Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№28, 28.06.2012

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

АРМОНГА АЙЛАНГАН УМИД

Таҳририятимизга кириб келган ёшгина аёл ўзини таништиришни истамади. Фақат юпқагина дафтарни берди: "Лозим топсаларингиз, чоп этарсизлар.

Эҳтимол, ёзганларим кимларгадир сабоқ бўлар..."

Ўқиб чиқдик, аянчли бир тақдир. Сўнг Сиз азиз газетхонларга ҳам илиндик. Балки бу воқеа муаллиф айтганидек, қайсидир сўқир кўзларнинг очилишига сабаб бўлар...

* * *

"Турмуш ўртоғим билан муҳаббат туфайли оила қурдик. Иккимиз ҳам университетни битиргач, ишга жойлашдик. Бу орада кўп қаватли уйлардан алоҳида уй олиб кўчиб чиқдик. Бахтиёр эдик... Топганимиз рўзғордан ортиб, ҳатто бир-иккита мебель ҳам сотиб олдик. Аммо... ширин ҳаётимизга нимадир, кимдир етишмасди: гўдакка ташналик юрагимизни тобора кемтиклаштириб борарди. Иккимиз ҳам бир-биримизни аярдик. Бироқ Шерзод акам дўстларининг фарзандлари, ўтказаётган ақиқа-ю суннат тўйлари ҳақида гапира бошлаганларида ўзимни ноқулай вазиятдан қутқара олмасдим. Бормаган шифокору табибимиз қолмади. Жавоб битта: "Фарзанд кўрасизлар, фақат вақт керак. Кутиш ва умид керак!".

...Кейинги вақтларда дугоналар даврасидан ҳам, қариндош-уруғлар зиёфатларидан ҳам безиллаб қолдим. Суҳбат мавзуси айланиб келиб фарзандга тўхталавериши ва қалбим оғриқларининг янгилашини истамасдим.

Турмуш ўртоғим бир куни тўсатдан: "Гули, чет элга кетсамми деб турибман. Сардорни биласан-у - курсдошим, шу Россияга қатнаяпти. Анча ўзини тиклаб олибди, - деди-ю, кўп ўтмай кетишга қарор қилди. Уни фикридан қайтара олмадим. Бир томондан ўзим ҳам бу қарорга кўнгим келди. Вақт дил яраларимизга малҳам бўлар, Яратган айрилиқ синовини бериб, сўнг ортидан "тирноқ" берар, деб кўнгилга тасалли бердим.

У кетди. Яхшики, телефон бор. Овозимиз билан соғинчли юракларга таскин бера олардик, холос. Вақт эса ўтиб борарди.

... Вақти-соати келиб, унинг қайтиши ҳувиллаган кўнглимга нур бағишлади. Биз яна бирга ҳаёт бошладик. Гўё орадан ўтган вақт бизни бир-биримизга янада қаттиқроқ боғлагандек эди. Шундай кунларнинг бирида ўзимни беҳол ҳис қила бошладим. Кўнглим айниши, асабларим таранглашуви бошланди. Шифокор тахминимни тасдиқлаганда, қай ҳолатга тушганимни тасаввур қила олмайсиз. Бахтнинг осмонида парвоз этардим, гўё. Менинг қувонишим турмуш ўртоғимнинг шодлиги олдида ҳеч нарса эмасди.

Шу кундан бошлаб ҳаётимиз янада нурафшон бўлиб борди. Ҳомиладорликнинг учинчи ойидан сўнг шаҳримиздаги поликлиникага кўрикдан ўтгани чиқдим. Таҳлиллар топширдим. Кўп ўтмай, негадир участка шифокоримиз менга қўнғироқ қилиб, қайта қон таҳлили топширишим шартлигини айтиб қолди. Ичим безовта бўла бошлади. Аммо турмуш ўртоғимга сездирмадим. Натижа аниқлангач, шифокор билан хонада ёлғиз қолдик. Шифокоримиз Муслима опа негадир ҳамширасига ҳам жавоб бериб юборди. Сўнг эса кўзларимга қаттиқ тикилганча сўз бошлади:

- Гулираъно, турмуш ўртоғингиз бирор бир чет элга ишлагани бормаганмиди?

