№33, 02.08.2012 ПЕДАГОГ МИНБАРИ
ТУМАНДА БИРИНЧИЛАРДАНМИЗ
Бизнинг таълим муассасамизда ҳам ташаббускор, фаол, иқтидорли ва истеъдодли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бугун мактабимизда 35 нафар ўз касбининг фидойиси бўлган устоз-мураббий 600 нафар ёшга таълим-тарбия бериб, уларнинг баркамол авлод бўлиб камолга етиши йўлида изланиб-интилмоқда.
Айни пайтда таълим масканимиз рейтинг бўйича туман мактаблари орасида 1-ўринни эгаллаб тургани, қилинган меҳнатларимиз, эришган ютуқларимиз самараси, десак хато бўлмайди. Шунингдек, замонавий синфхоналар, спорт зал, кутубхона ва лаборатория хоналаридан иборат мактабимизда ўқитишнинг янги инновацион технологиялар асосида олиб борилиши рейтинг кўрсаткичимизнинг ошишида муҳим омил бўлди. Бунда фан ўқитувчиларининг ўз фани сир-асрорини мукаммал эгаллагани, машғулотлар самарадорлигини ошириш учун ахборот технологияларидан фойдаланиши ўқувчи эътиборини тортдики, натижада билимлар синовида туман мактаблари орасида мавқеимиз юксалди. Айниқса, она тили ва адабиёти, рус тили, математика фанларини ўқитиш, ўқувчиларнинг ўзлаштириши рейтинги халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман бўлимининг мониторинг гуруҳи томонидан муносиб баҳоланди. Мазкур фанлар ўқитувчилари Гулсорахон Назарова, Насибахон Мўйдинова, Камолахон Камолова, бошланғич синф ўқитувчилари Нодирахон Қамбарова, Муқаддамхон Мамажоноваларнинг ўқитиш услубини туман мактабларидан келиб ўрганишмоқда.
Таълим-тарбия билан бир қаторда мактабимизнинг обод ва кўркам маскан бўлишига ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Айниқса, ер майдонимиздан унумли фойдаланишни яхшигина йўлга қўйиб олдик. Аввалига бир йиллик гуллар экиб, шуларни сотишдан бошладик. Кейин эса картошка, сабзи, пиёз, редиска, нўхат, ловия сингари сабзавот ва резаворларни экдик. Хуллас, бўш қолган ернинг ўзи йўқ бизда. Йилда икки марта ҳосил оламиз. Бу билан теварак-атрофимиз кўкаламзор бўлиб, кўрган одамнинг кўзини қувнатса, моддий манфааатдорлигимиз ҳам чакки эмас. Биргина мисол. 2010 йилги даромадимиз эвазига пианино ҳамда овоз кучайтиргич сотиб олдик. Ўтган йили эса синф хоналари-ю йўлакларни кўргазмали воситалар билан безатиб қўйдик. 14 нафар кам таъминланган оилалар фарзандларига томорқадан олинган даромад эвазига ўқув қуроллар олиб бердик.
Яна бир гап. Болалар спортини ривожлантириш бўйича олиб бораётган ишларимиз ҳам бесамар кетмаяпти. Қизлар волейбол командаси Хотира ва қадрлаш куни арафасида туман миқёсида ўтказилган мусобақада ғолиб бўлиб, вилоят босқичига йўлланма олди. Мактаб жамоаси спортнинг теннис, каратэ ва Турон якка кураш тури бўйича туман ва вилоятда таниқли С.Имомова ва У.Миразизов билан ҳақли равишда фахрланади.
Ўқувчиларни тўгаракларга жалб этмасдан туриб, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш анча қийин, албатта. Шу боис, фан ўқитувчиларининг иқтидори ва ташкилотчилигига қараб тўгараклар ташкил этдик. Мактабимизда 23 та фан, 8 та спорт тўгаракларига бугунги кунда 400 нафардан ортиқ ўқувчи-ёш жалб этилган. Устоз ва мураббийларнинг машғулотларни ноанъанавий тарзда ташкил этаётганликлари тўгараклар фаолиятининг мазмуни ҳамда сифатини оширишда қўл келаяпти.
Юртимизда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган. Янгидан бунёд этилган таълим масканлари, уларнинг замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланганлигининг ўзи шу мақсад йўлида қилинаётган ишлар кўламининг нақадар кенг ҳамда аҳамиятли эканини кўрсатиб турибди.
Биргина, мактабимиз мисолида оладиган бўлсак, умуммиллий дастурга асосан муассасамиз 2009 йили қайта реконструкция қилиниб, янги спорт зали қурилди. Ундан ташқари, фан ва ўқув лаборатория хоналаримиз ҳам замон талаблари даражасида жиҳозланди. Қўйингки, бир ўқувчининг таълим олиши, комил инсон сифатида тарбия топиши учун нимаики лозим бўлса, барчаси муҳайё этилди.
Биз таълим олган шароит билан бугунгисини қиёсласам, ҳозирги ёшларга ҳар томонлама ҳавас қилса арзигулик қулайлик яратилганини янада чуқур ҳис этаман. Ва бу туйғу янада самарали ишлашга, билдирилган ишончни тўла оқлашга, зиммамизга юкланган масъулиятни янада теранроқ англашга ундайди.
Замирахон АКРОМХЎЖАЕВА,
Андижон туманидаги
32- умумтаълим мактаби директори.
|