнак тақиб олгани учун унинг қаёққа қараётганини билиб бўлмасди.
"Тавба, самолётда олифталик қиладими, ё кўзи..."
Файзулло яна қарашга уялиб, бошини орқага ташлаб кўзларини юмди. Ҳадемай Тошкентда бўлади. Борибоқ ҳужжатларини бош офисга топширади-да, машинасига ўтириб, Андижонга жўнайди. Уйдагиларини соғинди. Улар ҳам роса хавотир олишаётгандир.
- Сув ичасизми? - салон бекасининг ёқимли овозидан кўзини очди ва патнисдаги сувга қўлини чўзди.
Қора кўзойнакли аёл ҳам кўзойнагини ечиб, патнисга қўл узатди.
Файзулло унга "ялт" этиб қаради-ю, "Ия", деб юборди.
- Асила?!
- Файзулло?!
- Йигирма йилдан ошди-я кўришмаганимизга? Учрашган жойимизни қаранг?! - Файзулло уни "сен"лармиди, "сиз"лармиди, эслолмасдан чайналиб қолди.
- Шуни айтинг, Андижондагилар тинчми? Ишларингиз яхшими?
Асила энди собиқ синфдоши билан тасодифан учрашиб қолганига ишонч ҳосил қилгач, ўзини босиб олиб мулойимлик билан гапира бошлади.
- Ёмон эмас.
- Хурсандман.
- Сиз... Умуман, Андижондан кетиб қолдингиз, шекилли? Тошкентда, деб эшитяпмиз. Синфдошлар билан тўпланганда бир йўқлаймиз деймиз-у, яна ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб, маслаҳатимиз пишмайди, - Файзулло ҳам у каби самимий бўлишга ҳаракат қилди.
- Раҳмат, йўқлаганларингиз учун. - Асила гапи тугагандай жим қолди.
Файзулло унинг сўнгги сўзидаги ўкинчини англади-ю, ўзини айбдордай сезиб ўнғайсизланди. Шу боис Тошкентга етгунча оғиз очишга журъат қилолмади.
Самолётдан тушгач, аэропортдаги автобусларга ўтиришаркан, Асиланинг ўша-ўша оқсоқланиб юраётганини кўриб, юраги "шув" этди. Айбдорлик ҳисси баттар исканжага олди. Азбаройи хижолатлигидан Асилага ёрдамлашиш учун унинг сумкаларига қўл чўзди.
- Вой, унча оғир эмас, - деди Асила. - Уйдагиларга, шогирдларга совға-салом олувдим.
Файзулло баттар ўнғайсизланди.
Асила унинг ҳолатини сезди шекилли, шоша-пиша қора кўзойнагини тақиб олди. Оқсоқлигидан ташқари чап кўзи сал қисиқроқ, гапирганда баттар қисилиб кетадиган бу синфдоши бирга ўқиган қизлари орасида хунуги эди. Бунинг устига тўладан келган, бўйи узун бўлгани учун бесўнақай кўринарди. Орадан шунча йил ўтса-да, ҳали ҳам кўриниши ўша-ўша. Аммо юзида ажиб истара, нур бор. Буни бир қарашда илғаш мумкин. Бошидаги оқ рўмол эса унга янада ўзгача салобат бахш этади.
- Самарқандда нима қилиб юрибсиз? - Файзулло ноқулайликдан қутулиш учун Асилани саволга тутди.
- Зиёратга борувдим.
- Регистонни кўриб келаётган экансиз-да?
- Нафақат Регистонни, - Асиланинг юзи жиддийлашди. - Ҳар йили бир маротаба Хива-ю Бухоро, Самарқандга бораман. Улуғларимизнинг хоки пойларини зиёрат қиламан. Бутун дунёдан кўриш учун келишади-ю, нега биз бир йилда бир марта у азиз жойларнинг тупроғини кўзларимизга суртишга бормаймиз, деб ўзимга ўзим танбеҳ бериб, уч йилдан бери боришни одат қилдим. Кўп вақтимни Ал-Бухорий ҳазратларининг ёдгорлигида ўтказаман, юрагим ҳаловат топиб, қайта туғилгандай бўлиб қайтаман Тошкетга.
Асила бу сўзларни шунчалар ифтихор ва самимият билан айтдики, Файзулло беихтиёр:
- Вақт топганингизга қойилман! - деб юборди.
Асила кулиб қўйди. Файзулло эса шунча вақт Самарқандга бориб қунт қилиб бирорта зиёратгоҳни кўрмагани учун ўзидан ўпкалади.
Улар ташқарига чиқиб улгурмай, баланд бўйли, қорачадан келган эркак уларга пешвоз чиқди.
- Аяжониси, яхши келдингизми? - деди у Асиланинг қўлидан юкини оларкан. - Зиёратларингиз қабул бўлсин.
- Ассалому алайкум, дадажониси! - Асила қўлини кўксига қўйиб тавозе билан эркакка жавоб қайтарди.
Файзулло бир зум каловланди, азбаройи ҳайрон бўлганидан сўрашишни ҳам унутаёзди.
- Дадажониси, бу киши синфдошим, самолётда учрашиб қолдик, - Асила уни ноқулай вазиятдан чиқарди.
- Ия-ия, шунақами? - эркак самимийлик билан Файзуллога қўлини узатди. - Каримжонман, мана шу саёҳатчи синфдошингизнинг умр йўлдоши бўламан.
Файзулло кўришишга шошди.
Сўнг ҳаммалари катта кўчага қараб юришди.
- Ука бизнинг машинага чиқа қолинг, меҳмон бўлиб кейин кетасиз Андижонга, - деди Каримжон ака такаллуф билан.
- Раҳмат, ака, шу ердаги заправкада машинам бор, - деди Файзулло улар билан хайрлашиш тараддуди билан. - Насиб қилса бошқа келармиз.
Шу маҳал икки йигит уларнинг ёнига етиб келди.
- Ассалому алайку, устоз! Зиёратларингиз қабул бўлсин, - дея улар Асилага мурожаат қилишди.
- Раҳмат, қуллуқ. Айтгандимку, овора бўлиб кутиб олгани чиқманглар, Каримжон ака чиқадилар деб, - Асила кулиб йигитларга танбеҳ берди.
(Давоми бор).
Матлуба ЮСУФОХУН.
|