Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№28, 28.06.2012

САНЪАТИМИЗ ЮЛДУЗЛАРИ

БАХТИМДАН ҚУВОНИБ ЙИҒЛАЙМАН

Киноларда яратган ранг-баранг образлари орқали аллақачон халқ эътиборига тушиб, уларнинг кўнглидан жой олиб улгурган истеъдодли актриса Феруза Собитова билан дилдан суҳбатлашдик. Бундан тўрт ой илгари фарзанд кўрган санъаткорнинг юзида аввалгидан ҳам кўра кўпроқ табассум жилваланди. Бир бор нигоҳ ташлаган инсон ҳам унинг бахтдан масрур қалбини кўра олиши мумкин. Шунинг учун ҳам суҳбатни айнан шу мавзуда бошлашга қарор қилдик.

- Аввало, фарзанд кўрганингиз билан табриклайман. Келинг, суҳбатни ҳам шундан бошласак. Она бўлиш қандай экан?

- Биласизми, мен бу фарзандимни жуда узоқ кутдим. Оз эмас, кўп эмас 36 ёшимда туғилган ўғлим ҳаётимнинг мазмунига айланди. Шунинг учун ҳам ҳозир дунёдаги энг бахтли аёллардан бири эканлигимни ҳис этиб яшаяпман. Аёл кишининг ҳақиқий бахти ва ҳақиқий ҳаёти нима эканлигини она бўлгач, англаб етдим. Шу пайтгача ҳам жуда кўплаб муваффақиятларга эришганман. Аммо фарзандли бўлиш бахти, фарзандли бўлиш қувончи ҳеч қайси бахт, ҳеч қайси қувончга тенг келмас экан. Бу бахтни агар Худо инъом этмаса, ўзингиз топа олмайсиз. Ишонсангиз, баъзан фарзандимга қараб туриб, бахтлилигимдан йиғлайман. Бу кўз ёшлари бахт ва шукрона кўз ёшларидир. Ўзим ҳам она бўлгач жуда ўзгардим. Юрагим, қалбим, ҳаётга қарашларим, орзу-мақсадларим ва тилакларим ўзгарди.

- Она бўлгач қувонч ва бахтдан ташқари, ўзингизда қандайдир маъсулият ҳам ҳис қилдингизми?

- Албатта. Ҳозир мен учун ҳаётдан, яшашдан асосий маъно бор. Авваллари турли тушкунликларга тушган бўлсам, ҳозир бунақа нарсаларга ўрин йўқ. Аксинча, фақат олдинга интилиш ва қўлдан келганча одамларга яхшилик қилиб яшашим керак. Менинг шиорим ҳам - "Яхшилик қилсанг, яхшилик қайтади".

Она бўлгач, одамларга ҳам муносабатим ўзгарди. Уларга ҳам яхшилик қилгим келади. Чунки инсон бировга яхшилик қилса, эртага ўша яхшиликлар ўзига ҳам қайтади. Энди мен бу дунёда ёлғиз эмасман. Ҳозир ёнимда болам бор. Унга фақатгина яхшиликлар соғинаман. Энди менинг ҳаётимда катта маъсулият, шу билан бирга жуда катта маъно бор. Боламга ҳар доим: "Биз энди бир умр бирга яшаймиз ва албатта, бахтли бўламиз", деб айтаман.

- Суҳбатимиз мавзусини санъатга қаратсак. Бугун кўплаб ёшлар халқ эътиборига тушиб улгуришмоқда. Сиз эса санъатга нисбатан кеч кириб келдингиз. Бунинг сабаби нима эди?

- Бунга оилавий шароитим сабаб бўлган. Дастлаб санъат институтига ўқишга кирганман. Аммо бир йил ўқиганимдан кейин у ердан кетиб, бошқа институтда ўқишимга тўғри келди. Нега деганда ўша пайтларда (раҳматли) отам ва онам менинг санъаткор бўлишимга қарши чиқишган. Ҳатто, онам: "Илтимос, артист бўлмагин. Сени ҳеч ким келин қилмайди", деган. Мен чорасиз эдим ва уларга қарши чиқа олмадим. "Ота-она рози - Худо рози" дейишган. Бунинг устига оилада катта фарзанд бўлганим учун рўзғорнинг бир учини мен ҳам тортишим керак эди. Шунинг учун ҳам бошқа институтда, бизнес йўналишида ўқидим ва оёққа туришга интилдим. Молиявий томондан ўзимни тиклаб олганимдан кейингина санъатга кириб келдим.

