№33, 02.08.2012 ҚАТРА
ДУО
Қишлоғимизда Умринисахон исмли момо яшар эди. Табаррук онахон юз йилдан ортиқ умр кечирди. Уч аср билан юз кўришди. Момо умрининг сўнгги дамларида ҳам тетик бўлиб, майиздек суҳбатлашар эди. Умргузаронлик даврида турмуш ўртоғи билан беш нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди.
Бир этак невара, чевара ва эвараларнинг суюкли бувижониси бўлиб, роҳатини кўрди. Момо билан кўп бора суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлган эдим. Онахондаги одамохунлик, ширинсўзлик, қувноқлик ва очиқ чеҳралик каби фазилатлар кишини лол қолдирарди. Ана шундай суҳбатларнинг бирида момодан "Узоқ умр кўриш сир-синоатларини айтиб берсангиз", деб сўрадим. Ўшанда табассум билан менга юзланиб: "Э, айланай, болажоним, бунда ҳеч қанақа яширадиган сир йўқ, буни Яратганнинг менга ҳадя қилган инояти деб биламан ва унга шукрона айтаман. Боиси шуки, ақлимни танибманки, ота-онамнинг берган ўгитлари, панду насиҳатларига ҳамиша қулоқ тутдим ва уларга амал қилдим. Улар мени вояга етказиб, турмушга узатишди. Ўзга хонадонга келин бўлиб тушиб, шуни англадимки, энди қайнота ва қайнонамни ҳам ҳақиқий ота-онамдек кўришим, бу уйдаги барча оила аъзоларини эса доимо ўзимга яқин олишим, уларга садоқатли бўлишим зарурлигини англадим. Албатта, бунга меҳр-ихлос билан бирга сабр-қаноат ҳам керак эди. Бу оиладаги ҳар бир муваффақиятим замирида юксак орзу-умидларимнинг рўёбини кўрардим. Назаримда, самимиятим униб-ўсишимга имкон яратарди, шундай бўлди ҳам. Уларнинг нима юмуши бўлса, сидқидилдан бажардим. Қишин-ёзин, эрта-ю кеч тинмай уларнинг хизматида эдим, оиланинг қувончига ҳам, ташвишига ҳам шерик бўлдим. Ота-она юзига ҳеч қачон тик боқмадим, сўзини икки қилмадим. Кези келганда шуни ҳам айтиб қўяйки, ибо, шарм-ҳаё энг юксак инсоний фазилатлардан эканини чуқур англадим. Бир сўз билан айтсам, ўзимни сенлаб, ориятни сизлаб ўтдим. Умр йўлдошим бўлса, ота-оналарини эъзозлаганим туфайли охиригача ҳурматимни жойига қўйди. Қайнота-қайнонамлар эса ҳар дақиқа-ҳар куни ўз миннатдорликларини дуо билан изҳор этди."Умринисахон қизим, умринг узоқ, ризқинг улуғ бўлсин, сендан у дунёю бу дунё розимиз", деб кўп айтишарди", дея донишмандлик билан сўзини якунлади.
Умринисахон момо бироз тин олгач, "Аллоҳ ўзи рози бўлсин", дея астагина эзгу-ниятлар айтиб дуога қўл очганида, онахоннинг нурли юзига боқиб, доно халқимизнинг "Олтин олма, дуо ол", деган нақлининг маъносини чуқурроқ ҳис этгандек бўлдим.
|