№34, 09.08.2012 МЕҲНАТГА ЯРАША РАҒБАТ
Маслаҳатчи этиб тайинланганимда даставвал маҳалла фаолларига суяниб иш бошладим. 845 та оила, 1658 нафар хотин-қизларнинг қувонч ва шодлигига шерик бўлишга, оғирини енгил қилишга ҳаракат қилдим. Раънохон Харинова, Мавжудахон Султонова, Арофатхон Ибрагимова, Умихон ая Абдуқодирова ва Маликахон ая Исмоилова каби маҳалла улуғлари билан кенгашиб, иш юритдим. Натижада маҳаллада ўтадиган тўй-тўркин, маърака маросимларимизни камчиқим қилиб ўтказишга эришдик. Бу ишда дастурхончи, отинойиларнинг ҳам ҳиссалари катта бўлди.
Маҳалламизда кўплаб фермер, тадбиркор, ишбилармонлар яшашади. Ака-ука Мамажоновлар, Солижон Раҳмонов сингари ҳиммати баланд ҳомийларимиз кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз қарияларимиздан ўз саҳоватларини аяшмайди.
Маҳалламизда миллий қадриятларимиз, удумларимизни улуғлаш, аҳолини, айниқса, хотин-қизларни ишга жалб этиш, оила, мактаб, маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб турамиз-ки, бу албатта, ўз натижасини беради. Чунки, халқ - энг катта куч. Уни яхшиликка йўналтира олсак, бизда ҳал қилинмайдиган бирон бир муаммо қолмайди.
Маҳалладаги жўшқин ҳаётни янада жонлантириш биздан тиниб-тинчимасликни талаб қилади. Шу маънода маҳалладошларимизнинг маслаҳатчиси, энг яқин маслакдоши, суянчиғига айланиб бораётганлигимиз учун ҳам ишимиз кеча-ю кундуз давом этади. Шу боис ҳам савобли юмушларимиз билан Юртбошимиз эътирофига сазовор бўлдик. Ойлик маошларимиз оширилди. Бу рағбат биз сингари маҳалла учун жонфидолик билан ишлаётган маслаҳатчиларга янада куч-қувват бахш этди. Бундан буён ҳам юртим деб, халқим деб яшаш, ишлашни бурчимиз, деб биламиз.
Адибахон ИСМАТОВА,
Турдиали Мамажонов номли МФЙ маслаҳатчиси.
|