Биласизми, мен ўз тақдиримни жуда кўп ўйлайман. Балки, ўша пайтларда институтда қолиб, охиригача ўқиганимда бундан ҳам кўпроқ роллар ўйнаган, унвонлар олган бўлармидим. Чунки мен кинога тенгдошларимга нисбатан ўн йил кеч кириб келдим. 20 ва 30 ёш оралиғи бошқа соҳага сарф этилди. Кўз очиб юмгунча йиллар ўтиб кетди. Бу вақтлар орасида, албатта, оилам учун фойдам тегди. Аммо юрагимни ёндириб турган санъат бир четда қолиб кетганди. Лекин борига барака, дейман. Мен истаган, мен хоҳлаган ролларим ҳали олдинда. Насиб қилса, уларни ўйнашга ҳали улгураман. Балки, тақдирнинг менга атаган кўплаб совғалари бордир? Мен бунга ишонаман. Биз тақдир, тақдир деймиз, аммо тақдир инсоннинг ўз қўлида. Мен эса ўз тақдиримдан миннатдорман.

- Ўзингиз нима деб ўйлайсиз? Бундай бўлганлигидан афсусланганмисиз?

- Афсусланган пайтларим жуда кўп бўлган. Чунки мен санъатни болалигимдан севаман. Қўшиқ айтганман, рақсга тушганман. Онам мени тикувчилик тўгаракларига олиб борадилар. Мен эса уларнинг ортидан чиқиб яна қўшиқ айтиш ёки рақс учун кетиб қолардим. Шунинг учун бизнес сохасида ишлаб юрганимда ҳам кўнглим санъатни қўмсайверарди. Гарчи оддий кассирликдан директор лавозимигача кўтарилган бўлсам ҳам. Аммо баъзан атрофимдаги айрим санъаткорларни кўрганимда ўша ўтган ўн йилимга шукр қиламан. Чунки орамизда шундай санъаткорлар борки, ўзининг шахсий уйи йўқ. Ҳалигача ижарада ёки ётоқхонада яшайдиган артистлар талайгина.

- Барибир, ўз айтганингизни қилиб, санъатга кириб келдингиз. Ота-онангиз бу сафар қаршилик қилишмадими?

- Йўқ. Қаршилик қилишмади. Улар танлаган инсонга турмушга чиқдим. Улар учун бошқа соҳада ўқидим, ишладим. Ўн йил умримни ота-онам ва укаларим учун бағишладим. Биринчи турмушим ўхшамади. Биз ажралишдик. Шундай кейин қалбим синиб, руҳан чўкиб қолди. Йиллар ўтаверарди, мен эса ўзимга ўзим ҳар доим "Феруза, бўлди, унут санъатни. Бу сенга армон бўлиб қолади. Сен ўзинг болаликдан интилган орзула-рингга етишолмайсан", деб гапирган ва кечаси билан йиғлаб чиққан пайтларим бўларди. Ҳар доим ишларимда муваффақият, кўринишим аъло, лекин ичим йиғлаб турарди. Чунки бу мен орзу қилган ҳаёт эмасди. Аммо мен ўзимга "Энди сенинг ҳаётинг бизнес. Сен бизнесмен бўлишинг керак", деб қайта-қайта уқтирардим. Менинг ўша пайтларда ёзган кундаликларим бор. Уларни биров ўқимасин, ўқиса ҳам тушунмасин, деб инглиз тилида ёзганман. Унда қалбимдаги яралар, армонлар битилган. Аммо вақтлар ўтиб, ниятим холис экан, тақдир ўзи мени санъатдан ажратиб, яна ўзи санъатга олиб кирди.

- Кеч бўлса-да, мақсадингиз сари интилгансиз, орзуларингизга эришдингиз. Бунинг учун кучни қаердан олдингиз? Умуман, аёл киши кучни қаердан ва нимадан олади?

- Аёл киши табиатан кучли қилиб яратилган. "Аёл кишининг қирқта жони бор", деб бежиз айтилмаган. Лекин аёлларнинг ҳаммаси ҳам кучли бўлавермаслиги мумкин. Чунки жуда ҳам нозиктаъб аёллар ҳам йўқ эмас. Менда эса ишонадиган одамим, ор-қамда тоғим бўлмаган, ҳар доим ўзимга ишонганман. Ҳеч ким мени қўлламаган, ҳеч ким суямаган. Менда фақат масъулият бўлган. Ҳозир мен бахт ва ҳаёт формуласини тушунаман. Ўша пайтларда эса тушунмаганман. Лекин келажагим яхши бўлишига, ҳатто, умидимни узиб қўйган бўлсам ҳам бир куни орзуларим рўёбга чиқишига ич-ичимда ишонганман. Шунинг учун ҳам ҳозир ҳаётни унча тушунмайдиган ёш йигит-қизларга шуни айтмоқчиманки, инсон чин дилдан орзу қилиб, астойдил интилса, ҳар қандай орзулар амалга ошади. Фақат унга ишониш ва интилиш керак. Ҳаётининг қандай бўлиши инсонни ўзига боғлиқ. Агар уни йиғлаб қарши олсанг, кунинг йиғлаш билан ўтиб кетади. Агар кулиб қарасанг, кулиб яшайсан.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди