№32, 26.07.2012 ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР
"АВВАЛО, МЕН ОНАМАН, РАФИҚАМАН..."
Мишел Обама - Америка қўшма штатлари тарихида келиб чиқишига кўра, афроамерикаликларга мансуб бўлган илк қоратанли биринчи рақамли хоним. У жамоат ишларида фаол давлат арбоби, кучли ҳуқуқшунос, қатъият ва метин ирода соҳибаси. Одатда уни Жаклин Кеннеди, малика Диана ва Элеонор Рузвельтга таққослашади. У эса, ўзининг таъкидлашича, энг аввало, севимли рафиқа ва меҳрибон она...
ҚОРАТАНЛИ ҚУЛЛАР АВЛОДИ ВАКИЛАСИ
Қизлик исми Мишел Ла Фон Робинсон бўлган Обама хоним Чикагода туғилган. Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси, хусусан, афроамерикаликлар ҳуқуқи уни болалигидан ташвишга солиб келарди. Негаки, Мишел қоратанли - қуллар авлодидан: унинг катта бувиларидан бирини 1850 йили америкалик бир қулдор васиятномасида "қоратанли қизалоқ Мелвинани" 475 доллар баҳодаги мулк сифатида мерос қилиб қолдирилганини қайд этган экан. Вояга етгач, Мишел Принстон университетининг жамиятшунослик факультетига ҳужжатларини топширининг боиси ҳам шу. Ўқишни аъло баҳоларга тамомлаб, бакалавр даражасини эгаллади. Кейин Гарвард университетининг ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олди. "Принстон университетининг қоратанли битирувчилари ҳамда қоратанлилар ҳамжамияти" мавзусида диссертация ёқлаб, 1988 йили ҳуқуқ фанлари доктори унвони олганида Мишел эндигина 24 ёшда эди.
Олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлаган Мишел ҳуқуқшунос-адвокат дипломи билан яна Чикагога қайтади ва "Сидли Остин" компаниясида илк иш фаолиятини бошлайди. Айнан шу компанияда тақдир унга бўлажак умр йўлдоши билан танишиш бахтини туҳфа этди. Мишелни компанияга амалиёт ўташ учун янги келган Барак Обамага устоз қилиб тайинлашади. Фирмада ишловчилар орасида ягона афроамерикалик бўлган бу икки ёш қалбида кўнгил яқинлик пайдо бўлди. Ҳа, бу компания Мишел хоним учун нафақат илк мустақил иш фаолиятини бошлаган даргоҳ, балки унинг шахсий ҳаётида ҳам аҳамияти катта бўлган қадрли маскан. Шуҳрат чўққиси сари интилган Мишел "Сидли Остин"да ишлаб, Барак Обама билан оила қурди, аёллик, оналик бахтига муяссар бўлди. Яратган уларни турли синов ва имтиҳонлар билан синагани ҳолда икки нафар ажойиб қизалоқлар билан "сийлади". Ота-онасининг меҳр- муҳаббатлари тафтида униб-ўсаётган Малия Энн ҳамда Наташадан Обамаларнинг умиди катта.
ОИЛА ВА ЖАМИЯТ ИШЛАРИДА...
Давлат ва жамоат ишларида ўз кучини синаб кўриш ва салоҳиятини намоён этиш фикри Мишелда тўйдан кейиноқ уйғонган. 1992 йили юридик фирмадаги ҳуқуқшунослик ишини ташлаб, у мэрияда ишлай бошлади. Дастлаб, Чикаго мэри Ричард Дейлига ёрдамчи, кейин эса режалаштириш ва тараққиёт комиссарига ўринбосар бўлди. 1993 йили Чикаго ёшлар ташкилотининг ижрочи директори, 2002 йили Чикаго университети қошидаги тиббиёт академик маркази раҳбари ўринбосари, 2005 йилдан эса жамоат ва ташқи сиёсат масалалари бўйича вице-президент лавозимларини эгаллаб турибди.
