№35, 15.08.2012 АНДИЖОН
Бобур Мирзо соғинган ҳур, азиз макон, Андижон,
Кўзларимга нур бахш этган танимга жон, Андижон.
Дунёларга жило берган нақшсан сен ўзгача,
Танҳо топган бахтимдирсан дўст-қадрдон, Андижон.
Маҳлиёдир олам сенга, ҳатто кўкда ҳилол ҳам,
Нодиранинг байтларига ажиб маржон, Андижон.
Машраб кўнглин чироғисан, Чўлпон дилин машъали,
Хаёлларим ранглаган бахт, қувончга кон, Андижон.
Самовотдан ёғилгай сенга бисёр неъматлар,
Не-не жабр-жафо кўрдинг эй онажон, Андижон.
Жаннатдирсан - Аллоҳ назар ташлаган диёрдирсан,
Кимлар етди бу кунларга кимга армон, Андижон.
Қаддинг баланд, қадринг осмон каъба каби улуғсан,
Нуриллога она бўлдинг - сенга ўғлон, Андижон.
Нурилло ТЎХТАСИНОВ,Пахтаобод тумани.
|