№27, 21.06.2012 ЭРТА ТОНГ
Эрта тонгдан ҳам эртароқ туриш ўзбекларга азалий одат. Қадим-қадимдан, узоқ ўтмишдан, ота-боболардан мерос - ҳар нарсанинг эртаси яхши. "Эрта турсанг ризқинг зиёда бўлади", дейишади кексалар. Ўзлари ҳам доимо шу нақлга риоя қилишади.
Эрта тонгдаёқ кўча дарвозалари аста очилади. Ота-оналар ибодатлар қилишади. Ўғил фарзандлар уй ҳайвонларига қарашади, тирикчиликни ўйлашади. Қизлар-келинлар эса ҳовли супуришади, сувлар сепишади. Ҳовли чиннидек тоза бўлади.
Уй ҳайвонларига ин қурган қалдирғочлар ҳам чуғурлашиб қолишади. Ҳовли саҳнига экилган анвойи гуллар ҳиди борлиқни тутади. Ранг-баранг атиргуллар, райҳону жамбиллар майин эсган шамолда тебраниб-тебраниб салом беради.
Ўзбек дастурхони эрталабки нонуштада ҳам тўкин-сочин бўлади. Бўрсилдоқ нонлар, пиёла тўла мазали қаймоқ, турли ширинликлар иштаҳани очиб юборади. Сир эмаски, ўзбек тўйлари эрталабки нонуштадан бошланади. Қари-ю ёшлар наҳор ошига таклиф қилинади. Косаларда шўрва, товоқларда мазали ош тарқатилади. Кўнгиллари соқолларидан ҳам оқроқ кексаларнинг қайта-қайта дуо қилишлари, "Ҳатмидан", дея оқ тугунчаларни кўтариб келишлари қайси миллатда бор? Бундай одат қайси юртда бор?
Эрта тонгнинг файзи бор, баракаси бор. Эрта турганни эса эртаси бор, бахти бор. Эрта тонг - ҳаётнинг боши.
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.
|