№30, 12.07.2012 АЁЛНИ УЛУҒЛАМОҚ - ОИЛАНИ, ВАТАННИ УЛУҒЛАМОҚДИР
Аёлнинг жамиятдаги фаоллиги, аввало, оиланинг мустаҳкамлиги-ю оқил ва билимдон фарзандларни тарбиялаб, камолга етказишдек улкан масъулиятни адо этиш билан белгиланади. Шу боис, унинг шаъни, обрў-эътибори, мавқе-даражаси ҳам оиласидаги оналик мартабаси, аёллик вазифасига қараб баҳоланади.
Маҳаллаларда диний-маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари билан шуғулланувчи маҳалла маслаҳатчилари орқали хотин-қизлар қўмитамиз аҳоли орасига тобора чуқурроқ кириб бормоқда.
Давр ўзгармоқда. Бу ҳолат туманимизнинг 256 минг 300 нафардан зиёд аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи хотин-қизлар фаолиятини давр ўзгаришларига, тараққиёт суръатларига мослашиб боришни тақозо этмоқда. Қўмитамиз ҳам ўз фаолиятини бугунги кун талаблари асосида олиб бормоқда.
Туман хотин-қизлар қўмитаси 76 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари орқали туман хотин-қизларига раҳбарлик қилмоқда. Шу билан биргаликда тумандаги маҳаллалар, таълим муассасалари, бошланғич хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари раислари фаоллигида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий, тиббий саводхонлигини ошириш борасида давра суҳбатлари, тадбирлар доимий ўтказилиб турилибди. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни тарғиб қилиш мақсадида "Асл либослар", "Оналар алла айтганда", шунингдек, "Мустаҳкам оила йили"га бағишлаб ўтказилган "Мустаҳкам оила - миллат таянчи" фестивали доирасидаги "Энг намунали оила", "Энг намунали спортчилар оиласи", "Энг намунали пазанда оила", "Энг намунали санъаткорлар оиласи", "Қайнонам - онам менинг, келиним - болам менинг" каби кўрик-танловлар бўлиб ўтди. Маслаҳатчиларимизнинг билим малакаларини ўрганиш мақсадида "Энг намунали маҳалла маслаҳатчиси" кўрик-танлови ўтказилди.
Бу йил хотин-қизлар учун кўплаб иш ўринлари яратилганлиги ҳам мақсадга мувофиқ бўлди. "Иномжон - файз" тикувчилик фирмасига тадбиркор Одинахон Отахонова раҳбарлик қилади. У "Пахтакўл", "Сарой", "Қашқар" маҳаллалари қиз ва аёллари учун 500 та ишчи ўрни яратган. Шундан 350 нафари мавсумий, 150 нафари доимий иш ўрнига эга. Чорвачилик фермаси учун эса сутни қайта ишлаш жиҳозлари сотиб олиб, уларни ўрнатиш ҳаракатида. Бу билан яна 50 та ишчи ўрни яратиляпти. Оминахон Мирзаева ўзининг изланиши, интилиши натижасида уйида тикувчилик цехи ташкил қилиб, 35 нафар қизларни иш билан таъминлади.
Қўмитамизнинг муҳим ишларидан яна бири оилаларни мустаҳкамлашдан иборат. Шу боис, жойларда ёш оилаларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш алоҳида эътиборда турибди. Кўпчилик МФЙларда ташкил этилган "Ота-оналар университети", "Оила мактаби"даги машғулотлар, суҳбатлар пиру бадавлат оила соҳибларининг оилавий муаммоларни оқилона изга солиш борасидаги тажрибаларини оммалаштиришга қаратиляпти.
Умуман олганда, туманимизда хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг оиладаги мавқеини ошириш, жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтириш масалалари сезиларли даража яхшиланиб бормоқда. Зеро, жамиятни ҳамда унинг бир қисми бўлган оилани бирлаштириб, унга файз киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, гўзаллик, нафосат, эзгулик билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида аёллардир. Шунинг учун ҳам аёлни - жамият кўзгуси, дейишади. Юртбошимиз айтганидек: "Аёлни улуғламоқ - оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқдир". Шундай экан, ҳаммамизнинг асосий ниятимиз, мақсадимиз битта у ҳам бўлса, аёлни эъзозламоқ, аёлни асрамоқликдир.
Маҳфузахон ҲАМИДОВА,
Шаҳрихон туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.
|