Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№29, 05.07.2012

2012 ЙИЛ - "МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ"

ОИЛАСИГА МУНОСИБ АЁЛ

Андижонлик ижодкор Холдоржон Қуронбоевни яхши биламиз. У киши нафақат ижодда, балки инсонийликда, муомала маданиятида ҳам кўпчиликка ўрнак бўлишга арзигулик инсон эди. Айниқса, оилапарварлиги, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратиши билан кўплар учун ибрат кўрсатарди.

Ана шундай отанинг чиройли тарбиясини олган фарзандлар ҳам бугун эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиб яшашмоқда.

Биз билан суҳбатда Холдоржон Қуронбоев қизи - узоқ йиллар келажак авлод тарбияси йўлида самарали меҳнат қилган Ҳулкарой опа Қуронбоева қуйидагиларни гапириб берди.

- Биз оилада беш фарзанд бўлганмиз,- дея болалик даврларини хотирлайди Ҳулкарой опа. - Дадам бизнинг фахримиз. У киши эл таниган, ҳурмат қилган ижодкор эди. Онамиз Юлдузхон Қуронбоева эса уй бекаси бўлган. Мен оиланинг бош фарзанди эдим. Укаларим - Бахтиёржон, Баҳодиржон, Соҳибахон ва Жаҳонгирларга бош-қош бўлганман. Ота-онамнинг ёрдами, қолаверса, ўзимизнинг қизиқишларимиз туфайли ҳаммамиз олий маълумотли бўлганмиз. Укаларим турли касб ва ҳунарларни танлашган бўлса, менинг тақдирим, касбим отамнинг суйгани - адабиётга яқинроқ. Шунинг учун бўлса керак, отам менга кўпроқ ишонарди.

Ҳа, қаҳрамонимиз 1973 йили Андижон шаҳридаги 50-ўрта мактабни тамомлагач, Андижон давлат педагогика (ҳозирги АДУ) институтининг она тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. Тўрт йил устозлардан таҳсил олди. Талабалик пайтларида Баҳром Жалилов, Исмоил Тўлаков, Набижон Қобулов, Ҳошимжон Раззоқов, Галима Мусина, Абдулҳамид Нурмонов, Мўйдинжон Жўрабоевлардан олган беминнат маслаҳати, маърузалари унга узоқ вақт асқотди.

"Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассис", "Олий маълумотли" деган мақомга эга бўлгач, Ҳулкарой педагогик фаолиятини бошлади. Аввал Андижон шаҳридаги 6-ўрта мактабда ўз фанидан ёшларга дарс берди, кейинроқ эса 10-ўрта мактабга ишга ўтди. Дарс бериш билан бир қаторда мактабнинг касаба уюшма қўмитаси раиси, илмий бўлим мудири вазифаларида ҳам меҳнат қилди. Бу йиллар мобайнида мактабдаги ташкилий ишларда бош-қош бўлди, тартиб-интизомнинг ўрнатилиши, ота-оналар билан ўқитувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги, ўқувчиларнинг катта ютуқларни қўлга киритишларида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Мана, олти йилдирки, нафақада.

- Тақдиримдан нолимайман,- дейди опа. - Чунки болаларга илм бериш, уларнинг маънавиятига маънавият қўшиш, жуда катта савоб иш. Мен бир нарсадан хурсандман. Хурсандлигим боиси, жуда кўп шогирдларим бор. Улар турли жойларда ишлаб келмоқдалар. Ҳанифахон Отахонова, Ойдин Мамадалиева, Барнохон Абдуллаевалар шулар жумласидандир. Улар бир пайтлари берган сабоқларим, панду насиҳатларим учун мени "устоз" деб эътироф этсалар, яшаган умримга, танлаган касбимга минг бора шукрона айтгим келади. Чунки ўқитувчи учун энг яхши ва ёқимли сўз бу "устоз"дир. Бундан ташқари, 2002 йили менинг камтарона меҳнатларим муносиб тақдирланди. Мен ҳукуматимиз томонидан "Ўзбекистон Республикаси Халқ маорифи аълочиси" деган унвонга сазовор бўлдим. Кейинроқ эса "Мустақилликнинг 15 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирландим. Булар менга ўзгача ғайрат ва шукуҳ бағишлади.

Бугунги кунда набираларим тарбияси билан бандман. Чунки болаларга ўрганиб қолган одам уларсиз туролмас экан. Гарчи муаллимлик анчайин қийин касб бўлса-да, унинг ўзига яраша гашти ҳам бор. Ҳозир набираларимнинг ўқишига кўмаклашаман, кичкинтойларни эса мактабга тайёрлайман.

Набиралар ҳақида гап кетар экан, оилам ҳақида ҳам гапиришга тўғри келади. Турмуш ўртоғим Шаҳобидин Мамасаидов (жойи жаннатда бўлсин) йўл қурилишида ишлаган. Умр бўйи ҳалол меҳнат қилди. Унинг ҳаёти фарзандларимга намуна бўлди. Икки ўғил, бир қизим бор. Фарҳодбек, Шаҳнозахон, Бекзодбек. Булар менинг давомчиларим, булар менинг бахтим. Ҳамма ўғил-қизларни уйлаб-жойлаганман, турмушга берганман.

Буларнинг бари отам - ижодкор Холдоржон Қуронбоевнинг хизмати, уларнинг бизга берган пок луқмаси, тўғри тарбияси маҳсулидир. Биз ҳамиша отамизга яраша давомчи бўлишга ҳаракат қилдик ва назаримда, бунинг уддасидан чиқдик.

Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди