№27, 21.06.2012 ТАФАККУР
ИЛИНЖ
Дунё ўткинчи экан - кечагина мана шу дарахт ниҳол эди. Бугун эса ундан одамлар ҳосил олмоқдалар...
Бу фоний дунё экан - кечагина бу дарахт ҳосил берар эди. Бугун эса бу дарахт қулади.
Абадий эмас экан бу дунё - кечагина сизни жонидан ортиқ севган инсон бугун ўз жонини сақлаш учун сиздан воз кечди.
Ғаройиб дунё экан - дўстим деб ишонган инсонингиз бугун ўзига зор этди. Кечагина сизга душманлик қилган одам, бугун ёрдамини аямади.
Қайтар дунё экан - кечагина онаизорингизни меҳрингизга ташна қилгандингиз. Бугун эса дилбандларингиз йўлларига кўз тикиб яшамоқдасиз.
Ҳа, бу дунё ғаройиб дунё экан - кечагина ҳатто, саломингизни назар-писанд қилмаганлар бугун хизматингизга шай. Ёхуд, яқин-яқинларгача ҳар ерга чўзган қўлингиз кўзланган жойга етар эди. Бугун... бугун эса "узун" қўлларингиз кўксингизга босилган ҳолда қолиб кетяпти.
...Дунё ўткинчи экан - кечагина ҳаёт юрганлар, осмон қадар юксалиб яшардилар. Бугун эса... ер қаърида.
Бу дунёда ҳамма ўз билганича яшайди. Аммо ҳеч бир нарса боқий эмас - ҳаммаси ўткинчи. Бироқ... бироқ бир илинж бор - ЯХШИЛИК АБАДИЙ ЯШАЙДИ!
Диёра ШАВКАТБЕКОВА,
АДУ қошидаги 2-сонли академик лицей талабаси.
|