№34, 09.08.2012 ДЕПУТАТ МИНБАРИ
ВАТАН САОДАТИ - МЕНИНГ САОДАТИМ
Айни кунда мамлакатимиз ўз мустақиллигининг 21 йиллик тўйини кутиб олиш тараддудида. Истиқлол йилларида Ватанимиз беқиёс даражада ривожланди ва жаҳон ҳамжамияти орасида ўзининг муносиб ўрнини топмоқда.
Юртимиз иқтисодий сало-ҳияти юксалмоқда, дон мустақиллигига эришдик. Ишлаб чиқариш, айниқса, саноат маҳсулотлари тайёрлаш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ишбилармонликка кенг йўл очилди.
Талабалик йилларимда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни орзу қилардим. Лекин у пайтларда ишбилармонликка бугунгидай кенг имкониятлар яратилмаган эди. Истиқлол шарофати билан тадбиркорликка кенг йўл очилди.
Турмушга чиққанимдан сўнг турмуш ўртоғимга ниятларимни айтдим. У мени қўллаб-қувватлади. Шу тариқа бундан беш йил аввал ўз уйимизда бешта тикув машинаси билан оилавий тадбиркорликни бошладик. Дастлабида бир хил, яъни аёллар кўйлаги тайёрланди. Аста-секин машиналар сони ҳам, маҳсулот тури, ҳажми ҳам кўпайиб, хонадонимиздаги цех торлик қилиб қолди.
Шундан кейин цехимизни замонавий корхонага айлантиришга қарор қилдик. 2009 йилда банкдан юз миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Ушбу маблағ ҳисобидан бўш турган бинони таъмирлаб, ишлаб чиқаришга мослаштирдик. Иш унумдорлиги юқори бўлган 35 та хорижий тикув машиналарини сотиб олдик. Янги иш ўринларига туманимиздаги ижтимоий-иқтисодиёт коллежида тикувчилик касбини эгаллаган ёшларни таклиф этдик. Маҳалламиздаги анча ишсиз қиз-жувонлар ҳам ишли бўлишди. Эндиликда қирқтадан ортиқ тикув машиналаримизда шунча киши меҳнат қилмоқда.
Албатта, ҳар қандай ишлаб чиқаришни ташкил этишдан мақсад - халқ турмуши фаровонлигига хизмат қилувчи, зарур маҳсулотларни етказиб бериш. Истеъмолчи ва бозор талабини ўрганиш орқали бугунги кунга келиб, ўн икки турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдамиз. Улар орасида болалар спорт кийими, эркаклар ва аёллар футболкаси, ички кийимларига талаб катта. Ўз маҳсулотларимизни келгусида экспортга чиқаришга ҳозирлик кўрмоқдамиз.
Ишлаб чиқариш ҳамиша изланишни талаб қилади. Бозор эҳтиёжини ўрганган ҳолда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, пайпоқ ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Ҳисоб-китобларга қараганда, бизнинг маҳсулотимиз нисбатан арзон ва сифатли бўлишига эришамиз. Ҳозирги кунда Хитой халқ республикасидан ўн икки та пайпоқ тўқиш дастгоҳлари олиб келинмоқда. Пайпоқ тўқиш цехимиз ишга тушгач, яна ўн иккита янги иш ўрни яратилади.
Қўрғонтепа тумани 5-Марказий сайлов округидан туман Кенгаши депутатлигига сайланганман. Ҳар шанба куни Усмон Юсупов номли маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчиларим билан учрашаман. Айни кунларда маҳалла фаоллари билан бирга ички йўлларни асфальтлаш, ичимлик суви етказиб берувчи насосларни таъмирлаш ва кўприк қуриш масалаларини ҳал этмоқдамиз.
Ҳаётимиздаги ўзгаришлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишларининг барчаси мустақиллигимиз мевасидир. Шу боис ҳам ҳар биримиз мустақиллик берган неъматларга шукроналик билан яшашимиз, улуғ мақсад йўлида одимлаб бораётган юртимиз равнақига имконимиз борича ҳисса қўшишимиз зарур.
Чунки халқ, Ватан саодати - менинг, халқимизнинг саодатидир. Агар бугун ҳар биримиз "Мен Ватанимнинг гуллаб-яшнаши учун нима қилдим?" деган савол билан яшасак, орзу қилганимиз - келажаги буюк давлатни шунчалар тезроқ қура олган бўлардик.
Корхонамизда ишлаб чиқариш ҳажми ортиши билан корхонамиз томонидан олиб борилаётган ҳомийлик, меҳр-мурувват ишлари кўлами янада кенгайди. "Мурувват уйи"га 500 минг сўм ёрдам қилдик, еттита кам даромадли, серфарзанд оилаларга кўмак бердик. Иқтисодиёт коллежининг аълочи ўқувчиларидан ўн беш нафарига корхонамизнинг мукофотларини топширдик. Бу каби саховат ишларини янада кўпайтириш ниятидамиз.
Оиламиз, фарзандларимиз келажаги, уларнинг фаровон яшашларини таъминлаш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Қизимиз машинасозлик олийгоҳининг тўртинчи босқич талабаси, ўғлимиз эса тўқимачилик олийгоҳига ўқишга кириш учун ҳужжат топширди.
Юртимизда яратилган кенг имкониятлар сабаб, оилавий тадбиркорлигимиз янада юксалмоқда. Ягона мақсадимиз юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдир.
Муҳаббатхон ЙЎЛДОШЕВА,
Қўрғонтепа туманидаги "Ал-Маъруф Жавлонбек файз"
хусусий корхонаси раҳбари, туман кенгаши
депутати.
|