№34, 09.08.2012 ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ
КИБР
Нафсиламбрини айтганда кибр ландавур, зеҳнсиз, заиф кишиларда бўлмайди. Аксинча, озми-кўпми салоҳиятли, қўлидан бирмунча иш келадиган одамларда туп қўяди.
Улар зукколикка эга бўлмайди-ю, аммо ақллари бисёр бўлишини жуда-жуда хоҳлайди ва билимдонларга ўхшаб кўриниш учун чиранаверади, чиранаверади. Ҳали у "улуғ" кишига, ҳали бу "зўр"га тақлид қилади. Бўйи паст бўлса ҳам димоғини томга қўйиб гапиради. Ҳатто кулишлари-ю, гап ташлашлари ҳам қайсидир "аллома"ники!
Мен бир ҳақиқатни англадимки, вагонлаб китоб ўқиб, уни ёдлагани билан олим бўлмас экан, маъни деган нарса унча-мунча кишида Ватан қурмас экан ва қиссалардан ҳисса чиқаришни Худо буюрганга буюраркан.
Бир одамни биламан, ҳали унинг, ҳали бунинг этагини тутиб, уларга ёқишга уриниб юради ва гоҳида уларнинг қаторида ўтиришга муяссар ҳам бўлади. У кўп китоб кўргани, "фалонийлар"ни танигани учун шу қадар ҳаволанадики, ўзи тўртта ғўрани ўрикка айлантирмай туриб, жами мевали боғларга тош отаверади - ҳар гапида ўнта китобдан кўчирма келтиради, "билимларини" шағалдай қаршингизга тўкиб, уюб ташлайди. Даврада кимдир биров ҳақида ижобий гапирса, у ё бу хусусда мулоҳаза билдирса, гапингиз оғзингиздан узилмай туриб, "э, у олим эмас", "э, унинг ихтироси омонат", "унинг савияси паст" деб ўзининг ўта зукколигини пеш қилаверади. Аввалига мен унга ихлос қўйиб, унинг олимликка интилиши, китобсеварлигини жуда ҳурмат қилардим. Айрим ўринсиз "бурроликлар"ини ҳам билими кўп одам дарвеш бўлади-да, деб кечирардим... Яхшироқ кузатсам, у бировнинг елкаси, бировнинг юзига оёқ қўйиб тепага ўралайдиган, кўнглига келса, ҳатто ўзининг энг яқинларини ҳам эзғилаб ўтадиган, китоб тутган қўлини ҳалолу харомга бирдай ураверадиган баттол экан. Шайтонлик ҳудди шу эмасми?! Чексиз билим тўплаб, уни фақат ёмонлик учун ишлатиш Шайтоннинг қўлидан келади, холос. Аллоҳнинг ҳукмини қаранг, илмга адолатли бўлганда камол, илмга кибр, харом аралаштирса, ИБЛИСЛИК насиб этиб турибди-я!
Шу бола элнинг назаридан қолди, биров унинг йўлини тўсмади, рақибга йўлиқмади, аммо кундан-кунга баҳоси пасайиб, ўрни йўқолиб бораверди. Уни илм урди, ўқиб амал қилмаган китобларининг уволига қолди.
Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил, деган фалсафани ҳар бир ютуғимизнинг муқовасига ёзиб қўйишимиз керак экан. Атрофимизда мавжуд бўлган катта-ю кичик неъматнинг барига таъзимда турмоқ лозим экан. Мана шу хокисорлик йўлимизни очиб боради, элнинг дуосига сазовор этади. Кишини бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам элнинг назаридир!
МУҲАББАТ
Дунёдаги жами мавжудот ҳароратга талпиниб яшайди. Қуёш каби муҳаббат ҳам нур манбаидир...
Кунлардан бир кун мўъжиза рўй беради. Одамлар орасидаги бир кишидан сизга нур тушаётганини туясиз. У бутун жисму жонингизга ёйилади ва умрингизда биринчи бора ўзингизни астойдил кўра бошлайсиз. Бу муборак нур жами каму кўстингизни титкилаб, юзага олиб чиқади. Қаттиқ уят туйғуси уйғонади. Жон-жаҳдингиз билан ўзингизни соз-лашга киришасиз. Биров кўрмаган айбларингиз, гувоҳсиз содир этган гуноҳларингизни ювишга тушасиз. Табиатингиз ҳалим тортади. Ич-у ташингизда яхшиликка мойиллик содир бўлади. Ҳалиги нур сизни тинмай таъқиб этаверади, ички дунёингизни ёритгандан ёритаверади. Бора-бора ҳаётингизда Инқилоб юз беради: одамлар сизда шу кунгача бўлмаган янги иқлимни кўра бошлайдилар, энди сиз атрофга ҳам ёқа бошлайсиз...
Ҳақиқий ишққа йўлиққан кишигина поғонама-поғона покланиб боради. У покланган сари заминга қараб эгила боради. Эгилган сари эса атрофида ўзидан кўра минг карра аълороқ неъматлар борлиги, ўзидаги фазилатлар уларнинг олдида ҳали бери ҳеч нарса эмаслигини англаб боради...
Инсон кўнгил қўйган одамини аслидан кўра-да ортиқроқ баҳолайди, тинмай унда афзалликлар кашф этади, унинг ҳар бир сўзи ва ишидан мўъжиза қидиради ва топади ҳам. Кўнгил қўйган кишисини баланд қояга ўзи олиб чиқиб қўйиб, ўзи унинг пойига ҳокисор йиқилади, унга нолойиқман, деган андиша кўнглига келаверади. Ана ўшандан кейин зўр бериб ўзини олиб қочишга тушади. Рўпара келса, мувозанатини йўқотиб, ўзини кичрайиб, майдаланиб бораётгандай ҳис этади. Бу ҳаргиз камчиликларим ошкор бўлса, ёқмай қоламан деган қўрқув эмас! Шундоқ буюкликни ўзимники бўлсин деб, таъма қиляпманми деган андиша бу! У - Қуёш, мен зарраман - яқин келса, эриб йўқ бўлиб кетаман, деган хавотир бу! Мана шу ҳолат Муҳаббат содир этган Буюкликдир!
Турсуной СОДИҚОВА
|