№27, 21.06.2012 САЛОМЛАШИШ ОДОБИ
Кўча-кўйда, жамоат жойларида кишиларнинг турлича саломлашишларига гувоҳ бўламиз. Баъзи ёшлар, ҳатто, катталар ҳам саломлашиш одобига, меъёрига риоя қилмасликлари бор гап. Айрим ҳоллар-да салом берган кишига алик қайтармаслик ҳам кузатилади.
Аллоҳ таоло айтади: "Қачон сизга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи зотдир" ("Нисо" сураси, 86-оят).
Саломлашиш кишилар ўртасида меҳр-муҳаббат пайдо қиладиган хайрли амал бўлиш билан бирга, маънавиятимиз, исломий қадриятларимиз сирасига киради. Демак, саломлашиш одобига риоя этсак, бир-биримизга эҳтиром билдириш баробарида ёшларга ибрат кўрсатган, Пайғамбаримиз (с.а.в) кўрсатмаларини адо этган бўламиз.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а) Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) дан ривоят қиладилар: "Салом Аллоҳнинг исмларидан биридир. Уни ораларингизда кенг ёйинглар!". Бошқа бир ривоятда айтилганки: "Қачонки бир мусулмон бошқа бир мусулмонга салом берса, ва у унга алик олса, малоикалар алик олган кишига 70 марта саловат айтадилар. Агар алик олмаса, малоикалар ўзлари берилган саломга алик оладилар ва бу саломга алик олмаганга 70 марта лаънат айтадилар".
Абу Муслим Ҳалавоний тўп бўлиб турган одамлар олдидан ўтиб қолсалар, уларга салом бермасдилар. Бунинг сабаби сўралганида: "Мени салом беришдан тўсган нарса - агар улар саломга алик олмай қолсалар, малоикалар уларга лаънат айтиб қолишидан қўрқишимдир", дедилар.
"Бўстонул орифин" китобида ёзилишича, юриб кетаётган ўтирган кишига, кичкиналар катталарга, отлиқ пиёдага, от минган киши эшак минганга салом беради. Алик олувчи жавобини эшиттириб айтиши лозимдир. Чунки, салом берганга жавоби эшитилмаса, у алик ўрнига ўтмайди. Инсон аҳли байтига (уйига) келганда салом беради. Агар уйида ҳеч ким бўлмаса, "Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин", дейди. Шундай қилинса, уйдаги малоикалар алик оладилар. Натижада бу уйга баракотлар нозил бўлади.
Гап бошлашдан олдин салом бериш ва саломга алик олиш вожиб амалдир. Демак, салом бериш суннати кифоя, алик олиш эса фарзи кифоя. Яъни, бир тўп одамларнинг ичидан битталари салом бериб қўйса, қолганларнинг зиммасидан бу суннат амал соқит бўлади. Лекин ҳаммалари салом бериши афзалдир.
Алик олиш ҳам худди шундай, агар жамоатдан бир киши саломга жавоб қайтарса, шу кифоя қилади. Салом беришда "Ассалому алайка", демасдан, "Ассалому алайкум" дейиш мақбулроқдир. Боиси, киши ҳеч қачон ёлғиз эмас, унинг ҳамроҳлари фаришталари ҳам бор. Саломга жавобда "Ва алайкум ассалом" дейиш афзалдир, яъни "ва" сўзини қўшиб айтилган маъқулдир. Алик ўз вақтида тез олиниши шарт.
Агар берилган саломга жавоб кечиктирилса, унда мусулмон ўз биродарига ҳурматсизлик қилган бўлади. Агар бир кишига бошқа бир кишидан бир элчи ёки хат орқали дуои салом юборилса, жавоби тезда қайтарилиши лозим.
Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдиларки: "То имон келтирмагунларингча, жаннатга кирмайсизлар. Ва бир-бирларингиз билан дўст-биродар бўлмагунларингча комил, имонли бўла олмайсизлар. Сизларга бир амални тавсия қиламанки, агар уни бажарсаларингиз, бир-бирларингиз билан биродар бўласизлар: ўрталарингизда саломни кенг ёйинг-лар" (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Азизлар, саломлашиш Аллоҳ буюрган амаллардан, қолаверса, инсоний одоб-ахлоқнинг юксак кўринишларидан бири экан, бир-биримиз билан саломлашиб юришни канда қилмайлик. Бу билан ҳаётда ҳурмат-эътибор топсак, охиратда Яратганнинг ҳидоятига сазовор бўламиз.
Санъатбек ТУРСУНОВ,
Олтинкўл тумани.
|