№33, 02.08.2012 ҚАТРА
МАЛАК СИЙМО
Орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Ҳамон ўша кўркам қадди-қомат, узун сочинг, камалак қошинг, шаҳло кўзларинг, кулча юзинг, гўзал, латофатли жисминг, Малак сиймо.
Менга дунёнинг сир-синоатларини англамоқни - севги, ишқ-муҳаббат суруридан баҳра олмоқни ўргатган фариштам, сени унутолмайман, ҳамон эслайман.
Узоқ-узоқларга хаёл оташларини оқизиб кетаётган сув бўйидаги маъюс мажнунтоллар билан унсизгина суҳбатлашаман. Қир-адир ёнбағрида қишин-ёзин яшил либосга бурканган хушманзара арчазорларга боқаман.
Эсингдами? Шу сўлим гўша илк бора кўнгиллар пайвастига, худди мана шу анҳор бўйидаги мажнунтоллар, арчазорлар нигоҳларнинг дил амри ила шодон суҳбати бир-бирларимизга талпинган дамларга шоҳид бўлган эди. Ҳар гал шу оромбаҳш ҳудудга келганимда беихтиёр оёқларим одимлашдан тўхтайди.
Шу лаҳзада шўрлик юрак ура-ура тўхтаб қолгандай бўлади, гўё. Чунки оппоқ либосли малак сиймо бир зумгина кўзларимни қамаштириб, дунёдаги борки гўзалликларни ўзида мужассам этганди.
Дилимга энг покиза гавҳар, энг улуғ неъмат - муҳаббатни нақшлаб қўйган эди. Ўша оқ либосли малак, бу - сен эдинг. Ўшандек шукуҳли, лаззатли онларнинг бирида, сенинг беморинг эканлигимни айтганимда...
- Сабр қилинг, ошиқ қалбли йигит. Атрофга қаранг, анови гўзал ифорли гулзорларни кўряпсизми? Қандай гўзал-а?
Англадимки, сен ўшанда қалбимда туғён уриб турган гулзорга ишора қилган экансан. Азбаройи шу кунгача ўша гулзорни безаб турган ягона бир гул ҳамиша қалбимда. Мени сабрга чорлашдек лутфинг ҳаётим давомида анча-мунча қийинчилик, азоб-уқубат ва қисматларни енгиб ўтишга қанот бўлди ва бўлмоқда.
Зеро, истиқболингга талпинсам-да, аммо ўша кезларда қўлларингдан ушлаш у ёқда турсин, қаршимда турганингдаёқ вужудимни аллақандай титроқ босиб, оламни ларзага сол-гандай туюларди. Дардли юрагимнинг тубидаги изтиробларни айтиб қўяй. Мен бошқа кимсалар каби сендан айрилмоқни ихтиёр этмадим. Сен ўз инон-ихтиёринг билан муҳаббат туйғусига хотима ясадинг... Айрилиқ не сабабдан содир бўлганини ҳаётимнинг шу кунигача идрок этолмай яшамоқдаман.
...Тунлари фалакдаги Ойга, тонг чоғлари Зуҳро юлдузига термулганимча ҳамон, сен - Малак сиймони ўйлайвераман...
Шамсиддин ИСМОН.
|