№27, 21.06.2012 Турсуной СОДИҚОВА
ҲАР КИМГА ШУКРОНАЛИК НАСИБ ЭТСИН
Биродар, сен Аллоҳдан эртадан кечгача нималарнидир сўрайсан, яна бу илтижоларинг йил-ўн икки ой давом этади. Бу тинимсиз сўрашларингдан бирор марта андиша ҳам қилмайсан. Яратганга раҳмат ҳам айтиб қўяй демайсан, шукрона келтирмайсан.
Ахир, Аллоҳ ўз неъматларини бошингдан қуйиб, атрофингни тўлдириб ташлабди-ку!
Инсонни буюк зот дейдилар. Мен гоҳо шак келтириб, тирик мавжудотлар ичида инсон энг нотавони ва мажруҳи дегим келади. Биринчи нотавонлиги шуки, у ўзида нима неъмат борлигини билмай, дунёга шер бўлиб келиб, тошбақадай судралиб ўтиб кетади! Иккинчиси, бир нарсани йўқотгандан кейингина унинг қадрига етади. Масалан, инсон зотининг тўқсон фоизи ота-онасининг қазосидан сўнг унга меҳр изҳор қилади. Агар тирилсангиз мана бу тахтга ўтқазардиму, мана бу бахтни тутқазардим, деб мозорларда бўзлаб юради!
Учинчидан, дунёда мусича мусичани, кабутар кабутарни, қўй-қўйни еган эмас, фақат инсон бир-бирини еб, қувиб, куйдириб адо қилади! Шунинг учун ҳам Аллоҳ инсоннинг кўргулигини кўп яратгандир, эҳтимол?..
Атрофимиздаги неъматларни танимаганимиз, шукрона айтишни билмаганимиз йўлимизни тобора боғлаб бораверади. Ҳар биримизда кунда ўн бор байрам қилишга ярашиқли афзалликлар бор - оёғингиз оғриётгани ёки қулоғингиз эшитмаётганини айтиб йиғлайверасиз. Айтинг-чи, кўзингиз кўряпти, томоғингиздан овқат ўтяпти, ҳазм бўляпти, юрагингиз соғ. Унинг шукронаси қани?
Бир бемор болангиз бор. Эзилаверасиз, Аллоҳдан ўртаниб тиланаверасиз - қолган уч болангиз лочиндай учиб юрибди-ку, унинг раҳмати, шукронаси қани? Ахир, улар ҳам ногирон бўлса қандоқ қилган бўлардингиз?!
Иморатим битмайди деб, тутаб ёнасиз, болам ўқишга киролмади деб тўлғонасиз, мана бу мансабдан айру тушдим деб сарғайиб, нега пулим кўпаймайди деб кичрайиб борасиз. Тўхтанг, биродар, ёнингиздан лопиллаб ўтиб бораётган тобутга қаранг! Оёғингиз тагидан шамол ўтиб турибди, иншооллоҳ, битади у бино! Ўқишга киролмаса, шу ҳам фожеами? Болангизнинг боши тошдан бўлсин! Ота-оналикнинг ширин ташвишлари бу! Бунга етган бор, етмаган бор ва ҳоказо... Муомаласи қўрсроқ ёки хасисроқ бўлса-да, болаларингизнинг эшикдан кириб келадиган отаси борлигига шукр. Жавраса ҳам, асабларингизни тордай чалиб турса ҳам, қозоннинг тагига ўт ёқиб, болаларингизни қаноти остида иситиб ўтирадиган аёлингиз омонлигига шукр!
Эшигингизни тақиллатиб, сизни соғиниб келадиган одамларингиз борлиги, ота-она бўлиш насиб этгани, келинлик, куёвлик бўлиб уй тўрига ўтганингиз, бола-чақа учун кўчага чиқиб, нон-чой топиб келишга яроқли бўлганингиз - сизнинг бойваччалигингиз, толеингиз борлигидир - шукр, шукр ва яна шукр айтиш керак.Жуфтимиз қурол ушламай, ўғлонимиз қон кечмай, хонадонимиз қаҳатчилик кўрмай буюк инқилоб ясадик - Ватан озод бўлди. Масжидлардан хотиржам азон овози эшитиляпти, она тилида нутқ сўзлаб, ўзбекча муҳр босяпмиз, юртнинг болалари дала ҳовлига чиқиб келгандай осонлик билан дунёнинг тўрт тарафига чиқиб илму ижтимоятда музокара ва муомала қилиб келяптилар. Содир бўлаётган қийинчилик ожизга ҳам кўриниб турибдики - бари даврий, ўткинчидир. Ўтиш даврининг шунчалик захматига тоб бермаса, киши Худонинг қаҳрига учрайди. Бу - тобланиш қийин-чиликлари, яратиш, бунёд этиш йўлида, чекилган заҳматлардир. Бу таланган ўлканинг Ҳуррият ичра қайта тикланиш азиятларидир. Бу қийинчилик, бу азиятлар кўзларимизга сурма, бошимизга дурра бўлмоғи лозим. Минг шукр озодлик учун! Аллоҳдан бизга кўз тегмаслигини илтижо қилмоғимиз жоиз. Берганига шукр қилмасанг, бераридан қисади Аллоҳ. Шукрона ёрингиз бўлсин, биродар!
|