№33, 02.08.2012 ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР
ЕВРОПА МОДА ОЛАМИНИ ЗАБТ ЭТГАН ЯПОН АЁЛИ
Ханае Мори - дунёга машҳур дизайнерлардан, афсонага менгзалган аёл. Унда аёллик назокати ва нозик дид уйғунлиги мужассам. Ҳаёти ва фаолияти тарихи эса ўзи каби қизиқарли ва бетакрор. У кўпларнинг ҳаваси ва эътиборидаги аёллардан бири. У рисоладаги рафиқа ва она бўлиш билан чекланиб қолмай, ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида ўз даврининг ёзилмаган қонунларига ўзгартириш кирита олгани билан миллионлаб одамларнинг ҳурматига сазовор бўлган аёлдир.
ҲУНАРГА ИШТИЁҚ
Ханае Мори асли япониялик. У 1926 йили шифокорлар оиласида таваллуд топди. Унинг ота-онаси қўли енгил шифокор бўлишлари билан бирга нафосат ва гўзалликка интилувчан нозик дид соҳиблари бўлган. Аксарият ота-она фарзанди улғайиши билан бирор касб ёки ҳунарни эгаллаши учун барча имкониятларидан фойдаланади. Айниқса, биз осиёликларда қиз боланинг ҳунар соҳибаси бўлиши ота-онанинг қувончи.
Шу боис ота-она қизи Ханаеда ёшлигиданоқ, дид билан кийиниш маданиятини шакллантириш баробарида либослар тикиш ҳамда ноёб кийим-кечаклар дизайнини яратишга бўлган муҳаббат руҳида тарбияладилар. Ханае ота-онасининг хоҳиш-истагига биноан тикувчиликни ўрганди, десак адашамиз. Негаки, чок тикиш ишига қизиқиш ва иштиёқ унда болалигидан уйғонган. Ҳамма гап - зийрак ота ва она фарзандининг қобилиятини вақтида илғай олганида, албатта. Шу тариқа Ханае тикувчиликнинг бор сир-асрорларини қунт билан ўргана бошлади. Энди унинг учун бўш вақтнинг ўзи йўқ. Мактабдан келади-ю, ўзи қизиққан машғулоти билан банд бўлади. Энди унинг қўлига тушган оддий мато санъат асари даражасига кўтарила бошлади. Дастлаб игна ушлаб либос тикишни ўрганган машғулоти тобора Ханае учун ҳаётининг мазмунига айлана борди. Йиллар ўтиб, ранг-баранг матолар аро нозик хушбичим кийимлар нафосати уни бутунлай мафтун этди.
МОДАЛАР ОЛАМИГА
ИЛК ҚАДАМ
Ота-она қизининг келажаги учун уни яхши бир ҳунар эгаси қилиб тарбиялаш билангина чекланиб қолишмади. Ханае ҳунар билан бир қаторда яхши билим ва маълумот соҳибаси бўлиши учун ҳам астойдил ҳаракат қилди. Бунда ота-онанинг ишончи унга куч бўлгани шубҳасиз. 1947 йили Ханае Токио аёллар университети талабаси бўлди. Олийгоҳда у япон адабиёти мутахассислиги бўйича таълим олди. Ундан кейин турмушга чиқди. Яратган унинг манглайини ҳар қандайин аёл ҳавас қилгудек, севимли ёр, бахтли бека, мушфиқ она каби юксак унвон билан ёрлақаб қўйган.
Тиниб - тинчимас Ханае бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Ҳунарини янада такомиллаштириш бўйича ўқишда, изланишда давом этди. 1951 йили бичиш-тикиш мактабини тамомлаб, ёшлигидан "тинчлик бермаган", юрагининг тубидан жой олиб улгурган севимли соҳаси-либослар дизайнини бошлаб юборди. Турмуш ўртоғи Кен Мори ҳам қараб тургани йўқ. Рафиқасининг ижодкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлади. Тўғри, аввалига Ханаенинг тикувчилигини шунчаки ҳавас, қизиқиш деб ўйлаганди. Лекин кейинчалик бу нафақат ҳунар, балки, жиддий бизнес эканини англаб, умр йўлдошининг ҳаммаслаги, молиявий масалалар бўйича ҳамкорига айланди. Бу эса Ханае хоним учун бошқа нарсаларга чалғимасдан, фақат тикувчилик устахонасида ижод билан машғул бўлишига яхшигина имконият эди. Бу ерда Ханае Мори нафақат аёллар берган буюртма асосида либослар тикди, балки киноматография соҳасида ўзи яратган бежирим либослари билан ижод қилди. Унинг коллекциясидаги либослар япон кинорежиссёрлари Куросава, Озу, Мизогучи фильмлари қаҳрамонлари эгнида дунё юзини кўрди.
"ҒАРБГА ШАРҚНИНГ ТАШРИФИ"
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Ханае Мори учун янги ҳаёт, янги ижод даври бошланди. Гап шундаки, ўша пайтга қадар у фақат япон хотин-қизлари учун кийим-кечак яратган. "Япон либосининг бичими европача кийимдан анчагина фарқи бор. Бизда барча чоклар тўғри бичимда, аёлларимиз ҳам янги кўйлакни эгнидаги либоси билан кийиб кўришга одатланишган. Уларга кўйлак рангининг бадан терисига мос тушиши ва ярашимлилиги муҳим. Америкаликларнинг бу борада қарашлари бироз бошқачароқ. Улар тикдирадиган кўйлак қоматига мос ва аёллар қоматининг шаклига хос бўлиши керак эди. Шунга муносиб андозаларим бўлиши ҳамда либос тикишга ўзгача ёндошишим керак эди", дейди дизайнер.
Ҳа, у европача либослар тикишдек масъулиятни зиммасига олган ва бу ишнинг мутлақ уддасидан чиққан биринчи япон дизайнери бўлди. 1954 йили очилиб, бир пайтлар мўжазгина бўлган дўконча йиллар давомида ривожланиб, ҳозирда Токионинг марказий ҳудудларидан бири Гинзедаги улкан модалар уйи-даражасига юксалди.
1960 йилларнинг бошида Мори хоним Францияга боради. Машҳур француз кутурьелари Диор, Живанши ва Карденлар билан учрашади. У дизайнер сифатида эмас, оддий мижоз сингари уларнинг кийим-кечак, бичиш-тикиш устахонаси, иш жараёнларини кузатди. Харидор сифатида Шанел Модалар уйига ташрифи асносида Коко Шанел ижоди билан яқиндан танишди. Мори хонимнинг дунёга танилган шундай дизайнерларга ўзини касбдош сифатида таништиришни муносиб кўрмагани ажабланарли. Бу осиё аёлларигагина хос бўлган ҳаё пардаси ила зийнатланган камтаринлик, андишадир ёки маҳоратли дизайнернинг ўзига хос йўналишидир эҳтимол. Лекин нима бўлгандаям ўзини танитмаган Ханае хоним зийрак нигоҳи, ўткир тафаккури билан французлардан кўп нарсани ўргангани аниқ.
Ханае Мори хоним чет давлатлардаги илк модалар намойишини 1965 йили Нью-Йоркда ўтказди. Унинг коллекцияси асосан байрам тадбирлари учун мўлжалланган японча кимоно услубидаги шойи кўйларлардан иборат бўлиб, коллекциянинг "Ғарбга Шарқнинг ташрифи" деб номланишида ҳам ўзига хос маъно мужассам эди. У европача ва шарқона услублар уйғунлигидаги либослари билан барчанинг эътиборига тушди. 1970 йилга бориб Япония сарҳадларидан ташқарида янги либослар дўконлари очилди. Кейинчалик Лондон ва Парижда ҳам Морининг кийим- кечак дўконлари ишга тушади. Француз аёллари эса Ханае хоним яратган кўйлакларни хуш кўриб киядиган бўлишди. Тинимсиз меҳнатлар эвазига Ханае Мори 1977 йили нуфузли Парижнинг Юксак Мода Синдикати аъзолигига қабул қилиниб, Осиё давлатларидан илк дизайнер сифатида француз модалар тарихида қолди. Ханае Мори Модалар уйининг рамзий белгиси капалак тимсолида тасвирланади. Бу бежиз эмас. Капалакнинг икки қаноти худди Ханае Мори либосларидаги икки қутбга хос аёл қоматига мутаносиб уйғунлик каби Шарқ ва Ғарбнинг айро ва туташ маданияти жиҳатларининг ифодаси ҳамдир.
Ижодида Шарқ ва Ғарб уй-ғунлиги Ханае Морини шуҳрат чўққисига кўтариб қўйганди. Бу анъана Ханае Мори Модалар уйи учун ҳам анъана, қадрият сифатида улуғланади.
2010 йилдан Ханае хоним Модалар уйини келини, собиқ фотомодель Памела Морига ишониб топшириб қўйган. Лекин ўзи ҳам ҳамон изланиш ва ҳаракатда. У 82 ёшда бўлишига қарамай янгича либослар, янгича дизайнлар яратишдан чарчагани йўқ. Модалар уйи ишларида фаол. Айниқса, ўзи ташкил қилган Ханае Мори фонди дизайнерликка қизиққан, янги иш бошлаган ёшларга касбининг сир-асрорларини ўргатмоқда.
Қалбида гўзаллик ва самимият жўш уриб турган нафосат маликаси яратган бежирим кўйлаклар дунё аёллари ичра ҳамиша суюмли ва ярашимли либос бўлиб қолмоқда.
Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА
|