№32, 26.07.2012 ЎҒИЛ - НЕЪМАТ, ҚИЗ - РАҲМАТ
Инсонга берилган неъматлар орасида гултожиси фарзанддир. Дунёда ҳеч бир инсон йўқки, комил фарзанд тарбиялаш, унинг роҳатини кўришни орзу қилмаса. Бироқ, айрим одамларнинг қиз фарзанд кўрса, хафа бўлиши кишини таажжублантиради.
Бу ҳолат кўпроқ Исломдан олдинги жоҳилият даврини эслатади. Ислом дини келишидан аввал араблар қиз фарзанд кўрса, уни чақалоқлик вақтидаёқ тириклайин ерга кўмишдек жирканч ишларга одатланган эдилар. Ислом дини бу ёвуз одатни тақиқлади. Аёлларни камситиш, уларга буюмдек қараш, қиз кўришни айб санашга чек қўйди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди: "Қайси бирларига қиз (кўрганлиги ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетар. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг ёмонлигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингларким, уларнинг бу ҳукмлари яроқсиздир" ("Нахл" сураси, 58-59-оят).
Бу ояти каримага назар солсак, қиз фарзандларга нисбатан жоҳилий муносабатлар Аллоҳ таоло ҳузурида яхши иш эмаслигини кўрамиз. Ҳазрати Пай-ғамбаримиз (с.а.в.)нинг аҳли аёллари - Ҳадича онамизнинг кўзи ёриди. Файзиёб хонадонда қиз фарзанд дунёга келди. Бу хабар Пайғамбаримиз (с.а.в.)га етказилганда, у зот хурсанд бўлиб, Ҳазрати Ҳадича онамизнинг олдига шошилдилар. Қизалоқни севинч билан қучоқларига олиб, бағирларига босдилар. Аёлларига миннатдор боқиб: "Қизимизнинг исми Зайнаб бўлсин", дедилар (Зайнаб - отасининг зийнати демакдир).
Ўғил кўришни истаб, қиз фарзанд туғилганида камроқ хурсанд бўладиган кишилар билсинларки, аксинча, қиз фарзандга зиёдроқ қувониш лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Биринчи фарзанд қиз бола бўлгани аёлнинг баракали, бахтли ва шарофатли аёл эканлигидан далолатдир". Яна Расули Акрам (с.а.в.): "Бозордан янги бир мева сотиб олиб, уйига келтирган киши садақа қилиш савобини олади. Олиб келган мевани аввал қизларига берсин! Аёли, қизларини севинтирган одамнинг савоби, Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаганнинг савоби кабидир. Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кишининг танаси Жаҳаннамга ҳаром", деганлар. Буни яхши билган ота-боболаримиз бозордан бирор нарса олиб келса, биринчи қизларига, кейин ўғилларига улашишган. Чунки, қизларнинг қалби ўғил боланикига қараганда нозик ва таъсирчан бўлади.
Ҳадиси шарифларда "Қиз фарзандларни хор қилманглар, мен қизларнинг отасиман", "Ўғил бола-неъмат, қиз бола-раҳмат", дейилади. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна шундай марҳамат қилади: "Бировнинг уч қизи, уч синглиси бўлса-ю, уларнинг изо-изорларига сабр қилса, Аллоҳ-таоло шу кишини Жаннати аълога (энг баланд маконга) эриштиргай". Шунда бир одам: "Икки қизи бўлса ҳам Жаннатга кирадими?" -деб сўради. Расули Акрам (с.а.в.): "Бир қизи бўлса ҳам Жаннатга киради", дедилар.
Демак, ота-она барча фар-зандларига бирдек меҳрибон бўлмоғи лозим экан. Уларнинг бирини бошқасидан устун қўйиш неъматни қадрламаслик, ношукрлик саналаркан. Шундай экан, фарзандингиз қиз бўлса, асло ўксинманг. Чиройли тарбиялаб, тенгига узатиб, кейин ҳам яхшилик қилишда давом этинг. Шунда меҳрибон Аллоҳ уларни сиз билан Жаҳаннам ўртасида тўсиқ бир парда қилади, иншаоллоҳ.
Санъатбек ТУРСУНОВ,
Олтинкўл тумани.
|