№30, 12.07.2012 РИВОЯТ
СЕГАЗАҚУМ ТАРИХИ
Қадим замонда хон ҳазратининг қизларидан бири шол касалига йўлиқади. У саройдаги табибларини йиғиб сўрайди:
- Ким қизимга шифо бера олади?
Табиблардан жавоб бўлмагач, хон ҳазратлари ғазабланади:
- Кимда-ким даво йўлини топиб бера олмаса, улардан воз кечаман!
Табиблар ўйланиб қолишади. Аниқ бир қарорга келолмаган нажоткорларнинг ишдан бўшашига кўзи етиб қолади.
Шундай кунларнинг бирида Қашқар вилоятилик табиб хон ҳузурига кирибди.
- Олампаноҳ, бир қошиқ қонимдан ўтинг, сизга маслаҳатим бор. Қашқар вилоятида "Қумшайдо" деган жой бор. Унинг тупроғи минг дардга даво. Агар олиб келинса, қизингизга ҳам шифо бўлади...
Хон рози бўлибди. Кейин қирқта туяга ем-хашак, карвонларга озиқ-овқат юклаб, табибни бошлиқ қилиб сафарга жўнатибди.
Табиб карвонни қум бор ерга бошлаб борибди ва жой эгаларини рози қилиб, туя тўрваларига қум юклаб, яна ортига қайтибди. Йўл олис, учраган карвон саройларда тунаб, машаққатларга дучор бўлишибди. Шаҳрихон маҳаллаларига етганида чопар келиб, хон қизи қазо қилганини хабар қилибди.
Хон чопарга карвон қаерга келган бўлса, қумни ўша жойга тўкиб, "Ўттиз адир"дан дон юклаб келишга фармон берган эди. Туялардан бири эса йўлда чўлоқ бўлиб қолиб, жон берибди ва ўттиз тўққизта туя тўрвасидаги қум Сегаза маҳалласига тўкилибди.
Шундан буён уч маҳалла ўртасида "Сегазақум" деб номланиб, тупроғининг таркиби "шифо" ҳисобланаркан...
Араббой АСҚАРОВ,
Балиқчи тумани.
|