№32, 26.07.2012 ТАЪЛИМ ФИДОЙИЛАРИ
ЎЗИМИЗНИНГ ДИЛОБАР МУАЛЛИМА
Олтинкўл туманида ўз касбининг усталари бўлган педагоглар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилобар Аҳмедовадир.
Муаллиманинг билимдонлиги, ташаббускорлиги, изланувчанлиги шогирдларга намуна. Салкам эллик йилдан буён ишлаб келаётган олий тоифали инглиз тили ўқитувчиси Дилобар опани вилоятимиздаги халқ маорифи ходимлари яхши билишади.
Д.Аҳмедованинг бой педагогик тажрибаси ўқитувчилар орасида оммалашиб кетган. Устоз тарбиялаган шогирдлар айни пайтда Германия, Туркия, Америка каби чет давлатларнинг нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олмоқдалар. Бунда опа берган сабоқлар асқотаётгани бор гап. Бугунги кундаги ўқувчилари ҳам қатор танловларда муваффақият қозониб келмоқдалар. Мана, бир неча йилдирки, "Билимлар синови" ҳамда фан олимпиадаларининг вилоят босқичларида опанинг ўқувчилари фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Шу боис, улар устозларини меҳр билан "Ўзимизнинг Дилобар муаллима", дея ҳурмат билан тилга оладилар.
- Шогирдларимнинг инглиз тилини ўрганишга катта қизиқиш билдираётганларидан жуда хурсандман, -дейди Дилобар опа, -улардан икки нафари фан олимпиадасининг вилоят босқичида, яна икки ўқувчим "Билимлар синови"да иштирок этиб, фахрли ўринларни олиб қайтишди. Инглиз тилини ўрганиш кишидан нафақат жиддий қизиқишни, балки доимий изланиш, меҳнат ва сабр-тоқатни талаб этади. Инглиз тилини ўрганаётган шогирдларимга ёрдам тариқасида дарсдан ташқари машғулотлар, тўгаракларда, фан олимпиадаларида фойдаланиш учун инглиз ва немис тилларида "Happy English" ҳамда "Deutsch" номли методик қўлланмалар чоп эттирдим.
Бугунги кунда мамлакатимизда баркамол авлодни ҳар томонлама тарбиялаш Дилобар опадек устозлар олдига қўйилган катта вазифадир. Буни англаган муаллима қалб қўрини, илм дурдоналарини ёш авлод қалбига жо этади. Уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар бўлиши учун сидқидилдан хизмат қилмоқда. Д.Аҳмедова бу йил "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" республика кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этиб, фахрли ўринни эгаллади.
Дарҳақиқат, тажрибали муаллима ҳамиша изланишда. Дунёга юз тутган мустақил диёримиз ёшларининг хорижий тилларни қунт билан ўрганишлари йўлида хизмати сингаётганидан ўзини бахтиёр сезади. Албатта, устозлик йўли қийин ва машаққатли, шу билан бир қаторда бағоят шарафли ҳамдир. Устоз муаллима бу машаққатли ва шарафли йўлдан сабот билан бораётир.
Саидабону АБДУСАЛОМОВА, Олтинкўл тумани.
Суратда: Д.АҲМЕДОВА.
|