Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№29, 05.07.2012

ШУКРОНАЛИК ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган. Яратган зот ана шу неъматларининг шукрини адо этиб боришликка буюради. Тангри таоло Ўзининг каломида: "Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз У сизлар учун рози бўлур", деб марҳамат қилади ("Зумар" сураси, 7-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ берган беҳисоб неъматлари ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Албатта, бу дунё синовли дунё. Унинг синовларидан ўтиш учун ҳамма нарсага шукр қилиб, сабр билан яшаш лозим. Ҳақиқий мўмин доимо шукр ва сабр билан яшайди.

Беҳад шукрки, юртимиз аҳли тинч ва эркин ҳаёт кечирмоқда. Аллоҳ таоло бизга улуғ неъмат - истиқлолни берди. Шу боис ҳам қадим анъаналаримиз ривож топмоқда. Миллий ва диний қадриятларимиз улуғланмоқда. Юртимизда дин эркинлиги кафолатланди. Халқимиз босиб ўтган қийинчиликлар тугаб, мурод-мақсадлар эшиги очилди. Шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим инсонлар шу кунларга ҳам шукр қилишмайди, қачон қараманг, нолигани-нолиган. Шу ўринда барча инсонларни тафаккурга чорлаймиз.

Азизлар Аллоҳ бизларга беҳисоб неъматларни берди. Лекин биз бу неъматларнинг шукрини тилимиз билан, қолаверса, амалда адо қилиб боряпмизми? Зотан, шукр қилсак, Яратган ишларимизни баракотли, неъматларини янада зиёда қилади.

Шукр қилиш инсоннинг энг гўзал фазилатларидан. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: "Яна Роббингиз эълон қилган бу сўзларни эсласангиз, Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят).

Демак, барчаларимиз Аллоҳнинг берган неъматларининг қадрига етиб, Яратганнинг раҳматидан умидвор бўлиб, доим ҳамд айтиб боришлигимиз зарурдир.

Саид ибн Жубайр (р.а.)дан ривоят қилинади, у киши: "Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган бандадир", деганлар. Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.): "Аллоҳ таоло бандага каттами кичикми, бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун Аллоҳга ҳамд бўлсин деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади", дедилар.

Айтишларича, Довуд (а.с.)ни дуоларидан бири бундай бўлган экан: "Эй, Парвардигор! Мен Сендан тўрт нарсани сўрайман ва тўрт нарсадан паноҳ тилайман. Сўрайдиганларим: зикр қилувчи тил, шукр этувчи қалб, сабрли бадан ва дунёю охиратимда ёрдам берадиган солиҳа хотин. Аммо, менга хўжайинлик қиладиган фарзанддан, сочим оқаришни бошламасдан оқ туширадиган хотиндан, менга азоб берадиган молдан ва менинг яхшилигимни яширадиган, ёмонлигимни ошкор қиладиган қўшнидан паноҳ тилайман".

Баъзан, тобеъинлардан ривоят қилинади, кимда неъматлар кўриниш бериб кўпайса, Аллоҳга ҳамд ва зикрни кўпайтирсин. Кимнинг ғамлари кўпайса, истиғфорни кўпайтирсин. Кимга камбағаллик ёпишса, "Ла-а ҳавла ва ла-а қуввата илла-а биллаҳил аълиййил аъзийм" дуосини кўп айтсин.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Агар таомда тўрт нарса бўлса, мукаммал бўлади: ҳалолдан бўлса, ейилаётганида Аллоҳ номи зикр қилинса, шу таомдан ейдиган қўллар кўп бўлса, ейилгандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтилса", дедилар.

Яратган ҳамиша юртимизда тинчлик хотиржамлик неъматини зиёда қилаверсин, бахт-омад ҳеч биримизни тарк этмасин. Жаннатмакон, озод диёримиздан тинчлик, осойишталик аримасин. Барчаларимизга шукроналик билан яшаш бахти насиб этсин.

Ҳожиакбар ЯҲЁЕВ.

Шаробиддин МУСАБОЕВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди