№33, 02.08.2012 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
МАҲАЛЛА - ЯХШИЛИКЛАР ЭШИГИ
Маҳалла қувонч ва ташвишлар остонаси. Ҳар қандай яхшилик, янгилик, ҳар қандай қадимий урф-одат маҳаллада тарғиб қилинади, маҳаллада сайқал топиб, жорий қилинади.
Балиқчи тумани, Хўжаобод ҚФЙга қарашли "Қаҳрамон" маҳалласи тумандаги намунали маҳаллалардан бири ҳисобланади. Ушбу маҳаллада 665 та оила бўлиб, 2856 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Одамлар орасида ўзаро тотувлик туфайли маҳалла обод гўшалардан бирига айланган. Маҳалла ҳудудида 40-умумтаълим мактаби, 1-сонли ҚВП, 11-мактабгача таълим муассасаси, "Чин-илҳом-иноқ" кичик корхонаси, "Қора марварид" ип-газлама ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда "Андитал" фирмаси фаолият кўрсатаётганлиги бу ерда яшовчи аҳоли учун барча қулайликларни яратмоқда. Кўплаб ишчи ўринлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, устоз-шогирд йўналишида иш олиб бораётган Соҳибахон Қўзибоева, Мавлудахон Акрамовалар тикувчилик ҳунарларини ишсиз уйда ўтирган қиз, аёлларга ўргатиб келмоқда.
Хурсаной Аҳмедова, мана, беш йилдирки, мазкур маҳаллада диний-марифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи вазифасида ишлаб келади. Ҳудуддаги ҳар бир хонадон аҳлининг орзу-ўйлари, муаммолари опанинг эътиборида. У имкон қадар ҳар бир оилада бўлиб, уй бекалари билан алоҳида суҳбатлашади, уларга маслаҳатлар беради. Соғлом онадангина соғлом бола туғилишини таъкидлаб, тушунтиришдан эринмайди. Аёлларни мутахассислар кўригидан ўтказишга бош-қош бўлади.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида жойлашган мактаб, боғча, қишлоқ врачлик пункти ва бошқа муассасалар билан ҳам доимий ҳамкорлик ўрнатилган. Улар кўмагида "Соғлом авлод - келажак пойдевори", "Ўз уйингни ўзинг асра", "Маҳалла обод, юрт обод", "Энг обод кўча", "Тиббий кўрик - саломатлик гарови", "Огоҳлик - давр талаби" каби маънавий, маърифий мулоқотлар, саломатлик тадбирлари ўтказилиб, улар ёшлар ўртасида содир этиладиган жиноятчилик, майда ҳуқуқбузарликлар ва тартиббузарликларнинг олдини олишда қўл келмоқда.
Тўйлар ва турли маросимларни ихчамлаштириш, ортиқча сарф-ҳаражатларнинг олдини олишда маҳалла фаоллари Мавлудахон Каримова, Донохон Юнусова, Собиржон ака Раҳимов, Муҳаммаджон Ибрагимов, дастурхончилар: Жононхон Ғаффорова, Ўғилой Раҳимова, отинойилар: Буҳадича опа Аҳмедова, Махсуда опа Мажидова ҳамда Насибахон опа Ибрагимоваларнинг хизмати катта бўляпти. Ёшлар никоҳини қайд этиш тадбирини тўй тантанаси оқшомида ўтказиш ҳам анъана тусига кириб қолди. Аввалги тонготар базмларга чек қўйилди. Энг муҳими, тўйлар миллий руҳ ва ўзгача файз билан ўтадиган бўлди.
Ҳа, маҳалла ҳаёти билан бойиб, замон талаблари асосида мустаҳкамланиб бораётгани бу аҳиллик ҳамда бирдамликдандир.
- Барча яхши тадбирлар маҳалладан бошланади, бу ерда муаммолар ўз ечимини топади, - дейди маслаҳатчи Хурсаной Аҳмедова. - "Ибратли қайноналар" деб номланган тадбиримизга маҳалламизда истиқомат қилаётган икки келиннинг қайнонаси Ўғилхон ая Раҳимовани таклиф қилдик. Учрашув тарзида ўтказилган тадбиримиз ёшу катталар учун ибрат мактаби бўлди, десам янглишмайман. Чунки, келинни қизидай ўз йўриғига солиш, уй тутумига ўргатиш, рўзғор юмушларига уқувли қилишда қайнонанинг роли катта. Шунинг учун "Қайнонали келин - қарқара келин", деб айтишади-да.
Кам таъминланган оилаларга моддийёрдам кўрсатиб туришимизда ҳам ҳомийларимиз: тадбиркорлар - Олимжон Арзиқулов, Фарҳодбек Одилов, фермер - Шавкат ака Ўроловларнинг мадади катта.
Ҳа, маҳалла катта куч. Уни аҳоли суянчиғига айланиб боришида маслаҳатчининг хизмати катта. Хурсаной Аҳмедова ҳам яхшилигини маҳалла аҳлидан аямайдиган куюнчак, ўз ишининг фидойи аёли. Элга қайишганга эса эл суянади.
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|