- Тинчликми, Муслима опа? Нега буни сўраяпсиз? - қаттиқ ҳижолат бўлганимдан, беихтиёр сумкамни ғижимлай бошладим.

Узоқ суҳбатлашмадик. Мен шифокорнинг сўзларидан аллақачон ўзимни йўқотгандим. У яна нималар деди, эслолмайман. Ёдимда қолгани: "Синглим, таҳлилларингизда "ёмон касаллик" аниқланди. Демак, эрингизнинг "у ёқ"дан келиши ва ҳомиланинг вужудингизда ривожлана бошлаши сизга ўз таъсирини кўрсатган. Касаллик турмуш ўртоғингиздан сизга, сиздан эса болага ўтиб бўлган"...

Қувончим узоққа бормади. Турмуш ўртоғим аввал барини рад этди, кейинчалик минг афсус билан тан олди. Ўзини иродаси сустликда, имони кучсизликда айблади. Ёлвориб узр сўради. Аммо энди бундан нима фойда?! Мен ҳайкалга айлангандим. Кунларим зулматга юз тутди. Юрагим остида ураётган жажжи юракчани асраб қолиш фикри тинчлик бермай қўйганди. Эрим ҳолатимни кўриб, минг пушаймон бўлди. Бироқ сўнгги пушаймонлик одамнинг ўзига душман бўлади, холос. Ноилож уни кечирдим. Лекин қани энди менинг кечиришим барини ўзгартира олса! Йўқ, хатолар тўғриланмайди, умрни ортга қайтаришнинг иложиси йўқ.

Ҳаётимиз тобора тугаш нуқтасига яқинлашарди. Ўлимни ҳис қилиб яшаш, яна бу ўлимнинг нақадар аянчли ва шармандали дард эвазига эканлигини ҳис қилиш азоблигини биласизми?..

Турмуш ўртоғим мени даволашга кўндирди. Иккимиз махсус диспансерда даволана бошладик. Узоқ текширувлар қондаги вирус бир қадар кучсиз эканлигини, ҳомиладан воз кечиш орқали бу касалликдан қутулиш мумкинлигини аён этди. Рад этдим. Ахир, бу бахтга неча йилларда аранг эришдим, оналикни эндигина ҳис қила бошлаганимда, бу сезгидан айрилиш қанчалар даҳшат! Кўз олдим қоронғулашиб, ўзимдан кетдим. Ҳушимга кеганимда, бошимда эримнинг маҳзун қиёфасини кўрдим. У синиқ жилмаяркан, деди:

- Мени кечиролсанг, кечир, Гули. Тўғри, кечиришингга арзимайман. Лекин яхшиликка умид қилайлик. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Яна фарзандли бўламиз. Фақат сен кўп қайғурма, жоним, илтимос, ўзингни қўлга ол...

Ҳаммасини тушундим - ҳомиламдан айрилгандим. Турмуш ўртоғимга қарадим, негадир унга раҳмим келди. Менга далда беряпти-ю, ўзини аранг қўлга олиб турибди. Қўйиб берса, у ҳам фарёд ургудек... Биргина ножоиз қадами бизларни не кўйларга солмаяпти?..

Қўли енгил, тажрибали шифокорлар саъй-ҳаракатлари туфайли бугун қайта ҳаётга келдик.

...Мени эса ҳамон бир армон қийнайди. Туғилмаган гўдакда не гуноҳ бор эди-ки, ўзгалар "роҳат"ининг қурбонига айланди. Ахир, у неча йиллик орзуим, муҳаббатимиз меваси эмасмиди?! Энди фарзанд уволи тутмасмикин бизни? Кечалари гўё гўдак овозини эшитгандай бўламан, сўнг уйғониб кетаман. Юрагимни тобора исканжага олиб қийнаётган армондан қутулолмайман..."

* * *

... Дафтардаги тақдир бизни-да ўйланишга мажбур этди. Дарҳақиқат, ризқ топиш илинжида чет мамлакатларга бориб қайтгач, киши энг аввало, тиббий кўрикдан ўтса, соғлиги устида ҳеч қандай шубҳа-ю, гумонга ўрин қолмасмиди? Ахир, бежиз айтилмайди: "Ёмонликни ўйламай туриб, яхшилик кутиб бўлмайди", деб.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди