№33, 02.08.2012 ЖУРНАЛИСТ ЁН ДАФТАРИДАН
"ҲИКОЯ"
Газетачиликнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Лекин, гашти ҳам ўзгача. 1984 йилларда Олтинкўл туман газетасида ишлар эдим. У вақтларда газета ҳафтасига уч марта чиқар, Андижон шаҳар босмахонасида босиларди. Иш анчайин мураккаб. Ишни кўпинча жуда кеч якунлардик. Ҳаттоки, тунги соат 10-11 ларда ҳам босмахонадан кетолмай юрардик. Айниқса, қиш кезларида бу муаммолар бизни қийнар эди.
...Одатдагидай газета чиқарадиган кунимиз эди. Босмахонанинг кичкинагина хонаси масъул котиб Каримжон Қобуловнинг папироси тутунига тўлган. Мен ва шоир Одил Эгам газета ўқияпмиз. Қанча ҳаракат қилмайлик барибир газета кечга сурилди.
Қоронғи тушган сари менинг кўнглим нотинч. Автобус тўхтаб қолса, уйга қандай кетаман, деган ташвишдаман. Авжи қиш палласи. Лайлакқор гупиллатиб ёғиб турибди. Гўёки бу қор менинг ичимга ёғяпти.
Одил Эгам менга зимдан қараб қўйди-да, томоқ қирди. Мени хотиржам қилгиси келдими, деди:
- Мушарраф, ҳикоя айтиб берайми?
Қай мавзуда ҳикоя айтишини билганим учун индамадим. Албатта, қўрқинчли ҳикояни айтади-да. Одил ака эътибор бермай ҳикояни бошлади.
- Кечки пайт бир киши ҳаммомга кирибди. Ҳаммомда ҳеч ким йўқ. Энди ювинаётган экан кимдир: "Хи-хи-хи, бироз сурилинг", дебди. Ҳалиги киши қараса олдида оёғи битта, боши иккита одам иржайиб турганмиш...".
Этим жимирлаб кетди.
- Ҳикоянгиз ҳам ўзингизга ўхшаб юмалоқ-ёстиқ, - дедим қўрққанимни сездирмай.
Ҳамкасбларим кулишди. Газета шу куни тунги соат ўнларларда тайёр бўлди. Энг сўнгги автобусга улгуриб қолибман. Руҳий касалликлар шифохонаси бекатигача келиб олдим. У ёғига машина йўқ. Мирободгача яна беш километр йўлни пиёда босишга тўғри келади. Кўчада ҳеч зоғ кўринмайди. Мубҳам сукунатга чўмган кўчада қор кечиб боряпман-у, Одил Эгамнинг "қаҳрамон"и - оёғи битта, боши иккита одам иржайиб кўз олдимда гавдаланаверарди. Қўрққанимдан билган дуоларни ичимда ўқиб илгарилайман. Бундай пайтда ташланган қадаминг олдига эмас, ортга тортиб кетаётганга ўхшар экан.
Шу пайт рўпарамда машина чироғи кўринди. "Москвич" машинаси ёнимга келгач, тўхтади. Рулда ўтирган турмуш ўртоғимни кўриб енгил тортдим.
...Орадан бир кун ўтиб яна, газета чиқардик. Ҳар галгидек газета яна кечикди. Одил ака шумлик билан жилмайди:
- Мушарраф, битта ҳикоя айтиб берайми, а?!
Мушарраф ОХУНОВА.
|