Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№28, 28.06.2012

БИЗНИНГ СУҲБАТ

ОДАМЛАРГА МУҲАББАТ БЕРИНГ

Суҳбатдошимиз Ёқутхон Маматова Марғилон шаҳрида таваллуд топган. 1987 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини, 1993 йил аспирантурасини тамомлаган. Ҳорзирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабаларига сабоқ бериш билан бирга, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети "Матбуот" кафедраси мудири сифатида ҳам фаолият олиб боради. Соҳага оид қатор дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи.

Водийнинг аёллари ўзгача, айниқса, шаҳди, шижоатига таъриф йўқ. Хусусан, Ёқутхон Маматова ҳақида гап кетганда, уни билган барча кишилар опанинг талабчанлиги, тўғрисўз, меҳнатсевар, ташаббускор ва ташкилотчилиги, энг муҳими, ўз ишининг етук мутахассиси эканлигини эътироф этадилар.

Опа билан учрашиб, суҳбатлашганимизда юқоридаги таърифлар нақадар тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Нозик жуссасида жасорат, қароғларида меҳр, юзларида устоз саховатини, самимий ва сахийликни кўрдик. Қисқагина суҳбатимиз жараёнида опанинг аёл, бугунги кун журналистикаси ва тарбия хусусидаги фикр ва қарашларини билишга қизиқдик.

- Аёл - жамият тарбиячиси, аёл - уйнинг фариштаси. Бу икки ибора ўртасидаги боғлиқлик ҳақида тўхталсангиз...

- Атрофга синчковлик билан назар ташласак, аёллар ўзларининг билимдонлиги, интилиши билан жамиятнинг юқори поғоналарига чиқаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Улар шундай хусусият эгаларики, букилмас иродаси, тил топиша олиш қобилияти ила давлат идораларида муҳим вазифаларни бемалол уддалай олмоқдалар. Юксак инсоний фазилатлари, фидойилиги сабаб жамиятда тарбиячи бўлса, оиласини ҳамма нарсадан устун қўйиши, фарзандлар камоли учун жон фидо қилиши, оила посбони, меҳр ва саховат соҳибаси сифатида хонадон фариштаси аталади. Аёлни ожиза эмас, балки эркак билан тенг ҳуқуқли шахс, деб тан олиш керак. Мухтасар қилиб айтганда, унинг ўрни жамиятда ҳам, оилада ҳам беқиёсдир. Ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи нозик хилқат сифатида аёлнинг улуғлиги, беқиёслиги абадий қолаверади.

- Соҳа мутахассиси сифатида бугунги кун ўзбек журналистикасига қандай баҳо берасиз?

- Айни пайтда миллий журналистикамиз юксалиб бормоқда, халқаро андозалар шаклланмоқда. Энг асосийси, юртимиздаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Яъни, соҳага оид бир қатор қонунлар қабул қилинган. Мазкур йўналишдаги таълим тизими ҳам сифат жиҳатдан тубдан ислоҳ этилди. Мамлакатимизда матбуот соҳасига мутахассислар етказиб берувчи бир нечта олий ўқув юртлари самарали фаолият юритмоқда. Мазкур даргоҳларда тайёрланаётган мутахассисларнинг аксарияти пухта билим ва муайян малакага эга бўлаётганликлари қувонарлидир.

- Шу соҳада фаолият бошлаш арафасида турган ёш мутахассисларга қандай маслаҳат берасиз?

- Матбуот соҳаси кишиси энг аввало, билимдон, ўз ишининг фидойиси бўлиши керак. Касб танлашда масалага субъектив қараш лозим. Тўғри, ҳар кимда қобилият, иқтидор ва имконият турлича бўлади. Лекин меҳнат, ўрганиш, интилиш билан ҳамма нарсага эришиш мумкин. Агар уларда ана шу фазилатлар бўлмаса, қийналиб қоладилар. Шу боис, ёш журналистларга ақл билан иш тутиб, қалбига қулоқ солишларини, соҳанинг етук мутахассиси бўлиш учун тинимсиз ҳаракат қилишларини маслаҳат бераман.

- Инсон ҳаётида муҳит ва тарбиянинг аҳамияти.

- Халқимизда "Қуш уясида кўрганини қилади", деган нақл бор. Ёдимда, ёшлигимда дадам доим мени ёнларида олиб юрарди. Ўша пайтда баландпарвоз туюлса-да, уларнинг менга "Сен буюксан" деб такрорлашлари, менга билдирган ишончлари келажак ҳаётимда, жамиятда ўз ўрнимда топишда катта кўмак берган. Демоқчиманки, болага қулай муҳит, ишонч, рағбат берсак, шубҳасиз, эртага унинг сиймосида ўзига ишонган, оилапарвар, халқига холис хизмат қиладиган шахс камол топади.

- Пойтахтда яшайсиз. Водийга келганингизда кечадиган ҳаяжонларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Биласизми, ҳар гал Тошкентдан Марғилонга кетаётганимда Қамчиқ довонига яқинлашганим сайин, хотиралар уйғониб, болалигим кўз олдимдан ўта бошлайди. Дунёда иккита нарсани танлаб бўлмас экан. Ота-она ва Ватанни. Менинг Ватаним, менинг нозик хилқатим. Қаерда бўлмай у менинг олаётган нафасимда яшайди.

- "Иқбол" газетаси мухлисларига тилакларингиз...

- Менинг уларга - юртимизнинг гўзал, дилбар аёлларига тилакларим: одамларга муҳаббат беришда давом этинг, зеро, улашган меҳрингизнинг ўн ҳисса бўлиб қайтмоғи бор. Эртанги кундан умид, ўзингизга ишонч асло йўқолмасин.

Суҳбатдош:

Дурдона МУХТОРОВА.

Тошкент-Андижон.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди