Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№28, 28.06.2012

ОМОНАТНИНГ ЎЗАГИ ИШОНЧДИР

Ривоят қилибдурларки, Иёс ибн Муовия Басрага қози этиб тайинлангач, ҳар бир муаммони адолат ва шариат мезонлари асосида ҳал этиб борди. Унинг адолат билан иш олиб боришлиги кўпчиликка маълум бўлди ва унга мурожаат этувчилар сони ҳам ортди.

Кунларнинг бирида икки киши даъволашиб, унинг ҳузурига келди. Даъвогар ёнидаги шериги ундан омонатга мол олиб, сўнг тонганини сўзлади.

Савол-жавоб жараёнида шериги даъвогарнинг сўзларини инкор этиб, деди: "Ҳужжат, далил ёки гувоҳи бўлса келтирсин". Иёс ибн Муовия бу кишининг ёлғон қасам ичиб, бировнинг омонат молини еб кетишидан қўрқди ва даъвогарга: "Қайси жойда бу кишига омонатни берган эдинг?", деб сўради. У киши жой номини айтди. Иёс: "Ўша жойда яна нима бор эди?", деб сўради. Даъвогар: "Катта бир дарахт бор. Унинг соясида овқатландик. Кетар маҳали молни берганман", деди. Иёс ибн Муовия: "Сен ҳозир ўша жойга бор. Балки хаёлингдан кўтарилган нималардир эсингга келар. Сўнг ҳузуримга қайтиб кел. Кўрган-билганларингни сўзлаб берарсан", деб маслаҳат берди.

Даъвогар чиқиб кетди. Қози тонаётган кишига: "Сен дўстинг келгунча шу ерда ўтир", деди. Ва ҳузурига келган бошқа кишиларнинг арзлари ва даъволарини тинглай бошлади. Гоҳ-гоҳида кўз қири билан унга қараб-қараб қўйди. Тонгувчи хотиржам, хаёлчан ўтирган пайтда қози тўсатдан: "Дўстинг сенга омонат берган ўша дарахт ёнига етиб бордимикин? Нима деб ўйлайсан?", деб сўради. У киши ҳеч ўйламай, бехосдан: "Йўқ, ҳали етиб бормагандир, чунки у жой анча узоқ", деб юборди.

Шунда Иёс ибн Муовия: "Эй, Аллоҳнинг душмани, молни олганингни инкор қиласан-у, уни қаерда олганингни билар экансан-да?! Аллоҳга қасамки, сен хоинсан", деди.

Ҳалиги киши қозининг бу тадбиридан лол қолиб, хиёнат қилганига иқрор бўлди ва омонатни эгасига қайтаришни бўйнига олди.

Ривоятдаги воқеа омонатга хиёнатнинг бир кўринишидир. Омонатга хиёнат деганда сирни фош қилиш, ўзига топширилган нарсани инкор қилиш ё эҳтиёт қилмаслик ёхуд рухсатсиз фойдаланиш кабилар киради.

Имом Ғаззолийнинг "Мукошафат-ул қулуб" яъни, "Қалблар кашфиёти" асарида омонат ва хиёнат ҳақида алоҳида боблар бўлиб, унда ёзилишича: "Омонат сўзи имон сўзидан ясалгандир. Аллоҳнинг амрларидан ташкил топган омонатни кимда-ким яхши муҳофаза қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг имонини яхши муҳофаза қилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Омонатни яхши сақламаганнинг имони йўқдир. Аҳдида турмаганнинг дини йўқдир".

Амин бўлмоқ қўрқув ва андиша эҳтимолидан ҳоли бўлмоқдир. Омонатга риоя қилинган жойда бировнинг ҳақи ўтганлиги тўғрисида андишага борилмайди. Омонатнинг тескариси хиёнатдир. Бу сўзнинг ўзаги "хайн" бўлиб, нуқсон, етишмовчилик маъносида келади. Чунки бир жойда кимгадир хиёнат қилинса, унга етишмовчилик (камомад) етказилган яъни, бир нарсаси йўқотилган (ё ўзлаштирилган) бўлади".

Улуғлардан бири дебдур: "Олтиннинг софлигини ўтда, ҳайвоннинг кучини оғир юк ортилганда, инсоннинг тўғрилигини омонатга хиёнат этмаслигида билса бўлади".

Луқмони Ҳакимдан сўрабдилар: "Биз сизда кўриб турган нарсага қандай эришдингиз?". Дебдурлар: "Гапнинг тўғрилиги, кераксиз сўзларни тарк қилишлик ва омонатга хиёнат қилмаслик билан".

Абу Лайс Самарқандийнинг "Танбеҳул-ғофилийн" асарида шундай зикр қилинади: "Тобеъинлардан битталари бир кишининг юзига у кишини мақтабдилар. Ҳалиги киши: "Эй, Аллоҳнинг бандаси! Нима учун мени мақтадинг? Ғазабим келганда мени синаб кўриб, юмшоқлигимни топдингми?", деди. Жавоб қилди: "Йўқ". Яна сўради: "Сафар қилганингда мени синаб кўриб, яхши хулқлик ҳолатда топдингми?". Жавоб қилди: "Йўқ". Сўради: "Омонат берганда мени синаб кўриб, омонатига содиқ топдингми?" Жавоб қилди: "Йўқ!".

Кейин: "Сенинг ҳолингга вой бўлсин. Биров бировни мана уч ҳислат билан синаб кўрмагунча, мақтамасин", деди".

Ривоят қилибдурларки, Ҳазрати Иброҳим Адҳам Уммонга бораётганларида бир ҳайвонни ижарага олдилар. Кетаётиб, қамчилари тушиб қолди. Шунда у зот уловдан тушдилар, уни боғладилар. Кейин ортга пиёда қайтиб, қамчини олиб келдилар. У кишига: "Уловингизнинг бошини буриб, қамчини олсангиз бўлмасмиди?", дейишди.

Шунда Иброҳим Адҳам дедилар: "У бировнинг омонати. Мен уни фақат бориш учун ижарага олганман, қайтиш учун олганим йўқ".

Омонатни адо этишлик, уни кўз қорачиғидек асраш мўмин-мусулмон одамнинг зиммасидаги мажбуриятдир. Бу мажбуриятни сидқидилдан адо этиш барчаларимизга насиб айласин.

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди