№35, 15.08.2012 ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ
СЕВГИ
Дейликки, "севдим" деган кимса гуноҳлар содир этяптими, дилозорилик ёки хиёнат қиляптими, мен шу қизга уйланишим ёҳуд шу йигитга турмушга чиқишим шарт деяптими, тамом, у муҳаббат эмас. У шунчаки ёқтириш. Ёқтиришнинг эса сони кўп! Муҳаббат бетакрор, муҳаббат биттадир.
Муҳаббатга эришган юрак ТАЪМА ҚИЛМАЙДИ, "Сен ҳам мени сев", демайди. Дунёда бору йўғини, ҳатто жонини-да қўшиб ҳадя этишга тайёр. У неча йиллар кутганим - шундоқ улуғ кишимни ўтин-кўмирга аралаштирайми? Ўзимдан-да ортиқ кўрганим - шу зотни рўзғорнинг яхши-ёмон ишлари билан уринтирайми? Йўқ, мен уни юрагимнинг энг тўрига ўтқазиб, ўлгунимча бағримда кўтариб юрай! Яхшиямки, Аллоҳ юрак исмли хилқатни яратган!
Муҳаббат ёруғ дунёдан орттирган энг муборак хазинангиз, суйган кишингиз эса энг асраган неъматингиздир. Муҳаббатнинг азиятини ўзингиз тортганингиз учун кўнглингизни яширин тутасиз. Уни мен ҳам суйишимни билиб қолса, ўтига ўт қўшилмасин, дейсиз.
Бу дунёни кўзингизга камалак рангида кўрсатадиган, ҳар куни ҳар хил эртак айтиб сизни улғайтирадиган шу МУҲАББАТДИР. Уни орзу қилиш, унга хаёлан эргашиш ва у билан хаёлан гаплашишдай бахт йўқ!
Муҳаббатни моддий нарсага айлантирмаслик жоиз. Уни умр деб аталган карвоннинг бошига маёқ қилмоқ, рўзғор деган маконнинг тепасига чироғ этиб илмоқ даркор. У шундай озорсиз нурки, бутун ҳаётингни холисона ёритиб, илиқлик ва тўлиқлик бахш этиб туради.
Рўзғорингизга ҳам ҳалақит бермайди, деяпман. Худди шундай. Ҳаётингизда текислик бўлса, яхши тутум ва яхши рўзғор эгаси бўлиб, атрофдан яхши баҳо олсангиз, юракларингизнинг яширин жойлари билан "Шу жиҳатларимни ўша одам кўрсайди" деб олис бировга илинасиз. Ҳар хато қилганда "Мана шу ҳолатимни ўша одам кўриб қолса, нима бўлардия" деб, иззалик ичра ўзингизни ростлашга тушасиз. Фарзандларингизнинг энг чиройлигини унга кўрсатгингиз, энг олий таомлар тайёрлаб хаёлан унинг олдига қўйгингиз келади. Жуфтингизнинг ҳурматини ҳар бора жойига қўйганингизда, жуфтингиз сиздан мамнун ва ризо бўлган пайтларни ҳам ўша олис биров кўришини хоҳлайсиз. "Мана, яхши одам бўлдим, менга қўйган меҳр ва ихлосингни бир умр оқлаб яшаяпман", дегингиз келади ва деб яшаб борасиз...
Сиз кўнгил қўйган кишингизга бир умр бахт тилайсиз. Унга азиз бўлган нарсалар сиз учун ҳам муқаддасдир. Суйган кишиси ўзга ёр билан ял-ял ёниб ўтиришини кулиб қутлашга қурби етган, муҳаббатга суяниб яшашни, тозариб яшашни бахт деб билганлар ҳақиқий бахтиёрдирлар.
Инсонни бутун ушлаб турадиган топишув, висол эмас, менинг наздимда, айрилиқдир, ҳижрондир. Кўнгил қўйган кишингни бир кўриш умиди, овозини бир бор эшитиш илинжи, унинг хаёллари билан яшаш лаззати сени ўлдирмай сақлайди, ўлгани қўймайди.
Ер куррасини эса бир-бирини қидирган йўллар, кимларнидир соғиниб бўзлаб бораётган сўқмоқлар ўраб, чирмаб сочилиб кетишдан асраб туради. Пок Муҳаббат насиб этсин, Севги буюрсин Сизга.
РАШК ВА ВАФО
Оилага кушанда бўладиган хавфларнинг бири - рашкдир. Рашк - асли муҳаббатдан туғиладиган ширин бир туйғу. У ҳаргиз тилга кўчмайдиган, ҳатто юзу кўзга ҳам балқимай, юракнинг тубида зинғиллаб турадиган, инсоннинг гўзал руҳий ҳолатидир. Кимнинг маънавий дунёси бой бўлса, рашки шунча пинҳона. Кимларнингдир эса жами қусурлари рашк туфайли фош бўлади.
Қиз бола ота-онанинг бағридан, ёруғ дунёни таниган остонасидан воз кечиб, ҳамма яхши ниятларини куёвнинг хонадонига атаб, таъзим ила "Бир умр сизларники бўлдим", деб кириб келади. Куёв ҳам уни бир умрга кутиб олаётгани, уйнинг тўрини-ю, қалбининг қўрини фақат унга атаётганини, карнай-сурнайлар билан тўрт тарафга овоза қилади.
Айтинг-чи, биродар, шу қадар қиммат кишингни, ёнингдаги бир умрлик ҳамдамингни, яхши-ёмон кунларингда тиргак бўладиган, беғубор кунларда топган покиза жуфтингни рашк даъвоси остида, аллақандай поку нопокларга хаёлан рўпара қилишга ҳамиятинг қандай чидайди? Ёниб-куйиб, рашк ғавғосини кўтармасдан аввал эътибор бер: борди-ю жуфтинг сенга бефарқ бўлиб қолган бўлса, дарров эсла, унга қай вақт-лар кўпроқ ёқардинг, у қай фазилатингни қадрларди: қай вақт , қай ҳислатингдан завқланарди? Ўша ишларнинг қайси бири сенда канда бўлибди, нимани унутибсан, дарҳол тикла! Ойнакка қара-чи, ҳамма нарсанг ярашимли турибдими? Қай кўйга тушсанг туш, унинг ихлосини қозон!
Рашкчилар қулоғига бир гап айтай: аввало, жуфтингизнинг кўнглини эҳтиёт қилинг. Агар у сингудай бўлса, сиз ҳам бутун бўлмайсиз. Яна шуни сўзлайки, кимки ўзида ўғирликка мойиллик бўлса, бошқалардан ҳам гумонсираб, ҳадик олиб юради. Ўзи нопокка дунёда тўғри одам йўққа ўхшаб кўринади. Ҳушёр бўлинг, ўринсиз тергашларингиз билан шахсий қусурларингизни фош этиб қўйманг тағин!
Турсуной СОДИҚОВА
|