Обама хонимнинг эътиборли жиҳати, у жамоат ва оила ишларини баб-баробар уддалай олганида. 2007 йилнинг май ойидан эри Президент сайловларига номзоди кўрсатилганида Мишел хоним сайловолди кампаниясида фаол иштирок этди, турмуш ўртоғининг номзодини қўллаб-қувватлади. Журналистларга берган интервьюсида эрини мамлакатни бошқариш борасидаги камчиликларда айблашлари муаммо эмаслиги, муҳими, ҳукумат томонидан давлат ғазнасидаги маблағларни Ироқ урушига сарфлаш ўрнига болалар соғлигини мустаҳкамлаш ва таълим тизимини янада такомиллаштириш ишларига йўналтирилса яхши бўлишини алоҳида таъкидлаган эди.
Жамоат ишларида фаоллигига қарамай, Мишел ўзини биринчи галда она эканлигини унутгани йўқ. Шу боис ҳам эри АҚШ сенатидан жой эгаллаган вақтларида ҳам унинг ортидан Вашингтонга бормасдан, Чикагода қолиб, иккала қизининг тарбияси билан жиддий шуғулланганди. Йиллар ўтиб, Барак Обама Президент сайловида ғолиб чиқиб, Президентлик қасамёдини қабул қилгач, Обамалар оиласи тантанали равишда Оқ уйга кўчиб ўтишган. Президент қароргоҳида Мишел хоним мўъжазгина томорқа ташкил этган. Шу кичкинагина экин майдонидан арзон, лекин мазали ва экологик тоза сабзавотлар етиштиришни йўлга қўйган.
ОММА ЭЪТИБОРИДА...
Обамалар оиласи ҳақида турли миш-мишлар юради. Улар қанчалик асосли эканлиги номаълум. Лекин уларнинг ҳаётидан бир шингил воқеани кўпчилик яхши билади. Бир куни кечқурун президент Обама ва унинг рафиқаси Мишел режадан ташқари кечки овқатга боришга отланишди. Ресторан ҳам унчалик дабдабали бўлмаслиги лозим эди. Бориб, эндигина столга ўтиришган ҳам эдики, ресторан хўжайини Обаманинг қўриқчисидан хонимга икки оғиз гапи борлиги, мумкин бўлса суҳбатлашмоқчи эканини билдиради. Кейин Мишел ва ўша киши ўртасида қисқагина суҳбат бўлади. Қайтиб келиб столга ўтирган рафиқасидан президент Обама сўрайди: "Намунча у сенинг суҳбатингга, сен билан мулоқотга қизиқиб қолибди?". Хоним эса унга жавобан бу киши ўсмирлик даврида уни телбаларча севган ошиқ йигит эканлигини айтади. Шунда Президент Обама: "Қара-я, агар ўша йигитга турмушга чиққанингда мана шу ажойиб ресторан хўжайинининг хоними бўлар экансанда-а?", дебди. Мишел эса ҳеч пинагини бузмай бамайлихотир: "Йўқ. Агар мен унга турмушга чиққанимда, у президент бўлган бўларди", деган экан.
Бу гаплар шунчаки, ҳазиломуз гапдир эҳтимол. Инсониятнинг ярмини аёллар ташкил қилади, қолган ярмини ҳам мана шу латофатли, дилбар ва жозибали инсонлар дунёга келтиришган. Демак, дунёдаги жамики гўзалликлар аёлга бўлган муҳаббат туфайли яратилган, деб бежиз айтилмаган. Биз аёлларнинг ҳаётдаги ўрни ҳақидаги бор ҳақиқатни очиқ - ойдин айтишимизнинг ўзиёқ аёлларни шу қадар юксакка кўтарадики, бошқа ҳеч қандай мақтовга ўрин қолмаслиги айни ҳақиқат.
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА.
|