Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№29, 05.07.2012

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

ВАТАН ИШҚИ

Кўнглимнинг саҳнида гулгун гиёҳ бор,

Онамнинг исидай тансиқдир бўйи.

Кеча сени сотган бугун сенга зор,

Сени ардоқлайин мен умрим бўйи.

Гиёҳнинг асоси меҳрдан барпо,

Муҳаббат онамнинг сутида кирган.

Шу кундан кўнглимда буюк ишқ пайдо,

Сени отамдайин севаман, Ватан.

Юрмайман биргина тупроғинг ўпиб,

Сенга фидо эрур бу жоним ва тан.

Меҳр гиёҳингни асраб-авайлаб,

Ҳали минг корингга ярайман, Ватан.

Ойбарчин ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Пахтаобод тумани.

ЎЗБЕГИМНИНГ ҚИЗЛАРИ

Ой-ла ҳусн талашган,

Кийса либос ярашган,

Қоматлари келишган,

Ўзбегимнинг қизлари.

Порлаб турар кўзлари,

Болдай ширин сўзлари,

Офтоб мисол юзлари,

Ўзбегимнинг қизлари.

Эгнида атлас либос,

Қошига ўсмаси мос,

Сочи мажнунтолга хос,

Ўзбегимнинг қизлари.

Зокиржон ТОШПЎЛАТОВ,

Асака туманидаги махсус мактаб интернат ўқувчиси.

ОНА

Ҳаётнинг пасти-ю баланди кўпдир,

Чақмоқдай ёнади, сўнади умр.

Ҳар лаҳза онанинг ёнида бўлмоқ -

Жаннатнинг калити дейдилар, шудир.

Онангнинг кўнглини олиш учун бил,

Тоғлар қулатмагин кучингни йиғиб.

Онангнинг кўксига бошингни қўйгил,

Жаннатнинг иси бу, ҳидлагин тўйиб.

Ҳеч қачон ранжитма онанг кўнглини,

Ахир, биз дедик-ку Жаннатнинг гули.

Унинг дуосин ол, ҳар он, ҳар куни,

Сенга омад келса, шунинг маҳсули.

Дуосиз қолишдан Худо сақласин,

Мунисам, фариштам қиблагоҳим деб.

Босган изларини кўзингга суртгин,

Сизни ранжитганим - бу гуноҳим деб.

Моҳларойим ТОШМАТОВА,

Андижон шаҳридаги 19-умумтаълим

мактаби ўқувчиси.

ЁШЛИК ЗАВҚИ ЖЎШАР

ҚАЛБИМДА

Юрагимда ажиб бир сафо,

Таърифи йўқ, гўзалдир дунё,

Қушлар сайрар - ажойиб наво,

Ёшлик завқи жўшар қалбимда.

Чор-атрофда меҳрибон зотлар,

Дилда тошар жўшқин баётлар,

Турфа феъллар, турфа ҳаётлар,

Ёшлик завқи жўшар қалбимда.

Улуғланар элда озодлик,

Шукр, юртда тинчлик, ободлик.

Юрагимга сиғмайди шодлик,

Ёшлик завқи жўшар қалбимда.

Ойдиной МУҲАММАДЖОНОВА.

АНДИЖОНИМ

Кўксим тўла ғурурим, орим,

Бахтдан сархуш куйлайди торим.

Қучоғи кенг меҳмондўст макон,

Гуллар шаҳри - жон Андижоним.

Шоирларнинг юрти бу тупроғ,

Бобур барпо этган боғу роғ,

Яшнаб кетар баҳор келган чоғ,

Байрамларга бой Андижоним.

Чиройингга тушса нигоҳим,

Осмонингда тебранса моҳим,

Таърифингни куйлар сиёҳим,

Она Ватан жон Андижоним.

Гулируҳсор МАМАТҚУЛОВА.

ҲАСРАТ

Кўксимга санчилган ҳасратни отиб,

Сенсиз яшамоққа ақлим илғайди.

Бахтиёр дамларни бағримга босиб,

Ичимда бир туғён ҳамон сиғмайди.

Соғинчга етаклар юрагим яна,

Билмайман кўзларим кимни излайди.

Ою йил, ҳа, умрим ўтмоқда мана,

Ушалмас орзулар унсиз йиғлайди.

Кетдиму лек сендан кечолмадим воз,

Руҳимни туганмас ғусса тиғлайди.

Йиғлоқи кўзларга айлаб эътироз,

Юракка сиғмаган олам йиғлайди.

Нодира МАМАЖОНОВА,

Избоскан тумани.

ТОНГ

Қуёш бош кўтарди тун ёстиғидан,

Юзлари гулҳандай "лов-лов" ёнади.

Атиргул баргига қўнган шабнамлар,

Лабларидан қайноқ бўса олади.

Капалаклар учиб кела бошлайди,

На ўтмишни ўйлаб, на келажакни.

Ангишона гулдан симириб, қониб,

Титроққа солади ҳар бир юракни.

Айланса ажабмас бир кунмас бир кун,

Тоғлардек савлатли бўлолса тошлар.

Атрофга бурканган бутун гўзаллик,

Дилда қувончларни кашф эта бошлар.

Хосият НИГОР,

"Бобур издошлари" тўгараги аъзоси.

СЕВГИ

Фарҳод дерлар сизни гўё жасоратда,

Ширин дерлар мени ҳусну малоҳатда.

Онтлар ичинг, айрилмайлик қиёматда,

Тумор бўлинг, севгимизга кўз тегмасин,

Чин йигитлик сўзи асло бузилмасин.

Аҳдимизга олис само гувоҳ бўлсин,

Сизга ғурур, менга ибо ҳамроҳ бўлсин,

Севгимиздан фақат Тангри огоҳ бўлсин,

Хушёр бўлинг, севги элга ёйилмасин,

Чин йигитлик сўзи асло бузилмасин.

Қиров қўниб, сочлар оққа бўялганда,

Ёрга эмас, бир асога суянганда,

Ҳали-ҳануз мени кўриб уялганда,

Дийдор сўранг, кўнгил ёрдан узилмасин,

Чин йигитлик сўзи асло бузилмасин.

Марина ЭСОНОВА,

талаба.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди