№32, 26.07.2012 ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ
ТЎЙГА МАРҲАБО!
(Давоми. Боши ўтган сонда).
Энди асосий гап - келинлик либоси хусусида.
Очиқ айтганда, маънавиятимизнинг суст кетгани, ирода-эътиқодимизнинг дарз кетгани тўй либосларида ошкор бўлмоқда. Бу шунчалик камчилик эмас, бу уят! Бу - орият! Тарихимизни билмаганимиз. Ўз миллий маданиятимизни ўзга миллатлар маданиятига солиштириб ўрганмаганимиз, савиямиздаги кемтиклар панд бермоқда.
Ахир, бутун жаҳон ҳавас қиладиган миллий кийимларимиз турганда, европаликларнинг бир неча аср аввал кийиб, энди ўзи ҳам киймай қўйган либосларини муқаддас тўй кечасида кийиш мантиқданми? Европалик кийса, раҳмат, баракалла, момосининг руҳини шод қилибди, деймиз. Сиз-чи? Умрингизда бир марта бўладиган тўй кечасида атрофингизда кимларнинг руҳи чинқираб айлан-япти-ю, кимнинг руҳини шод этаяпсиз бу фаталарингиз билан? Бугунги кунда европалик келиннинг ўзи киймай қўйган "фата" ва "шоҳона" либослари бизнинг энг чекка қишлоқлардаги бир жумла ўрисча гап айтолмайдиган нав-ниҳолларимиз устида.
...Яна бир фикр: келиннинг тўй куни очиқ юз билан туриши одат ҳам эмас, одоб ҳам эмас. Шарқликларнинг бу ишлари бежиз эмас - чиллалик келинчакнинг юзига ўзгалар нигоҳи тушмасин дейдилар-бу бир, юздаги ҳарир парда ҳунук қизни ҳам соҳибжамол қилиб кўрсатади-бу икки, учинчидан, тўйнинг энг ширин, энг сирли жойи келиннинг пинҳон юзидир!
Яна бир чўнг ҳасратим: "ижара"га олинган "сайёр" кўйлаклар ҳақида гапирмоқчиман. Сизни қай ғафлат босди, нозиктаъб туркистонлик ойимлар?! Қайси шайтон йўлдан оздирди сизни? Ахир, никоҳдан покланган, минг бир синоатлар қуршовида турган, шабнами тўкилмаган гулдай жисмингизга қандай қилиб не хил бандалардан ечилган "ижара" кўйлакни кия олдингиз? Кимлардан қолган бу матоҳ, яхшиданми, ёмонданми? Соғ баданданми, носоғданми? Дуо олган кийганми, қарғиш олганми? Бу ёғини қизларимиз ўйламаса ҳам, оналар ўйламайдиларми?
Келинлик либосини "ижара"га бериш ўзи гуноҳ, тўйдай азиз кунда ота-бувасидан қолган ўз миллий либосини киймаслик ўн марта гуноҳ, юз марта гуноҳ!
Тўй либослари қандай бўлгани маъқул? Миллий десак, тўйда атлас кўйлак, атлас лозим русум қилганлар ҳам бор. Бу - нотўғри! Никоҳ кийими азал-азалдан оқ бўлган. Иложи бўлса, лозимгача оқ бўлсин. Бошдаги рўмол-у рўмолчагача оқ рангли бўлмоғи жоиз.
Зебигардон, тиллақошларни қатъий одатга киритиш керак. Улар келинчакка афсонавий кўриниш беради, қолаверса, момолардан қолган мерос. Тиллақошларнинг товланиши, ҳар қадам босилганда зебигардоннинг жаранглари атрофни масту лол қилади. Келинчак қирқ кун давомида, Ҳайит ва байрамларда шу тақинчоқларни, ҳарир рўмоллари, келин саломларини канда қилмаса, ўша хонадон фароғатхона бўлажак!
Яна бир таклиф: чимилдиқ либосининг ҳам турли хилларини сотувга чиқариш фойдадан ҳоли эмас. Уч кунгина кийиладиган бу кийим бир умр хотира бўлиб сандиқларда қолади.
Яхшилар, эзгу ниятлар билан битдим бу сўзларни. Ота-она бўлганимизга, фарзандлик қилганига беҳад шукр. Зеро, уларнинг ортидан ана шундай ширин ташвиш ва беғубор орзулар ичида яшаб юраверайлик.
Турсуной СОДИҚОВА
|