№28, 28.06.2012 МУЛОҲАЗА
ТЕЛЕФОННИ ДЕБ...
"Она!" Унинг таърифига қалам ожиз. Она бор жойда севги-муҳаббат, меҳр-оқибат, пок-лик-шодлик, хурсандчилик, гўзаллик ва бахт бор. Афсуски, баъзи бир фарзандлар уларнинг қадрини вақтида билмайди. Ёшлик қилиб кўнгилларини ранжитиб қўяди.
...Нозима дадаси берган пулларни ишлатмай, телефон оламан деб, йиғиб юрди. Қиз ўзи яхши, ўқишлари ҳам бинойидек. Лекин дугоналарига қараб, унинг ҳам телефон ишлатгиси келди. Айниқса, қизларнинг: "Телефон орқали фалончи билан танишиб қолдим", "Бир йигит телефон орқали менга адашиб тушиб қолганди, ҳозирда қадрдон бўлиб қолдик", деган гаплари унинг хаёлини бузди.
Бир куни Нозима йиғиб қўйган сармоясини ҳисоблаб ўтирганди, хонасига онаси кириб келди. Қиз бу тасодифдан шошиб қолди. Онаси эса унинг қўлидаги пулларни кўриб қолди.
- Йиққан пулларим... - дея олди базўр Нозима.
Онасининг "Нима қиласан бу пулларни?", деган саволига жавоб бермади. Кейин онаси унинг қўлидан пулларни олди-да, чўнтагига соларкан, ташқарига чиқиб кетди. Эшик ёнига етганда ортига бурилиб, қизига норози қиёфада қараб қўйди.
Нозима онасининг ортидан қараб қолди. Бироздан сўнг у ташқарига чиқаркан, у ёқ-бу ёққа қаради. Сўнг онасининг уйига кирди. Диван устида камзул турарди. Бу Нозиманинг пуллари солинган онасининг камзули. Қизнинг хаёлига "ярқ" этиб бир фикр келди. У дераза ойнасидан ҳовли тарафга қараб қўйди-да, ортига қайтиб, камзул чўнтагига қўлини солди. Тез пулларни олди-ю, ўзига керагини ажратди.
...Эрталаб онаси камзулни кияркан чўнтагидаги пуллар кама-йиб қолганини сезиб қолди. Олиб кўрганида, ҳақиқатан ҳам қизидан олган кечаги пуллар йўқ эди. Онаизор ичидан зил кетди. "Наҳотки, мен фарзандимга шундай тарбия берган бўлсам", дея қаттиқ хафа бўлди.
...Ҳа, ўйга толади, киши. Телефон дегани шу даражада ҳаётимиз мазмунига айланиб қолганмикин-а? Шу биргина телефонни деб ўз онасининг қалбига жароҳат етказиши ақлга тўғримикан?
Сиз нима дейсиз, азиз ўқувчи?
Зебинисо ҚЎЗИБОЕВА,
Андижон давлат университети талабаси.
|