№34, 09.08.2012 ҚАТРА
ИБРАТ
- Сен боланинг дастидан маҳаллада тинчлик борми, йўқми? Нуқул зараркунандалик қилганинг-қилган. Қани, чақир онангни, муштумзўр ўғлининг нима қилганини бир эшитиб қўйсин.
Садоқат ҳовлисидаги шов-қиннинг сабабини билмоқчи бўлиб, ташқарига чиқар экан, эшикда қўшни маҳаллада турадиган Сотим устанинг ҳадеб ўғли Самадни ўдағайлаётганини кўрди.
- Ҳай-ҳай уста ака, нима бўлди ўзи, - деганича улар томонга ошиқди.
- Шоввозингиздан сўранг, бўлмаса, ўғлингиз боламдан икки ёш катта. Уни уриб, кўчада бурнини қонатибди. Боламни зўрға шу аҳволда уйингизга бошлаб келдим. - Мушукдай шалпаймай онангга айт ҳаммасини. - Самадга зуғумини кучайтирди Сотим ака.
Самад илкис устанинг кўзига тик қаради. Сўнг ўзидан бўйи бир қарич баланд Алишерга нафрат билан боқди.
- Кўчадаги гапни уйга ташиш йигит кишининг иши эмас, кўчада қилинган нарса ўша ерда қолиб кетди, - деганча катта - катта одимлар билан ҳовлини тарк этди.
Ўртага пашша учса билингудек сукунат чўкди.
Сотим уста эса ўн тўрт ёшли ўғлига қараб "Аттанг, аттанг" деб эшикдан қандай важоҳат билан кириб келган бўлса, шундай ювошлик билан чиқиб кетди.
Дурдона МУХТОРОВА,
талаба.
|