№27, 21.06.2012 БЕХАТАР ОНАЛИК ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасидаги қатор қарорларнинг, соҳа ривожини таъминлашга қаратилган давлат Дастурларининг қабул қилиниши тиббий хизмат сифати ва савиясини янада юқори босқичга кўтарди.
Биринчи навбатда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ мазкур йўналишда ижобий натижаларга эришилмоқда.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, "Фарзанд соғлом бўлиши авваломбор аёлга боғлиқ. Соғлом она - соғлом бола. Соғлом бола - соғлом келажак" тамойилига амал қилиб, бугун асосий эътибор келажагимиз эгаларининг соғлом туғилиши ва ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Ислоҳотларнинг ижобий натижалари туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланади. Бўлим 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, ўтган йили "Осиё тараққиёт банки"нинг "Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида капитал таъмирланди ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилиб, тумандаги энг намунали тиббий муассасалардан бирига айланди.
Туғруқ мажмуасида 4 та туғруқ зали, жарроҳлик, реанимация бўлимлари ҳамда чақалоқлар учун махсус хоналар мавжуд. Улар "Саломатлик-2", "Саломатлик-3" лойиҳалари бўйича 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
Бўлимимизга келган аёллар махсус экспресс-тестдан ўтказилади. Текширувлар замонавий функционал-диагностик аппаратлар ёрдамида амалга оширилиши касалликларни тез аниқлаш ва ташхис қўйишда қўл келмоқда. Туғруқхонада ҳафтанинг ҳар чоршанбаси "Очиқ эшиклар куни" деб белгиланган. Шу куни бўлимимизга ташриф буюрганлар билан туғруқлар ўртасидаги оралиқ танаффусларининг аҳамияти, она сутининг фойдалилиги, ҳомиладор аёлларнинг кун тартиби мавзуларида суҳбатлар ўтказилади, кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади.
"Мустаҳкам оила йили" Давлат дастури доирасида белгиланган чора-тадбирлар асосида туғиш ёшидаги аёллар зарур тиббий кўрикдан, ҳомиладор аёллар эса скрининг текширувларидан ўтказилмоқда. Текширувлар натижасида турли хасталиклар аниқланган аёллар даволанишга жалб этилади.
Муассасамизда "Репродуктив саломатликни сақлаш" лойиҳаси доирасида "Бехатар оналик" дастури амалга оширилмоқда. Ҳомиладор аёллар учун меъёрдаги туғруқ жараёнини ташкил этиш, туғруқ стрессларини бартараф этиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш мазкур дастурнинг асосий мақсадидир. Қолаверса, туғруқ жараёнларида она учун эркин муҳит ва зарур шароитларни яратилганлиги ҳам туғруқларни кўнгилдагидек ўтишини таъминламоқда. Чақалоқ туғилиши билан она бағрига берилиши уларнинг соғлиги ва руҳиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Натижада, патологик туғруқлар камайиб, она ва боланинг руҳий-жисмоний соғлиги таъминланяпти.
Тажрибали шифокорлардан Матлубахон Шерматова, Одинахон Илмияминова, катта доя Шаҳзода Ҳайдарова, доя, соғлиқни сақлаш аълочиси Манзурахон Давлатоваларнинг олиб бораётган ишларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳамширалар Холида Турғунова, Қурвоной Аҳмаджонова ҳамда Гулбаҳор Абдуллаевалар ширин муомаласи ва кўрсатаётган хизматидан кўплар мамнун.
Бўлимимизнинг санитария-гигиена ҳолатини талаб даражасида сақлашда, ҳудудимизнинг ободончилик ишларида хўжалик бекаси Майрамхон Алихонова, бўлим бекалар Зокирахон Кенжабоева, Манзурахон Ёқубова, Адашхон Сиддиқова ҳамда Азизахон Каримоваларнинг хизматлари катта бўлмоқда.
Бўлимимизда "Оналар мактаби" доимий фаолият олиб боради. Унда ёш оналарга "Бола парвариши", "Кўкрак сутининг аҳамияти", "Туғруқлар оралиғини сақлашнинг муҳимлиги" мавзуларида маслаҳат ва тавсиялар бериб борилади.
Бош мақсадимиз она ва бола соғлиғини муҳофаза қилиш, бехатар оналикни таъминлашдир. Бу йўлда бор имкониятларимизни ишга солиб, астойдил меҳнат қиламиз.
Дилрабо ЭРМАТОВА,
туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ бўлими мудираси.
|