№30, 12.07.2012 МУЛОҲАЗА
ҚЎШНИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ
Қўшнига яхшилик қилиш, деган тушунчанинг ўзи анча кенг маънони мужассам этади. Бу энг аввало, комил мусулмон кишининг гўзал фазилатларидан иборат. Одатда, қайсидир маҳаллага янги қўшни кўчиб келса, маҳалладагилар, энг аввало, уларнинг юриш-туришига эътибор қаратадилар.
"Қўшнига яхшилик қилиш" деганда, ўз уйида ортиқча шов-қин-сурон, уриш-жанжал чиқариб, қўшниларга озор бермаслик ҳам тушунилади. "Қўшнинг тинч - сен тинч", деган гап бекорга айтилмаган. Чунки қўшниларимиз тинч ва хотиржам бўлса, кўнглимиз хотиржам бўлади. Кимки ўз қўшнисига яхшилик ва икром қилса, уни Аллоҳ таоло охиратда мартабасини кўтариб қўяди. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини икром (ҳурмат) қилсин". Яъни, икром қилиш "Карам" сўзидан олинган бўлиб, гуноҳларнинг гуноҳидан кечиш ҳамда эҳтиром маъносини билдиради. Шу билан бирга, икром қилиш энг савобли амаллардандир.
Сўрамасдан олдин қўшнисига ёрдам қўлини чўзиш энг соз, яъни маъруф (яхши) ишни қилишдир. Қўшнини икром қилиш унга маълум бир эҳтиёжига етадиган нарсани бериш билан меҳр кўрсатишдир. Қўшнини икром қилиш, керакли нарсаларни беғараз, беминнат ҳолда беришдир. Бу Ҳадиси шарифда қўшнини икром қилиш Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирганлик экани таъкидланмоқда.
Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон киши ушбу ҳикматдан хулоса чиқариб, унга сўзсиз амал қилишса, Аллоҳнинг мартабасига сазовор бўлади.
Муҳаммадали ЎСКАНОВ,
Андижон "Саййид Муҳйиддин Маҳдум" ўрта махсус билим юрти толиби.
|